ЎН ТЎҚҚИЗ ЁШЛИ ЧЕВАР

ўн икки нафар тенгдошининг бандлигини таъминлади

Халқимизда шундай мақол бор: “Ҳунар – ҳунардан ризқинг унар”. Яна айтишадики, “Ҳунарли хор бўлмас”. Айниқса, у қиз боланинг ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.

– 2012 йилда Шаҳрисабз агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битирдим, – дейди шаҳрисабзлик ёш ҳунарманд Ситора Сатторова. – Келгусида қайси касб эгаси бўлишим ҳақида жуда кўп ўйлаганман. Шунда бирдан менда тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйиш истаги туғилди. Режамни амалга оширишда коллеждаги таҳсил давомида бизнес сабоқларини ўрганганим ва оилавий муҳит ёрдам берди. Чунки, ҳунармандлар оиласида вояга етганман. Ота-онам мени қўллаб-қувватлашди. Турли кўрик-танловлар ва кўргазмаларда иштирок этиб, ўз билим ва кўникмаларимни ошириб бордим. Атрофимга дугоналарим келиб қўшилишди.

Айни пайтда Ситора ташкил этган цехда 25 нафар хотин-қиз меҳнат қилади. Улар миллийлик билан уйғунлашган замонавий либослар, ироқи усулда каштадан безак солинган дўппилар, ҳамёнчалар, ёстиқ жилдлари тикишмоқда.

– “Ҳунарманд” уюшмаси кўмагида қатор кўргазмаларда ўз маҳсулотларимиз билан қатнашдик, – дейди Ситора Сатторова. – Уларда кўпгина хорижлик меҳмонлар маҳсулотларимизга қизиқиш билдиришди ва улар билан шартномалар туздик. Бугунги кунда сайёҳлик маркази орқали АҚШ, Франция, Буюк Британия, Россия каби мамлакатлардан маҳсулотларимизга буюртмалар олаяпмиз. Яқинда туркманистонлик сайёҳ билан учрашдим. У киши ўзининг миллий нақшларини кўрсатиб, уни нимча ва сумкачаларга тикиб беришимизни илтимос қилди. Ҳозир шу устида иш олиб бораяпмиз.

Айни пайтда ёш ҳунарманд имкон бўлди дегунча тил ўрганишга вақт ажратади. Унинг орзуси – хорижий тилларни мукаммал ўрганиб, чет давлатларда бўладиган кўргазмаларда ҳам иштирок этиш.

– Ўн тўққиз ёшдаман, – дейди ёш тадбиркор. – Ўз бизнесимни йўлга қўйиш орқали мен нафақат ишли бўлдим, балки ўзимга ўхшаган ўн икки нафар тенгдошим учун иш ўринлари ташкил қилдим. Ҳозирда янги лойиҳалар билан бандман. Банкдан кредит олиб, туман марказида савдо дўкони ва янги цех қуриш ниятидаман.

Давлатимиз раҳбари кўп бора таъкидлаганидек, ёшларимиз ҳеч кимдан кам эмас. Уларни, яъни Ситорадек ёшларни қўллаб-қувватлаш, интилиш ва иқтидорларини рағбатлантириш борасида яратилган шароитлар, амалий саъй-ҳаракатларни кўриб, ҳеч шубҳасиз кам бўлмайди ҳам десак, барча асосларимиз бор.

Яна ўқинг:  MEHRDAN YARALGAN ASLI BU DUNYO

Шоҳиста БОЗОРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: