ЧАҚАЛОҚЛАР ПАРВАРИШИ

ёш онадан катта эътибор талаб этади

Оилада фарзанд дунёга келгач, унинг парвариши ва тарбиясида ота-она муҳим ўринни эгаллайди. Гўдак вояга етгунига қадар оиладаги катталардан сабр-тоқат, метин ирода ва меҳр-муҳаббат талаб этилади. Болани ўз вақтида эмизиш ва уни тўғри парвариш қилишда онага кўпроқ масъулият юкланади. Бола ҳаётининг биринчи йили давомида ота-онанинг бутун диққат-эътибори унинг кун тартибини ташкил этишга, ҳамда гигиена малакалари, ҳаракат, кўриш, эшитиш лаёқати ва нутқини ривожлантириб боришга қаратилган бўлиши керак. Гўдакни овқатлантириш, ухлатиш, сайрга олиб чиқиш қатъий тартибга солиниши керак.

Болани тозаликка ўргатиш

Чақалоқни ҳар куни ювинтириш, унинг тагини илиқ сув билан ювиб туриш болани тозаликка ўргатади. Гўдак ваннада қувнаб, сувни завқ билан шапиллатадиган бўлади. Бола ўтирадиган бўлгач эса (6-7 ойлигидан бошлаб) унга ваннада қалқиб юрадиган очиқ рангли ўйинчоқлар бериб қўйиш мумкин. Миттивойнинг кийим-кечакларини тез-тез алмаштириб туриш, кийимлари ва йўргакларининг озода бўлишига она катта эътибор қаратиши зарур. Уни таги ҳўллигича ётқизиб ухлатиш мутлақо ярамайди. Шунингдек, бу паллада боланинг ҳаракат фаоллигининг ривожлантиришда унга ёрдам бериш жуда муҳим саналади. Бир ёшгача бўлган болани қорни билан ётқизиш унинг тезда эмаклаб кетишига замин яратади. Қорни билан ётиш одатда боланинг ўзига ҳам ёқади. Чунки, унга бу ҳолатда атрофдагиларни кузатиш осонроқ бўлади. Шу ҳолатда ётқизилганида боланинг қорни тагида қаттиқроқ нарса бўлиши лозим. Шунингдек, бу вақтда уни қаровсиз қолдириб ҳам бўлмайди. Бола эмакласа уни турли йўллар билан рағбатлантира бориш керак.

У эмаклай бошлаганида сал нарироққа ўйинчоқ қўйиб гўдакнинг ўша ўйинчоққача мустақил эмаклаб бориши ва уни олишига имкон бериш керак. Кўпчилик ота-оналар бола ҳаракатларини ривожлантиришда уни эмаклашдан кўра ўтиришга ўргатиш муҳимроқ деб ҳисоблайди. Бу эса нотўғри.

Эмаклашдан кўра ўтиришга эртароқ ўрганган бола нисбатан заифроқ бўлади. Қорни билан ётқизиб қўйилса у йиғлаши ёки атрофдагиларга лоқайд бўлиб, бошини паст тутганча ҳаракатсиз ётавериши мумкин. Болани ўтиришга ўргата бориб, унинг ҳамма томонига ёстиқ қўйиш керак эмас. Чунки, бунда у пассив ҳолатда, ҳаракат қилмай ўтиришга мажбур бўлади. Бу унинг ҳам жисмонан, ҳам руҳий жиҳатдан ривожланиши учун зарарли ҳисобланади.

Яна ўқинг:  ТАНТИ ТАБИАТНИНГ ДАРМОНБАХШ ТУҲФАЛАРИ

Атроф-муҳит билан мулоқотга киришиш (кўриш ва эшитиш лаёқати, товуш реакцияларига жавоб бериш ва нутқ шаклларини ривожлантириш)ни боланинг уч ойлигидан бошлаш керак. Бу даврда у энди атрофдагиларни кузатадиган, таниш нарсаларни фарқлайдиган ва биладиган, уларга қизиқиб қараб, қўлига олишга интиладиган бўлади. Шунинг учун гўдакка шакли, ранги ва катта-кичиклиги ҳар хил ўйинчоқлар бериб туриш керак. Уч ойлик бола овоз келаётган томонга қарайдиган бўлади. У яқинларининг овозларини танийди. 5-6 ойлик бўлганида эса ота-онасини кўриши билан илжаяди. Кулади ва чаққон ҳаракатлар қилади. Атрофидагиларнинг гап-сўзига муносабат кўрсата бошлайди.

Катталар бола билан гаплашганда нутқ аниқ, интонацияга бой ва жумлалар қисқа, энг муҳим сўзларни ажратиб гапириш керак. 7 ойлик бола сўзларни тушуна бошлайди. Бунда уни ўзига айтилган таниш нарсани топишга ўргата бориш керак. 6-7 ойлигидан болани бўғинларга тақлид қилдира бориш, сўзларни қандай талаффуз қилишни боланинг кўзига кўрсата туриб айтиш лозим. Бу боланинг диққатини кучайтиради ва у гапираётган одамга қараб туриб, лабларини қимирлатади.

Чақалоқ қайси нарсага кўпроқ диққатини қаратса, дастлаб фақат шуни такрорлашни ўргатиш керак. Очиқ рангли ёки овоз чиқарадиган ўйинчоқлар, хонадаги баъзи нарсаларнинг номини, бола кўриб турган ёки ўзи бажараётган ҳар хил ҳаракатларни, атрофдаги одамларнинг исмларини тез-тез тилга олиб туриш лозим.

Турли нарсаларни болага атайин кўрсатиб, номини ҳаракатларини айтиб бериш ва уларни дастлаб катта одам ёрдами билан, кейин эса унинг илтимосига кўра мустақил бажаришга ўргата бориш (мисол учун, “коптокни олиб бер”, “қўғирчоқ қани?”, “уни кўрсат” ва ҳоказо) фойдали. Бир ёшдан ошгач гўдак билан гаплашганда у тушунадиган ва талаффуз қила оладиган сўзларни ишлатиш мақсадга мувофиқдир. Унинг тилига тақлид қилиб, чучук гапириш, сўзларни болаларча бузиб айтиш ярамайди. Боланинг сўзларини нотўғри талаффуз қилиши унинг нутқи ривожланган сайин аста-секин йўқолади. Гўдак тўғри нутқ, яхши қўшиқ, оҳангдор мусиқани эшитиб туриши жуда зарур.

Болани яхшиси уйқудан сўнг (агар у турганида таги қуруқ бўлса) ёки овқатланганидан 15-20 дақиқа ўтиб тувакка ўтқазган маъқул. Гўдакни тувакда узоқ ўтқазиб қўйиш ҳам нотўғри. Чунки, бунда нормал физиологик реакциялар сусайиб қолади. Яхшиси болани тувакдан олиб, бироздан кейин яна ўтқазиш керак. У тагини ҳўллаб қўйганидан кейин қайта тувакка ўтқазиш ярамайди. Чақалоқни кечаси уйқудан уйғотиб тувакка ўтқазиш ҳам мумкин эмас.

Яна ўқинг:  Қандай омиллар болаларнинг қобилиятига таъсир кўрсатади?

Бу ҳақида малакали психолог Зебинисо Аҳмедова шундай дейди:

Болани тувакка туғилганидан бошлаб ўргатиш керак. Яъни, унинг тагини тозалаётганда бола билан гаплашиш, она меҳр билан ҳар бир сўзни чақалоққа тушунарли қилиб айтиши лозим. Ҳар сафар унинг таги тозаланаётганда болакайнинг миясида озодолик ҳақида ижобий тушунча пайдо бўлади. Фарзандингиз ақлини таний бошлаганида унга тозалик ҳақида шундай гапларни айтиш мумкин, яъни, “болажоним катта бўлиб қолдинг, тувакка ўтиришни хоҳлаганингда менга айтгин, хўпми” қаби сўзлар билан мулоқот қилиш керак.

Доимо бир вақтда болани таглигини ўзгартириш ҳам психологик жиҳатдан унинг ўша вақтни кутишига кўникма ҳосил қилади. Тозаликка қанча кўп эътибор берилса бола ҳам шунга ўрганади. Шунингдек, болани тувакка мустақил ўтказиш шифокор томонидан белгиланади. Яъни, чақалоққа олти ойликдан бошлаб, қўлига ўйинчоқлар бериб қўйиб, уни уришмай тувакка ўтказиш керак.

Болага бу вазифани ўргатишда қаттиққўллик билан эмас, меҳр билан муносабатда бўлиш мақсадга мувофиқ. Гўдакка эртак қаҳрамони сифатида қўғирчоқ ҳамма жойни ифлос қилгани ва бу ёмон эканлигини уқтириш керак. Эртак якунида “Қўғирчоқ шундай ёмон иш қилибди, менинг болам ақлли, ўзи нима қилишни билади, нима дейсан-а?” деб боланинг фикрини билишга ҳаракат қилиш лозим. Биринчи марта кутилган натижага эришиш мушкул, бу кўп маротаба ижобий такрорланса, бола онгида тобора кўникма пайдо бўлади.

Бола ўзи мустақил тувакка ўтирадиган пайтда ҳам тагини ҳўллаб қўйиш ва ичнинг беихтиёр келиши каби ҳолатлар кузатилса бунда шифокорга мурожаат қилиш ва албатта психолог ёрдамида бу муаммога барҳам бериш мумкин. Бу каби ҳолат бола руҳиятида қаттиқ қўрқиш ва меҳрга ташналик сабабли ёки носоғлом оилавий муҳитда катталарни ўзига эътиборини қаратиш мақсадида ҳам бўлиши мумкин. Тувакка ўтирмайдиган болани секин-секин ўтиришга ўргатиш керак. Бу борада она қачон гўдакка бироз қаттиққўллик қилишни билади. Меъёр чегарасидаги талабчанлик билан бу унга керак эканлигини уқтиринг.

Чақалоқни тувакка ўргатишда унга бирор нарсага сотиб олманг. Яъни, гўдакка “тувакка ўтирсанг шоколад олиб бераман” каби илтифот қилманг. Болага ялиниш ҳам мумкин эмас. Овозингизни унга бироз баландлатган ҳолда шуни қилиш керак, дейишнинг ўзи кифоя.

Яна ўқинг:  Қовоқларингиз учаяптими?

Миттивойни овқатлантираётганда, уни ювинтираётганда, ҳаттоки, кўчага сайрга чиққанингизда ҳам у билан мулоқотда бўлиб туриш лозим. Унга керак эканлигингизни, Сиз нимани ҳис қилаётганингизни у руҳан ҳис қилиши зарур. Шунда у соғлом ва ҳар томонлама баркамол вояга етади.

Наргиза УГЛАМОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: