ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК: аҳоли саломатлигини асрашда муҳим омил

Пойтахтимизда МДҲ давлатлари гепатопанкреатобилиар жарроҳлар уюшмасининг XXII халқаро конгресси ўз ишини бошлади.

Анжуман Ўзбекис­тон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази, МДҲ давлатлари гепатопанкреатобилиар жарроҳлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Россия, Франция каби йигирмага яқин мамлакатдан олим, шифокор ва ёш тадқиқотчилар, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 1998 йил 10 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги фармони асосида соҳа тубдан такомиллаштирилди. Хусусан, касалликларнинг олдини олиш, самарали даволаш, инсонларнинг умрини узайтиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилаётгани фикримизнинг тасдиғидир.

Бу борада В. Воҳидов номидаги Респуб­лика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказининг алоҳида ўрни бор. Ошқозон-ичак йўллари, ўт қопи, жигар, ўпка, умуртқа, юрак ва томир касалликларини даволашга ихтисослашган ушбу марказ минтақадаги етакчи тиббиёт муассасаси ҳисобланади. Жарроҳлик марказида АҚШ, Италия, Малайзия, Россия, Франция, Хитой каби давлатларнинг етакчи клиникалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон тиббиётида эришилаётган ютуқларни юқори баҳолар экан, ўтган даврда мамлакатимизда тиббий хизматнинг жаҳон андозалари даражасидаги ўзига хос миллий модели яратилганини таъкидлади, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларини юқори баҳолади.

Конгресс доирасида мустақиллик йилларида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, жумладан, гепатология ва панкреатология соҳаларида эришилган ютуқларга бағишлаб ташкил этилган кўргазма ва ҳужжатли фильм намойиши тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Шунингдек, анжуманда мамлакатимиз ва дунёда гепатология ва панкреатология соҳаларида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар, истиқболдаги вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икромов сўзга чиқди.

Наврўз НОРБОБОЕВ,

“Sog’lom avlod” мухбири

Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар (2015–37)

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: