МАМЛАКАТ ОБОДЛИГИ МАҲАЛЛАДАН БОШЛАНАДИ

Тоза-озода хонадонга кирган кишининг баҳри дили очилгани каби обод ва кўркам маҳаллада ҳам доим хушкайфият ҳукм суради. Одамлар ҳаётидан рози бўлиб, тинчлик-хотиржамликда умргузаронлик қилади.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, обод деганда, халқимиз, миллатимиз нафақат кўркам ва чиройли, шу билан бирга, тинчлик ва осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик, файз-барака ҳукмрон бўлган жойларни, доимо пок ният ва соғлом интилиш билан яшашни тасаввур қилади. Ҳаётимизни обод қилишнинг муҳим шарти – бу аввало, маҳаллани обод қилиш демакдир.

Мамлакатимизда “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг изчил ҳаётга татбиқ этилиши натижасида маҳаллаларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора мустаҳкамланаётир. Бугунги кунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари илгари давлат ҳокимияти маҳаллий органлари ваколатида бўлган ўттиздан кўпроқ ижтимоий-иқтисодий вазифани самарали бажармоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 9 июлда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони мазкур соҳада хизмат қилаётган ходимларнинг меҳнатини, ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, оила институтини қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятимизда барқарорлик ва тотувликни таъминлашдаги ҳиссасини муносиб рағбатлантиришда муҳим омил бўлмоқда. – Президентимиз 2013 йилни Обод турмуш йили деб эълон қиларкан, ушбу эзгу ғояни рўёбга чиқаришда маҳалланинг ўрни ва нуфузини янада кучайтиришни таъкидлагани бизни ғоят қувонтирди, – дейди Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги “Кўкча Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Собит Имомов. – Бу мамлакатимизда маҳалла ва оила институтларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлади.

Ушбу ислоҳотлар самаралари мазкур маҳалладаги озода ва файзли хонадонлар, одамларнинг фаровон ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Қарийб ўн бир мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган маҳаллада жамоатчилик фаолиятининг ҳар бир йўналиши тизимли ташкил этилган. Эл орасида обрў-эътибор қозонган маслаҳатчилар, фаол аёллар, посбонлар, комиссиялар раислари, ташаббускор ёшлар ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Маҳалла биносига кираверишдаги туркум плакатлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳуқуқий ва амалий фаолияти, давлатимиз томонидан уларга қаратилаётган эътибор ҳақида яққол тасаввур беради. Замонавий гузар доимо нуронийлар ва ёшлар билан гавжум. Бу ерда авлодлар учрашувлари ва мулоқотларини ташкил этиш, спорт, маданий, маърифий тадбирлар уюштириш яхши анъанага айланган.

Яна ўқинг:  Ўғлим халқимиз ва Президентимиз ишончини оқлаганидан фахрланаман

Маҳаллада “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги асосида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли тўгаракларнинг ташкил этилгани ёшлар, айниқса, қизларга ҳунар ўргатиш, уларни оилага тайёрлашга хизмат қилмоқда. “Тенгдош-тенгдошга” тамойилининг ҳаётга самарали татбиқ этилиши дарсларни ўзлаштиришда ортда қолаётган, тарбияси оғир ўқувчиларнинг муаммоларини ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда маҳалла маслаҳатчиси ва посбонининг алоҳида ўрни бор. Улар ҳар бир оиладаги аҳвол, ёшларнинг феъл-атвори, юриш-туришидан доимий хабардор бўлиб, зарур пайтда керакли маслаҳат ва тавсиялар беради. Айниқса, ёшлар, янги оила қураётган йигит-қизлар билан алоҳида суҳбатлар уюштириб, уларни турли ёт ғоя ва таъсирлардан асраш, ҳар жиҳатдан соғлом ва мустаҳкам оила барпо этишига алоҳида эътибор қаратади.

Мактаб битирувчиларини таълимнинг кейинги бўғинларига тўлиқ қамраб олиш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида ҳам махсус ҳамкорлик дастури асосида иш олиб борилмоқда. Бу ёшлар бандлигини таъминлаш билан бирга маҳалладаги маънавий муҳитни яхшилашда муҳим омил бўлмоқда. Кейинги йилларда бу ерда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилмади. Маҳалладан етишиб чиққан ёшлар спорт, таълим ва бошқа соҳаларда салмоқли натижаларга эришмоқда.

Маҳалла ҳудудида тозалик, озодаликни таъминлашда ободонлаштириш ва ёшлар билан ишлаш комиссияларининг фаолияти алоҳида эътиборга сазовордир. Ҳар бир кўчада фаолият юритаётган кўчабошилар хонадонлар, кўчалар, ҳудудда жойлашган инфратузилмалардаги тозалик ишларини мунтазам назорат қилиб боради. Чиқиндиларни ташиб кетишдан тозалик-озодаликка риоя этишгача бўлган ишлар ҳам тизимли йўлга қўйилган. Маҳаллада “Махсустранс” машиналари келиб-кетиш графиги қайд этиладиган махсус дафтар тутилган. Шу боис, кўчалар бўйлаб юраркансиз, бирор жойда хазон, шох-шабба ёки чиқит тўпланиб ётганини кўрмайсиз.

Маҳалла аҳли нафақат ўзи яшаётган ҳудуд, балки туманнинг бошқа жойларини ҳам ободонлаштиришга ўз улушини қўшмоқда. Ўтган йилларда уларнинг фаол иштирокида тумандаги бир қатор тиббий-ижтимоий ва таълим муассасалари атрофида янги боғлар яратилди. Бу йил маҳалла ҳудудида бўш ётган ўттиз сотихдан кўпроқ жойга кўчат экилиб, ободонлаштирилади.

Бу ерда оилавий тадбиркорлик, хусусан, тикувчилик, ҳунармандлик тобора ривожланмоқда. Ҳозирда ўнлаб ёшлар моҳир ҳунармандлардан касб сирларини ўрганмоқда. Аҳолига бу борада ҳуқуқий ва молиявий кўмак кўрсатиш, ёшлар ўртасида тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида Халқ банкининг Учтепа тумани бўлими мутахассислари иштирокида мунтазам учрашув ва мулоқотлар ташкил этилаётир.

Яна ўқинг:  Ҳушёрлик – касалликка қарши курашишнинг асосий шарти

Тўй-маросимларни миллий қадриятларимизга мос тарзда ўтказиш борасида ҳам ўзига хос тажриба шаклланган. Кимдир тўй-маърака бошламоқчи бўлса, аввало, маҳалла оқсоқолидан маслаҳат олади. Ортиқча маблағ эса маҳаллани ободонлаштириш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга сарфланмоқда. Жорий йилнинг ўзида ана шундай саховат ишлари самарасида иккита кўча таъмирланди, кам таъминланган хонадонларга тўй-маросимларни ўтказиш ва уй-жойларини таъмирлашда кўмаклашилди.

– Маҳалламизда ўзига тўқ оилалар кўп, – дейди С.Имомов. – Кунда-кунора бирон тўй-маросим ўтказилади. Хайриятки, кейинги пайтларда фалон кило ош дамлаб, фалонча одам чақирсам, деган ҳою хаваслар барҳам топаётир. Одамларнинг онгу тафаккури ва дунёқараши ўзгармоқда. Тўй ва маросим эгалари дабдабозликка кетадиган маблағнинг ўрнига бирон кўчадаги таъмирталаб асфальтни тўғрилаб, қўни-қўшнисининг дуосини оляпти.

Маҳалладаги санитария ҳолатини яхшилаш, ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги натижалари туфайли “Кўкча Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғини жорий йилги “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” республика кўрик-танловида учинчи ўринга сазовор бўлди.

Обод турмуш йилига ана шундай ютуқлар билан кириб келаётган мазкур маҳаллада янги йилда амалга ошириладиган ишлар кўлами ва салмоғи янада ошиши аниқ. Зеро, мамлакат ободлиги ва фаровонлиги маҳалладан бошланади.

Баҳор ХИДИРОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: