ПРЕЗИДЕНТ ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЙИГИРМА ТЎРТ ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ СЎЗИ

Азиз ватандошлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Бугун мана шу гўзал ва муҳташам майдонда сиз, азиз юртдошларимиз билан кўришиш, барчангизни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни биз учун энг улуғ ва энг азиз бўлган Ўзбекистонимизнинг Мустақиллик куни билан чин қалбимдан табриклаш – мен учун катта бахт, катта шарафдир.

Мустақиллик биз учун ҳаётимизнинг маъно-мазмунини бутунлай ўзгартирган, тарихимизда янги саҳифа очган буюк воқеа бўлиб, Ватанимизни, халқимизни эски мустабид тизим кишанларидан озод қилгани, миллий демократик давлат қуриш, барча мамлакатлар ва халқлар билан тенг бўлиб, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлини очиб бергани билан қадрли ва мўътабардир.

Айнан мустақиллик топталган қадриятларимизни, дину диёнатимизни, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, халқимизнинг орзу-интилишларига, миллий манфаатларига жавоб берадиган келажагимизни қуриш йўлини очиб бергани билан тарихимизда абадий сақланиб қолажак.

Айнан мустақиллик шарофати билан мард ва матонатли халқимиз тарихан қисқа даврда амалга оширган оламшумул ишлар туфайли шаҳар ва қишлоқларимизнинг, бутун мамлакатимизнинг қиёфаси тобора очилиб, обод бўлиб бораётгани, аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати юксалаётгани, бугун Ўзбекистонимиз замонавий давлатлар қаторига кираётгани – ўзингиз айтинг, азиз дўстлар, мустақилликка эришмасдан туриб, бундай марраларга етиш мумкинмиди?

Бунга жавоб битта – йўқ ва асло йўқ.

Бу фикрнинг яққол тасдиғини, аввало, босиб ўтган йўлимиз ва мамлакатимиз қўйган қадамларда кўриш, кузатиш қийин эмас.

Ўзбекистонимиз иқтисодиёти, жаҳон миқёсида ҳали-бери давом этаётган инқирозга қарамасдан, истиқлол йилларида 5, 5 каррадан зиёд ўсгани, аҳолимизнинг реал даромадлари жон бошига 9 марта кўпайгани, одамларимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида эса 75 ёшга етгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, албатта.

Мамлакатимиз ер юзидаги энг тез суръатлар билан ривожланаётган давлатлар орасида бугун бешинчи ўринни эгаллагани ва сўнгги ўн бир йил давомида ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш ҳажми 8 фоиздан юқори бўлиб келаётганининг ўзи барчанинг ҳаваси ва ҳайратини уйғотиши табиийдир.

Бугунги кунда дунёдаги энг нуфузли халқаро иқтисодий ва ижтимоий марказларнинг охирги маълумоти бўйича, Ўзбекис­тон “Бутунжаҳон бахт индекси”да 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллагани барчамизга ғурур-ифтихор бағишлайди ва янги уфқларни забт этишга ундайди.

Биз қўлга киритган ўсиш суръатлари, эришган марралар ва уларга олиб келган сабаблар ҳақида, албатта, кўп гапиришимиз мумкин. Лекин бу ҳақда сўз юритганда, бундай улкан ютуқларимизнинг энг муҳим омили ва мезони борки, у ҳам бўлса, замон ўзгариши билан халқимиз, одамларимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури, ҳуқуқий маданияти, сиёсий фаоллиги, фуқаролик масъулияти ва бурчи юксалиб бораётганида намоён бўлмоқда.

Яна ўқинг:  ISTIQLOL SOLNOMASI

Энг муҳими, биз мустақилликка эришган биринчи кунлардан бошлаб эски тузумнинг қолип ва ақидаларидан бутунлай холи бўлган, мустақил фикрлайдиган, ҳаётга янгича қарайдиган, буюк ишларга қодир куч сифатида ёш авлодимизни тарбиялашга қаратилган мутлақо янги тизимни яратдик.

Юртимизда ҳар йили 600 мингдан кўпроқ замон талабига жавоб берадиган ёш мутахассислар – камида икки-учта касб-ҳунарни, чет тилларни, Интернет ва ахборот технологияларини, замонавий билим чўққиларини эгаллаган, ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашувга тайёр бўлган, кўзи ёниб турган йигит-қизларимиз бугун жамиятимизнинг ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи кучига айланиб, ҳаётга кирмоқда. Бизнинг энг катта суянчимиз ва таянчимиз бўлмиш ана шундай ёшларга, ана шундай беқиёс салоҳиятга эга бўлган халқни ҳеч қачон ўз йўлидан қайтариб, енгиб бўлмайди. Бунга барчамизнинг ишончимиз комил.

Азиз дўстларим, юртдошларим!

Ҳеч кимга сир эмас – биз юртимизда ўзимизга хос, ўзимизга мос ҳаёт қуришда шошма-шошарлик, калтабинлик ҳолатларига, пала-партиш ишларга асло йўл қўймадик. Бошқаларга ўхшаб, маррани ким тезроқ эгаллайди, деган мусобақаларга қўшилмадик, ўзгалардан нусха олмадик, узоқни кўзламайдиган “маслаҳатчи”лардан йироқ бўлдик. Энг муҳими, ўз тақдиримизга, келажагимизга енгил-елпи қараб, таклиф этилаётган кредитларга учиб, қарзга ботганимиз йўқ.

Бир сўз билан айтганда, биз ҳақиқатан ҳам “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган принципга амал қилиб, мақсадимизга эришиш учун босқичма-босқич, эволюцион – тадрижий тараққиёт йўлини маҳкам ушладик.

Чуқур ва пухта ўйланган, машҳур беш тамойилга асосланган, бугунги кунда жаҳон миқёсида “ўзбек модели” деб тан олинган стратегик тараққиёт дастурини ишлаб чиқиб, уни амалга оширганимиз, ҳеч шубҳасиз, тарихимизда ўчмас из қолдириши муқаррар.

Азиз юртдошлар!

Биз олдимизга қўйган олий мақсад, яъни, тараққий топган давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш, халқаро ҳамжамиятда юксак обрў-эътиборга сазовор бўлиш йўлидаги эзгу ният ва орзу-интилишларимиз барчамизга яхши маълум, деб ўйлайман.

Шу билан бирга, ҳаммамизга аёнки, биз яшаётган XXI аср, тез суръатлар билан ривож топаётган глобаллашув жараёнлари, интеллектуал меҳнат ва Интернет ҳаётимизга чуқур кириб бораётгани, жаҳон бозорида рақобат курашининг миқёси, кескинлиги ва бешафқатлиги тобора ортиб бораётгани бугунги кунда ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ олдига ўта муҳим ва долзарб талаб­ларни қўймоқда.

Яна ўқинг:  Миллатлараро дўстлик кўприги

Бугун кимки, қайси давлат ана шундай ўткир талабларга итоат қилиб, уларга ҳамоҳанг бўлиб яшамаса, ҳеч шубҳасиз, бундай давлат жаҳон тараққиётининг чеккасида қолиб кетиши муқаррар. Ўзбекистонимизда ҳам бунга йўл қўйишга бизнинг ҳеч қандай ҳаққимиз йўқ, десам, ўйлайманки, бутун халқимизнинг фикрини ифода этган бўламан. Чунки, биз ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва кам бўлмаймиз, иншооллоҳ.

Шу борада бизнинг асосий вазифамиз – мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётимиз ва унинг тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш, ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш ҳисобидан иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини ошириш, жаҳон бозорида ўзимизга муносиб ўрин эгаллашдир.

Бугунги кунда иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришлар сиёсатини амалга ошириш, саноатимизни диверсификация қилиш, юксак технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш тармоқлари ва янги иш ўринларини ташкил этиш бизнинг энг устувор, энг долзарб вазифамиз бўлиши даркор.

Конституциямизда муҳрлаб қўйилган хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривож­лантириш мақсадида бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, унинг йўлида ғов бўлиб турган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётимизда давлат ҳиссасини асосланган даражага қадар қисқартиришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилаётганини барчамиз чуқур англаб олишимиз зарур.

Азиз дўстлар!

Ҳозирги кунда яқин ва узоқ атрофимизга назар ташлайдиган бўлсак, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар, тўқнашув ва қон тўкишлар, низо ва адоватлар кучайиб бораётганини, мухтасар айтганда, вазият ғоят қалтис бўлиб, тобора мураккаб ва кескин тус олаётганини кўрмаслигимиз мумкин эмас.

Бундай ўта таҳликали вазиятда бизнинг олиб бораётган сиёсатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида, халқаро қонун ва нормаларда муҳрлаб қўйилган асосий принцип­ларга риоя қилиш, юзага келадиган қарама-қаршилик ва низоларни зўравонлик билан эмас, фақатгина тинч ва сиёсий йўл билан ҳал этишни, бугунги кунда дунёнинг турли ҳудудларида давом этаётган уруш ва қон тўкиш ҳолатларини сўзсиз тўхтатишни назарда тутади.

Яна ва яна бир бор айтиб ўтишни зарур деб биламан: Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлаштирилишига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймайди. Ўзбекистон давлатининг қонуни даражасига кўтарилган бу тамойилларни, айни шундай чуқур ўйланган йўлни, шундай сиёсатни биз учун энг тўғри, энг маъқул деб биламиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз.

Илгари ҳам айтганман – бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Бу – ўзбек халқининг истаги, бу – ўзбек халқининг мақсади, бу – ўзбек халқининг қароридир.

Яна ўқинг:  ТАЭКВОНДОЧИЛАРИМИЗ МУВАФФАҚИЯТИ

Биз бошимиздан кечираётган замон барчамиздан, аввало, огоҳ ва сезгир бўлиб яшашимизни, тинч ва осуда ҳаётимиз учун, мусаффо осмонимизни ҳимоялаш учун курашишимизни талаб қилади.

Шу мақсадда биз яқин ва узоқ қўшниларимиз билан тил топишиб, ўзаро дўстона муносабатларни, минтақамизда ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада кучайтиришни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз деб биламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган, бизга яқиндан ёрдам ва кўмак бериб, ҳамкорлик қўлини узатиб, доимо хайрихоҳ бўлиб келаётган хорижий мамлакатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотларнинг вакилларини, барча чет эллик меҳмонларимизни самимий қутлашга ижозат бергайсиз.

Азизларим, қадрли юртдошларим!

Бир ҳақиқат ҳеч қачон хаёлимиздан кўтарилмаслигини истардим. Биз йигирма тўрт йиллик мустақил тараққиётимиз давомида қандай улкан ютуқларга эришган бўлсак, турмушимиз янада обод ва фаровон бўлиб, одамларимизнинг ҳаётдан розилиги ортиб бораётган бўлса, бунинг негизида, аввало, тинчлик ва осойишталикни сақлаб, азал-азалдан шундай фазилатларни кўз қорачиғидек асраб, ёш авлодимизни ана шу руҳда тарбиялаб келаётган халқимизнинг фидокорона меҳнати, ақлу заковати, мус­таҳкам иродаси мужассамдир.

Бугун шу юксак минбардан туриб, сиз, азизларнинг номингиздан, шахсан ўз номимдан меҳнаткаш ва бағрикенг, олижаноб халқимизга таъзим қилишни ўзим учун ҳам қарз, ҳам фарз деб биламан.

Оилаларимизни, ҳаётимизни эзгулик ва меҳр нури билан чароғон этиб келаётган, дунёдаги энг гўзал, мунис аёлларимиз, опа-сингилларимизга бахту саодат, хонадонларига файзу барака тилайман.

Мана шу муаззам майдонда жам бўлган сиз ёшларга, сизлар орқали юртимизнинг барча ўғил-қизларига, менинг азиз фарзандларимга ўзимнинг самимий меҳрим ва чуқур ишончимни яна бир бор билдирмоқчиман.

Ишонаман, барча-барчангиз сизга мансуб бўлган куч-ғайрат ва қатъият, изланиш ва яна бир бор изланиш, замонавий билим ва тажрибаларни ўзлаштириш билан ўз олдингизга қўйган эзгу мақсадларга албатта эришасиз, жамиятимизда муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллайсиз.

Ҳеч қачон бўш келманг, азиз болаларим, эртанги кун – келажак сизники!

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Мана шу ҳаяжонли, унутилмас дамларда сизларни Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрами билан яна бир бор табрик­лаб, қалбимда, юрагимда бўлган энг гўзал, самимий тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман.

Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи қўлласин, ўзи мададкор бўлсин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: