БЕПУШТЛИКНИНГ ЯНА БИР САБАБИ

Оила жуфтликдан иборат. Ота-онанинг тўрт мучаси соғлом бўлсагина улардан баркамол авлод дунёга келади. Аммо айрим сабабларга кўра хонадонда чақалоқ йиғиси эшитилмаса кўпроқ аёлни айбдор этишади. Бироқ, бепуштликнинг сабабини аниқлаш учун албатта эр-хотин биргаликда тиббий кўрикдан ўтиши зарур. Шунингдек, даво муолажаларини тўлиқ олиш кутилган самарани беради.

Тухумдон кистаси энг кенг тарқалган ўсма касалликларидан биридир. Қисқача айтганда тухумдон кистаси бу суюқлик билан тўлдирилган пуфак. “Кystis” – грекча сўздан олинган бўлиб, “пуфак” деган маънони билдиради.

– Биринчидан, бу касаллик аёл жинсий аъзоларининг энг асосийси яъни, тухумдонни шикастлайди. Тухумдон ишлаб чиқарган гормонлар хотин-қизлар гўзаллигини бутун умр сақлаб туради. Бу аъзолар аёлга энг катта бахт, она бўлишига ёрдам беради. Тухумдонлар ҳомила жинси маълум бўлган даврдаёқ ривожланишни бошлайди.

Кисталарнинг бир неча турлари мавжуд. Улар бир-бирларидан хасталик келиб чиқиш сабаблари ва тузилиши билан фарқ қилади. Уларнинг белгилари ва асоратлари ҳам ҳар хил бўлади.

Дастлаб тухумдон кистасининг қайси тури ривожланаётганини аниқлаш зарур. Хасталанган тухумдоннинг тузилиши аниқ бўлса, унинг даволаниш усули ҳозирги вақтда аниқ ўрганилган ва ишлаб чиқилган.

Тухумдон кистаси ўнг ёки чап томонда бўлиши мумкин. Даволашдан аввал кистанинг турини аниқлаш зарур. Бунда тухумдон кисталари икки турга ажратилади. Биринчи тур кисталар – функционал кисталар. Улар ҳаёт давомида ҳар бир хотин-қизда пайдо бўлади. Ҳаттоки, кўпчилик буни билмайди ҳам. Чунки, улар ўзи пайдо бўлиб, ўзи йўқолиб кетади. Бу кисталар асоратсиз кечади, уларни кузатиб, дори-дармонлар билан даволаш мумкин. 90 фоиз ҳолатларда функционал кисталар 2-3 ой давомида сўрилиб кетади.

Иккинчи тур-ҳақиқий тухумдон кисталари – уларни жуда кўп турлари мавжуд. Бу пуфакчаларнинг барчаси оператив усулда даволанади, ҳамда жиддий асорат бериши мумкин.

Асосан барча тухумдон кисталарига ташхис ультратовуш текширувидан кейин қўйилади. Бу текширувда кистани топиш мумкин. Унинг тузилишини ҳам аниқлаш имконини беради. Аммо баъзи ҳолларда уларнинг турини аниқлаш бироз қийинчилик туғдиради. Чунки, кўпинча кисталар ультратовуш текширувида бир хил кўринишда бўлади. Шунинг учун агар асоратлар бўлмаса, аниқланган кистанинг функционал ёки ҳақиқий кисталигини билиш учун 1-3 ой давомида кузатиб бориш мумкин. Бу динамик кузатув деб аталади. Агар тухумдонда функционал киста бўлса, у сўрилиб кетади. Ёки ўзгариб, тўғри ташхис қўйишда ёрдам беради. Ҳақиқий ўсмалар эса йўқолмайди ва ўзгармайди. Бу танланган йўналиш ноўрин қилиниши мумкин бўлган жарроҳлик амалиётининг олдини олади. Агар тўғри ташхис қўйишда уч ой етарли бўлмаса, яна бироз кузатиш зарур. Аммо, бу кузатув жараёни бир йилдан зиёд бўлмаслиги керак. Фақат бемор гинеколог назоратида доимо бўлиши керак.

Яна ўқинг:  Силнинг давоси бор

Тухумдон кистасига шубҳа бўлганда қуйидаги текширувларни ўтказиш зарур:

Дифференциал(қиёсий ташхис) диагностика – бу тўғри ташхис қўйишда ёрдам беради. Беморда тухумдон кистасига гумон қилинганда доимо дифференциал диагностика ўтказилиши зарур. Кистага хос клиник белгилар бошқа касалликларда, жумладан, ўткир аппендицит(кўричак), тухумдоннинг онкологик касалликларида, бачадондан ташқаридаги ҳомиладорликда, кичик чаноқ аъзоларининг варикоз касаллигида, пешоб-таносил аъзолари касалликларида, ичак хасталикларида ва ҳоказоларда кузатилиши мумкин.

Бу усул тухумдон кисталари ва ўсмаларини аниқлашда ёрдам беради.

Ультратовуш текшируви нафақат тухумдон кисталарини, балки уларнинг тузилиши ва хусусиятини ҳам аниқлайди.

Компьютер томографияси ёки магнит-резонанасли томография бу кистани батафсил ўрганиб чиқадиган усул. Унинг жойлашиши ва тузилиши, чегаралари ҳамда ёндош аъзолар билан чегараси, шунингдек, хавфли ўсмага айланганми ёки аксинча эканлигини аниқлашда ёрдам беради.

Қиннинг орқа гумбази пункцияси кистада асорат кузатилмаганда ва яна кичик чаноқда қон ёки суюқлик борлигини аниқлаб беради.

Лапароскопия – эндовидео усули жарроҳлик усул бўлиб, ташхис ва даволаш мақсадида қўлланилади. Унда қорин бўшлиғининг аъзоларига олдинги қорин девори орқали кирилади. Бу усул барча кисталарни турини аниқлайдиган мутлоқ текширув бўлиб, даволашнинг асосий тури шундай амалга оширилади.

Ҳомиладорликка тест – бу усул бачадондан ташқарида ҳомила бор-йўқлигини аниқлашда қўлланилади.

Қоннинг ва пешобнинг умумий таҳлилидаги салбий ўзгаришлар, онкомаркерларга текширув-бу кисталарнинг хавфли гуруҳга киришини, уларда яллиғланиш жараёни борлигидан далолат бериши мумкин. Унутманг, азиз юртдошлар, хасталикни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал.

Жаҳонгир ҒАФУРОВ,

Республика Перинатал Маркази гинекология бўлими мудири,

Дилноза РУСТАМБЕКОВА,

олий тоифали гинеколог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: