ЗАРАРЛИ КАНЦЕРОГЕН МОДДАЛАР

Улар қандай хавф туғдиради?

Ҳозирги вақтда атроф-муҳитни канцероген полициклик ароматик моддалар билан ифлослантирувчи объектлар аниқ. Канцероген (рак хасталигини келтириб чиқарувчи) карбонсувларни ҳосил қилувчи салбий омиллар қуйидагилар: иситиш, энергетик тизимларда ҳосил бўладиган тутун ва чиқиндилар, автотранспорт воситаларини дудбуронларидан чиқадиган газлар, қурумлар, саноат корхоналарининг чиқиндилари, кўча чанглари, елим идишлар (бакалашка, пластмасса, резина, хазон ёқиш) ва шу кабилар.

Кейинги йилларда дунёда ўсма (рак) касалликларининг сони тобора ортиб бораётгани сабабли жаҳондаги энг нуфузли экология ва тиббиёт соҳасига доир илмий марказлар канцероген моддалар пайдо бўлиши ва уларнинг ҳавода тарқалишига катта аҳамият бермоқда. Бу экологик таназзулга элтувчи жараённи кузатиш, олинган далилларни таҳлил қилиш, турли-туман канцероген моддалар сабабли келиб чиқадиган хасталикларнинг олдини олиш ҳозирги куннинг асосий муаммоларидан биридир.

Саноат корхоналари ва транспорт воситалари кўп бўлган шаҳарларда полициклик ароматик карбонсувлар таркибида энг канцероген фаол моддалар миқдори юқори бўлар экан. Қишлоқларда аксинча, канцероген моддалар атмосфера ҳавосида анча камроқ кузатилади.

Хорижлик олимларнинг кузатишларига кўра бензопирен атмосферада очиқ ҳавода 1 минг 485 км. ли масофага тарқалган. Ёғингарчилик даврида бу масофа 1 минг 158 км. ни ташкил қилган. Қизиғи шундаки катта бир ҳудудда унинг тарқалиши ҳар хил, жумладан, шаҳарларнинг катта ва транспортлар серқатнов кўчаларида канцерогенларнинг концентрацияси (зичлиги) кичик кўчалардагига қараганда анча юқори. Шуни айтиш керакки, автотранспорт воситаларининг сони шиддатли ўсиб бормоқда. Шаҳар экологиясини бензопирен ва бошқа канцерогенларни ҳисобга олганда энг кўп бузаётган объект, бу автотранспортдир. Кейинги вақтларда унинг ҳисобига канцероген моддалар 10-25 фоизга кўпайди.

Бензопиреннинг ҳаводаги миқдори баъзи бир саноат корхоналари жойлашган ҳудудларда кўпроқ учрайди. Жумладан, металлургия саноати корхонаси атрофида, кимё корхоналари, нефтни қайта ишлаш ҳамда асфальт, альюминий, никель заводларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бензопиреннинг тарқалиши шаҳар ҳудудларида миқдорига қараб қуйидагича, яъни энг кўп миқдор автомагистраль кўчалар ҳавосида, сўнгра саноат корхоналари жойлашган минтақада, яна турар жойлар ҳавосида, энг кам миқдордаги канцероген моддалар эса дарахтзорлар, парклар, хиёбонлар атрофидаги ҳавода учрайди. Олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижасида атмосфера ҳавосидаги бензопиренни ўртача йиллик рухсат этилган миқдори 1 мг/м3га тенг. Бу миқдор организмда саратон касаллигини пайдо қилмайди ва хавотирга ўрин йўқ.

Яна ўқинг:  Соғлом турмуш тарзи астма касаллигидан сақлайди

Одам организмига атмосфера ҳавоси орқали фақат канцероген моддалар тушибгина қолмай, балки бошқа кимёвий моддалар ҳам киради. Уларнинг организмга салбий таъсири йил сайин анча кучайиб бориши кузатилади. Унинг устига атмосферада чанг, кул, қурум ва заҳарли газлар билан ифлосланган ҳавонинг биологик хусусиятлари ҳам ўзгаради. Ҳаво худди сунъий ҳавога ўхшаб қолади. Яъни, ҳаво заҳарли моддалар билан тўйинади, унда оғир ионлар кўпаяди. Қуёш нурининг атмосферада тарқалиши, ергача етиб келиши ҳам ўзгаради. Оқибатда аҳоли ўртасида сурункали бронхит, ўпка раки ва силдан касалланиш сони кўпаяди.

Кўпгина саноати ривожланган чет элдаги катта шаҳарларнинг санитария ҳолати борган сари ёмонлашиб бормоқда. Бунинг сабаби эса шаҳар биноларнинг зич қурилиши натижасида шамол ҳаракати борган сари секинлашиб, унинг ҳаракатсиз ҳолатга ўтиши саноатлашган ҳудуддаги ҳаво ифлосланишининг кучайишига олиб келмоқда. Натижада ҳаво ҳарорати юқори ва қуруқ бўлиб бормоқда.

Эпидемиологик текширишлар шуни кўрсатадики, саратон (рак) касаллигининг келиб чиқишига кўпгина салбий омиллар сабабчи бўлади. Жумладан, туриб қолган ва эски, шунингдек, муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари, консерваларни истеъмол қилиш, беморларнинг парҳезга эътиборсизлиги чекиш, инфекциялар, паразит касалликлари, ишлаб чиқаришнинг зарарли омиллари, географик ва экологик ноқулай шарт-шароитлар туфайли, спиртли ичимликлар сабабли рак касаллигини келиб чиқади. Демак, саратон касаллиги кўп зарарли омиллар таъсиридан келиб чиқадиган касаллик экан.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра бутун дунёда саратон касаллиги билан 5 миллион киши оғрийди. Уларнинг 2 миллиондан ортиқроғи вафот этади. Кейинги ўн йилликларда дунёда саратон касаллиги билан хасталаниш кўпайиб бормоқда. Айниқса, ўпка, кўкрак бези, йўғон ичак, простата безининг касалланиши ортган. Лейкоз (оққон) касали ҳам кўп учрамоқда.

Ҳозирги замон онкология фани кузатишларига кўра саратон касалининг келиб чиқиши кимёвий, физикавий, экологик ва биологик омилларнинг салбий таъсири ва бу таъсирга организмнинг жавоб реакциясидир.

Кейинги вақтларда айрим канцероген моддаларнинг аҳоли соғлиғига таъсир этиши одамлар ўртасида маълум. Масалан, никель саноати канцероген ҳисобланади. Норильск шаҳридаги никель ишлаб чиқариш корхонасида кўп кишиларнинг ўпкасида ўсма борлиги аниқланган. Қизиғи шундаки, ишлаб чиқариш жараёнларининг ҳамма босқичларида уларнинг сони ҳар хил. Ҳар 100 минг нафар эркакда рудаларни қазиб олишда 29 кишида, рудани тўйинтириш жараёнида 73, уларга қайта ишлов беришда 81 кишида ўпка саратони аниқланган. Бу корхона ичидаги эндоэкологик ноқулайликлар оқибатида келиб чиққан. Яъни бунда никель моддаси ҳаво ва тери орқали организмга киргани кузатилган.

Яна ўқинг:  Хавфсиз ўсмалар

Канцероген моддаларнинг яна бир хавфли томони, уларнинг озиқ-овқат, ичимлик сув билан меъда-ичак тизимига тушиб ўсма касалликларини келтириб чиқаришидир. Олимларнинг фикрича бензопирен ва бошқа канцероген моддалар кўп миқдорда озиқ-овқатлар, гўшт ва сут маҳсулотларида учраб туради. Бензопиренни сув ҳавзаларида учраб туришининг асосий сабабларидан бири саноат корхоналарининг чиқинди сувлари оқова кўринишида очиқ сув ҳавзаларига тозаланмай ташланиши туфайлидир. Улардан ташқари аҳоли турар жойларидаги чиқиндилар ёғингарчилик, сел оқими билан ювилиб сув ҳавзаларининг ифлосланишига сабаб бўлмоқда.

Юқорида номлари тилга олинган маълумотлардан хулоса шуки, канцероген моддалар қаерда бўлмасин улар ерга тушади. Заминдан яна ўсимлик танасига, ҳавога ва ер ости сувларига ўтиб уларни зарарлаши мумкин. Инсон шу атроф-муҳит ичида яшагани учун унинг организмига ҳам ўтиши мумкин. Яъни, ҳам чанг, ҳам озиқ-овқат, сув ва атмосфера ҳавоси билан организмни заҳарлайди. Ўтказилган ўнлаб тажрибалар шуни кўрсатадики, канцероген моддалар қайси экотизим омиллари орқали организмга тушмасин барибир саратон касаллигини келтириб чиқаради.

Канцероген моддаларни атроф-муҳитга тарқатадиган манба ва сабаб бўлаётган объектлардаги технологик жараёнларни янгилаш, иложи борича ҳавога, сувга ташланадиган ушбу моддалар миқдорини камайтириш, уларни чиқиш жойларида зарарсизлантириш, саратон касалликларини камайишида энг катта профилактик ва амалий чора-тадбирлар ҳисобланади.

SHU O‘RINDA

Профессор Л. Шабад, А. Шиминаки далилларига қараганда ер юзидаги бензопиреннинг миқдори 5 минг тоннадан 180 минг тоннага етади. Бу модда канцероген моддаларнинг энг асосий бирикмаси ҳисобланади. Йил давомида АҚШ академияси кузатишларига кўра бу мамлакат бўйича иситиш ва энергетик жиҳозлар ҳисобига бензопиреннинг ҳавога ташланадиган миқдори 500 тонна, саноат корхоналарининг, қишлоқ хўжалик ва коммунал объектлар чиқиндиларининг ёқилиши натижасида пайдо бўладиган ушбу зарарли модданинг миқдори 600 тонна, кокслаш жараёнлари натижасида 200 тонна, автотранспорт воситалари 22 тонна канцероген моддаларни атмосферага чиқаради.

Ҳилола ПРИМУҲАМЕДОВА,

Ўқув-даволаш комплекси тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: