ФИДОЙИЛИК ИНСОННИ УЛУҒЛАЙДИ

Олим ва педагог.

360 дан зиёд илмий асарлар, дарсликлар, қўлланмалар ва илмий мақолалар муаллифи.

Мустақил Ўзбекистоннинг “Атроф-муҳит муҳофазасининг ва экологик таълим тарбияни барқарор ривожлантириш концепцияси” га асос бўлган дастлабки қўлланмани тузган педагог-олим.

Халқаро экология академиясининг ҳақиқий аъзоси, биология фанлари доктори, профессор Аҳматқул ака Эргашев ҳаётининг ярим асрини соҳа ривожига бағиш­лади. У олим ва педагог сифатида эл-юрт ҳурмати ва эътиборини қозонди. Унинг умр йўллари, иш фаолияти ёшлар учун ибрат мактабидир.

Одамлар қалбининг

чароғи билим,

Балодан сақлашнинг

яроғи билим,

Илмдан яхшироқ

хазина йўқдир,

Қўлингдан келгунча

териб ол уни.

Аллома Рудакийнинг бу пурмаъно сўзлари Аҳматқул ака учун ҳаётий дастурга айланди. Ўзбекис­тон Миллий университети (ўша пайтда Ўрта Осиё Давлат университети)нинг биология тупроқшунослик факультетини имтиёзли тугатган ёш мутахассис Ўзбекис­тон Республикаси Фанлар академиясининг Ботаника институтига йўлланма билан келиб, дастлабки олимлик фаолиятини бошлади. У Ўрта Осиё ҳудудидаги турли минтақаларда жойлашган табиий сув ҳавзаларининг гидрогеологияси, гидрокимёси, уларда учрайдиган ўсимликларнинг турлари таркиби, тарқалиш ва тақсимланиш қонунларини аниқлаш борасидаги илмий экспедицияларда ёзнинг жазирамаси, қишнинг изғирини демай фидойилик кўрсатди.

Меҳнат ва билим тажрибасига таянган ҳолда “Ўрта Осиёнинг сунъий сув ҳавзаларида ўсадиган ўсимликлар дунёсининг ўзига хос хусусияти ва аҳамияти” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, 1989 йили профессор унвонини олишга сазовор бўлди. А. Эргашев бунда ота-­онасининг дуолари ҳамда устозим Аҳрор Музаффаровнинг муносиб ўрни борлигини доимо таъкидлаб келади.

– Ўз тарихини билмаган одам келажагини бунёд қилолмайди. Тарих, маърифат, маданиятни ҳам ўрган, – дерди устозим. Кўп йиллар давомида биология фанининг ривожига муносиб ҳисса қўшгани боис бугунги кунда устознинг номи абадийлаштирилиб, Марғилон шаҳридаги билим юрти ҳамда Чўпон ота даҳасининг кўчаларидан бирига академик Аҳрор Музаффаров номи берилди, – дейди Аҳматқул ака.

Истеъдодли олим А. Эргашев кўп йиллик илмий изланишлари давомида Турон текисликларидан Қозоғистон шарқий ҳудудида жойлашган Зайсан, Мархакўлгача ва Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон ҳудудларидаги 120 дан зиёд турли табиий ва сунъий сув ҳавзалари, канал зовур, ҳовуз, сув омбори, Помир-Олой-Тянь-Шань юқори тоғ кўлларининг гидрогеологияси, гидрокимёси ва гидробиологиясини ҳар томонлама ўрганди. Уч мингдан ортиқ ўсимликларнинг турлар таркиби, уларнинг тарқалиши, экологияси ва аҳамияти, жумладан 40 дан зиёд янги сув ўтлари турларини аниқлади.

Яна ўқинг:  Оловранг товуқ йили бизга нималарни ваъда қилмоқда?!

А. Эргашев Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика инс­титутининг “Ботаника”, “Экология ва табиатни муҳофаза қилиш” кафедраларида мудирлик вазифасида фаолият юритди. Педагогик фаолиятида ҳам 360 дан ортиқ илмий асарлари чоп этилган бўлса, 18 та илмий монография, 8 та экологияга оид дарслик, 10 та ўқув қўлланмаси, 350 дан зиёд илмий мақолалари билан илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган. Мақолалари рус, инглиз тилларида Москва, Киев, АҚШ каби мамлакатларнинг илмий журналларида чоп этилганлиги боис А. Эргашевни хорижий мамлакатларда ҳам танишади. Шунингдек, ўндан ортиқ номзодлик ҳамда докторлик диссертациялари ҳимоясига ҳам раҳбарлик қилган.

Олим илмий-педагогик фаолияти давомида (сунъий) сув ҳавзаларида етиштириладиган ўсимлик­лар дунёси, Ўрта Осиёдан оқиб ўтадиган ирмоқларни аниқловчи омиллар борасида қатор илмий ишлар, дарслик ва ўқув қўлланмаларини яратди. Ўзбекистонда экологик таълим ва тарбияни боғча-мактабдан бошлаб узлуксиз олиб боришга асос солди. У “Альгология”, “Гидроэкология”, “Экология” ва “Табиатни муҳофаза қилиш” фанларининг ривожига катта ҳисса қўшган олим сифатида қадрланади.

Ўзбекистон мустақиллиги йилларида давлат томонидан мамлакатдаги экологик ҳолатни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар бошланди. Ўзбекистон Республикаси табиий фанлар академияси ташкил этилишида олим фаол иштирок этди. Унга экология ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўлимига раҳбарлик қилиш каби масъулиятли иш топширилди. Ушбу академиянинг мухбир а­ъзоси сифатида тўқсонинчи йиллар охирида Халқаро экологуманитар ўқув академиясини ташкил этишда ташаббус кўрсатди. Бугунги кунда А. Эргашевнинг ўғли Темур Эргашев ҳам отасининг изидан бормоқда.

Ўзининг илм-фан олдидаги масъулиятли ишидан ортиб Аҳматқул ака фарзандларига муносиб таълим берди. Ота-боболаридан қолган 7 мингдан зиёд жаҳон адабиёти дурдоналарини авайлаб-асраб фарзандлари, набиралари ва шогирдлари учун оилавий кутубхона – бебаҳо хазина ташкил этди. Шунингдек, бу кутубхонада шажараси акс этган китобни ҳам ёзиб армуғон этди.

Эркин Зарипов,

биология фанлари номзоди

М. ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: