ФАРОВОНЛИК ВА ОБОДЛИК ЙЎЛИДА

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Ўзбекистон нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан бу йили давлат субсидияси, ижтимоий буюртмалар, грантлар учун 6 миллиард сўм ажратилган. Ундан 2,13 миллиарди давлат субсидияси учун, 1, 074 милларди ижтимоий буюртмалар учун, 2 миллиард 626 миллиони ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар учун ажратилди. 7 та йўналиш бўйича танлов ўтказди. Ҳар бир лойиҳага 15 миллион ажратилди” – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси депутати Ойиша Охунова.

Бизнинг ташкилотимиз ҳам ўтган йили Фонд томонидан молиявий қўллаб-қувватланган эди. “Оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш мақсадида Урганч шаҳридаги “Феруз” ва “Тозабоғ” маҳаллаларининг ишсиз аёлларига қисқа ўқув курсларида ҳунар ўргатиш ва уларни тадбиркорликка йўналтириш” мавзуидаги лойиҳани муваффақиятли амалга оширган эдик.

“Қариндошлар ўртасидаги никоҳ ва эрта туғишнинг олдини олишда, ёшларни юксак одоб-аҳлоқ тамойиллари асосида тарбиялашда оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш” мавзуидаги иккинчи лойиҳамизда ҳам худди ўша “Тозабоғ”, “Феруз”, “Умид” маҳаллаларида фаолият юритаяпмиз.

Мақсадимиз – жамиятда хотин-қизлар, ёшлар фаоллигини оширишга кўмаклашиш, вужудга келаётган муаммоларнинг ечимини топишга ёрдам бериш, хотин-қизлар қўмиталари, давлат муассасалари, бошқа жамоат ташкилотлари, ННТ лар билан манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган ҳолда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, оналар ва уларнинг фарзандларини ҳимоя этиш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдан иборат.

Белгиланган вазифаларни амалга оширишда ташкилотимиз вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Урганч шаҳридаги “Феруз”, “Бинокор”, “Навбаҳор”, “Тозабоғ”, “Умид” маҳаллалари билан мунтазам равишда ўзаро ҳамкорлик қилиб келяпти. Ўтган даврларда “Навбаҳор” маҳалласининг кам таъминлаган оилаларда истиқомат қилаётган хотин-қизларга тикувчилик ҳунари ўргатилди. “Тозабоғ” маҳалласининг ижтимоий ҳимояга муҳтож оила болаларига эса компьютер сабоқларидан таълим берилди. Шунингдек, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси билан ҳамкорликда “Журналистларни компьютер ва интернетга ўқитиш” мавзусидаги лойиҳа амалга оширилди. Лойиҳа натижасида 65 нафар журналист малака оширишга муваффақ бўлишди.

Марказ томонидан ишлаб чиқилаётган қатор лойиҳалар асосан уйи ва рўзғоридан ортиб, бирон фойдали ишга жалб қилинмаган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга, уларнинг ҳаётдаги фаоллигини оширишга, хуқуқий маданиятини янада юксалтиришга қаратилган. Ушбу маҳалла хотин-қизлари лойиҳа доирасидаги фаолиятда олти ой давомида тикувчилик, каштачилик, бисер тўқиш, қўлда кийим тўқиш ва қандолатчилик сир-асрорларини ўрганишди. Ўқув курси якунида “Бизнесни қандай бошламоқ керак?” мавзу доирасида бир кунлик семинарда ҳам иштирок қилдилар. Бундай семинарлар аёлларга ўрганган ҳунарини ҳаётда қўллай билишларига ёрдам беради. Уларда ўзига ишонч, яқин кишиларига нафи тегаётганидан қувониш туйғуси қарор топди.

Яна ўқинг:  2012 ЙИЛ ТАРИХ САҲИФАЛАРИДА

Саъй-ҳаракатларимиз самара беряпти. Бошқа маҳаллаларнинг аёллари ҳам марказимизга мурожаат қилиб, ҳунар ўрганиш истагини билдиряптилар. Хайрли ва эзгу ишларнинг ташаббускори, ижодкори нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан маҳаллалар, таълим муассасаларининг ҳамкорлиги натижасида инсонлар манфаат кўраяпти ва оилалар обод бўляпти.

Д.БЕКЖОНОВА,

Урганч шаҳри

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: