МУРОСАСИЗ БАҲСЛАР унитилмас онларни ҳадя этди
21 ноябрдан 4 декабрга қадар пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган шахмат бўйича Халқаро шахмат федерацияси — (FIDE) Гран-присининг иккинчи босқичи ўз ниҳоясига етди. Мазкур Гран-при мусобақалари олти босқичдан иборат бўлиб, дастлабкисига Лондон шаҳри мезбонлик қилганидан хабарингиз бор, албатта.
Пойтахтимиздаги “Тасвирий санъат галереяси” биносида ўтказилган Гран-при баҳсларида ҳамюртимиз Рустам Қосимжонов билан бирга, Россия, АҚШ, Исроил, Украина, Куба, Хитой, Италия, Венгрия, Озарбойжон давлатларидан ташриф буюрган дунёнинг энг кучли ўн икки гроссмейстери дона сурди. Халқаро шахмат федерацияси — (FIDE), “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ва Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур турнир дунёнинг 170 мамлакатига тўғридан-тўғри он-лайн орқали узатиб турилди.
Мусобақа фаворитлари қаторида эътироф этилган XVI Осиё ўйинлари ғолиби, юртдошимиз Рустам Қосимжонов ўзига хос рекорд соҳибига айланди. Эътиборлиси, гроссмейстеримиз Тошкентда ўтказилган мусобақаларда бирорта ҳам матчда мағлубиятга учрамаган ягона шахматчига айланди ва якунда (6 очко) билан олтинчи ўринни эгаллади.
Россиялик икки шахматчи Сергей Карякин ва Александр Морозевич, хитойлик Ванг Хаолар бир хил (6.5 очко) жамғариб, 1-3 ўринларни қўлга киритишди. Халқаро шахмат рейтингида бешинчи ўринни эгаллаб турган италиялик Фабио Каруана, озарбойжонлик Шаҳриёр Мамадиёров ва юртдошимиз Рустам Қосимжоновлар эса (6 очко)дан жамғариб 4-6 ўринларни банд этишди. Шунингдек, украиналик Руслан Пономарёв, россиялик Пётр Свидлер ҳамда венгриялик Петер Леколар (5,5 очкодан), кубалик Леньер Домингес Перес (4 очко), АҚШлик Гата Камский (3,5 очко) жамғаришга муваффақ бўлишди.
Гран-при мусобақаларининг кейинги босқичлари 2013 йилда Лиссабон, Мадрид, Берлин ва Париж шаҳарларида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Мазкур баҳсларда ҳамюртимиз Рустам Қосимжоновга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Фарход ТОЛИПОВ