БОЙ БЕРИЛАЁТГАН СОҒЛИҚ ВА ҲАМЁН
Психологларнинг фикрича биз бонг ураётган мавзу мингтадан битта кашандани бу зарарли иллатдан қайтарса ёки кўплаб пассив (нофаол) чекувчиларни огоҳлантирса билинки бу шифокорларнинг улкан ютуғидир. Бирор марта ҳам чекувчи одам ўзининг танасида қандай жараён кечаётгани ҳақида ўйлаб кўрганмикан? Албатта, йўқ. Бироқ, бу хусусида жиддий бош қотирилса фойдадан холи бўлмас эди.
Бир кунда бир қути сигарет чекиш йилда 500 рентген нури билан нурланишга тенг. Ёниб турган сигаретнинг ҳарорати 700-900 даража иссиқлик билан баробар. Одам тамаки маҳсулотларини чекканидан сўнг никотин мияга 7 лаҳзада етиб боради.
Мутахассисларнинг кузатишларига кўра тамаки тутунида 4000 хил турли зарарли кимёвий бирикмалар бор экан. Улардан айниқса, 40 хили ҳаёт учун ўта жиддий хавфли бўлади, дейишмоқда улар. Яъни, ўпка саратони (раки)ни шу бирикмалар келтириб чиқаради. Шунингдек, бу тутун таркибида жуда ҳам зарарли бўлган никотин, бензапирен, цианид, мишякь, формальдегид, ис гази, углерод оксиди, синиль кислота ва радиоактив моддалар бўлмиш полоний, қўрғошин ва висмут мавжуддир. Никотин ўзининг заҳарлилиги даражаси билан синил кислотага тенгдир. Бу эса саратон касалликлари ривожланишига кенг йўл очиб беради.
Франциянинг Ницце ҳудудида ташкилотчилар томонидан ғалати мусобақа ўтказилди. Унинг номи “Энг зўр чекувчи” деб аталар эди. Бу мусобақада “шарафли ном” учун кўпчилик курашди. Аммо уларнинг баъзилари ўлимга юз тутдилар. Икки нафар “зўрдан зўр чиққан” чекувчи 60 дона сигарет чеккач бир неча соатдан сўнг шифохонада дунёдан кўз юмди. Жуда кўпчилик заҳарланди, лекин шифокорларнинг ўз вақтида кўрсатган ёрдамлари туфайли улар омон қолишди. Бироқ, бу “мусобақа” уларга бир умрга сабоқ бўлган бўлса ажабмас. Мудҳиш оқибатларга олиб келувчи бундай мусобақалардан ташкилотчиларнинг мақсади нима эди аслида?
Улар тамаки махсулотларини тарғиб қилишнинг янгича усулларини кашф қилишга ва янада кўпроқ ёшларни ушбу оғу домига тортишга интилишган, десак муболаға бўлмайди. Лекин улар ўзлари билмаган ҳолда антирекламага қўл уриб қўйишганини билишармикинлар? Бу “ажал томошаси” нинг гувоҳи бўлган соғлом фикрли инсонлар ўзларига керакли хулосаларни чиқариб олишган бўлса ажаб эмас, деб ўйлаймиз.
Илк бора сигаретни лабига тутган одамдан сўраб кўрингчи, у қандай “ҳузур-ҳаловат” топган экан? Дастлаб у чекканидан сўнг боши айланганини ва кўнгли айниб, ўқчигани ҳақида Сизга сўзлаб беради. Кейин эса юраги қинидан чиққудек бўлиб, тез-тез ургани ҳамда аъзои бадани оқариб кетганини хотирлайди. Ундан совуқ тер чиқади. Бу барча нохуш аломатлар соғлом одам организмининг никотиндан заҳарланишидан дарак беради. Агар тажрибасиз чекувчи ўз вужудининг заҳри қотилга нисбатан қарши жавоб реакциясига эътибор қаратмасдан чекишни давом эттирса унинг организми аста-секин сурункали заҳарлана боради.
Бу заҳарли модда қон томирларини торайтиради. Шу сабабли тўқималар кислород билан тўйинмайди. Майда қон томир (капилляр)ларнинг торайиши натижасида тери сўлиб, қаримсиқ кўринади.
Бутун дунёда никотин рухсат этилган наркотик модда ҳисобланади. У ҳам худди героин ва шу каби наркотик моддалардай чекувчиларда тобеликни келтириб чиқаради. Аммо никотин аста-секинлик билан организмни забт эта бошлайди. Чекиш ўпка саратонидан ташқари, бу аъзонинг сурункали, обструктив касаллиги ва юрак-қон томир хасталикларини келтириб чиқаради. Айниқса, ўпкалар чекишдан энг кўп зарар кўради. Чунки, тамаки тутуни ўпка эпителий тўқимасини шикастлайди. Юқори нафас йўлларидан ўтиб бурун-халқум соҳаси, кекирдак, трахея ва бронхлар шиллиқ қаватини таъсирлайди. Натижада оғиз бўшлиғида жойлашган сўлак безларидан кўп миқдорда сўлак ва бронхлардан шиллиқ ажралиб чиқади. Бу суюқликлар эса бронхларнинг маълум бир соҳасида тўпланиб қолса, унинг шиллиқ қаватига таъсир этади ва натижада йўтал рефлексини чақиради.
Бу ҳолат қанча тез-тез кузатилса, йўтал ҳам давомли бўлади. Шунингдек, кашандаларнинг иммун тизими ҳам сусайиб кетади. Умуман олганда чекувчиларнинг барча аъзо ва тизимлари тамаки тутунидан заҳарланади. Ўпка касалликларидан бўлган эмфизема (ташқаридан кирган ҳаво ёки тўқималарда ҳосил бўлган газ туфайли аъзо ёки тўқималарнинг кенгайиши) ва сурункали бронхитлар кашандаларда чекмайдиган беморларга нисбатан 10 баробар кўп учрайди. 90 фоиз ҳолатларда ўпка саратонидан ўлим ҳолатининг кузатилиши чекиш билан боғлиқлиги аллақачон исботланган. Ўпка ракини келтириб чиқарувчи моддаларга бензопирен ва радиоктив изотоп полоний-210 киради. Агар кашанда тамаки тутунини ичига ютиб, кейин уни оппоқ матога “пуф” ласа ундан жигарранг доғ қолади. Бу эса тамаки қатронидир.
Чекиш нафақат эркакларнинг балки нозик ва гўзал аёлларимизнинг ҳам овоз пайларини бўғади. Улар хириллаб гапиришга мажбур бўлишади. Териси қаримсиқ ва устидан қўланса ҳид келиб турувчи кашанда аёлдан ҳамма ўзини олиб қочишга ҳаракат қилади. Айрим “назокатли хонимлар” эса ингичка қилиб ишланган аёллар сигаретасини чекишади. Гўё бу билан ўзларининг кашандаликларини яширмоқчи бўлишади. Аммо заҳарнинг зарраси ҳам барибир заҳарда. Энг ёмони тамаки тутунидаги зарарли моддаларнинг марказий асаб тизимига зиёнидан ташқари эркак ва аёлларнинг репродуктив аъзоларини жиддий шикастлаб, келажак наслнинг майиб-мажруҳ бўлиб туғилишига сабаб бўлиши аянчлидир. Ёки никотиннинг бепуштликка олиб келишини улар кеч англашади. Шунингдек, чекувчи аёлларда чала ва вазни кам бола туғилиши, бола тушиши ёки унинг вақтига етиб туғилсада гўдакнинг ўлик туғилиши каби ҳолатлар кўп кузатилади. Мутахассис-наркологлар фикрига кўра кашанда оналардан туғилган чақалоқлар она қорнидаёқ никотингга тобе бўлишар экан. Улар туғилгач қорни тўқ, таги қуруқ бўлсада никотин хумор қилиб чинқириб йиғлашар экан. Бундай вужуди заҳарланган ота-оналардан интеллекти паст ва носоғлом болалар туғилиши бежиз эмас. Чекувчи қизларга келсак, аввало улар бўлғуси она эканликларини унутмасликларини истар эдик. Чекувчилар нафақат ўз организмига зарар етказишади, балки уларнинг атрофида тамаки тутунини ҳидлашга мажбур бўлаётган пассив (нофаол) чекувчиларга ҳам зарар етказишади. Айниқса, улар ҳомиладор аёл, гўдаклар ва қариялар бўлса уларнинг иммунитети янада тушиб кетади.
Наталья Гафнер,
Фтизиатрия ва пульмонология ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази кичик илмий ходими