Янги кун, янги умид садолари

Ўзбекистон давлат консерваториясининг концерт зали. Саҳнага чиқишга ҳозирланаётган бир гуруҳ жажжи ўғил-қизларни кўриб, дилинг яйрайди. Улар ҳозир саҳнага чиқиб мусиқа фестивалига келган меҳмонларга ўзининг иқтидорини намоён этмоқчи. Уларни лол қолдириб, салоҳиятини ҳаммага кўрсатмоқчи. Бу истак, бу туйғу фестивалнинг каттаю кичик барча иштирокчиларининг кўнглидан ўтаётган бўлса, не ажаб.

Бу каби мусиқа фестиваллари болажонларнинг истеъдодни юзага чиқишида замин ҳозирлаётир. Улар миллий мусиқий меросимиз билан бирга, жаҳон мумтоз композиторлари ижодини ҳам ўрганиб, моҳир санъаткор бўлиб етишмоқда. Бу жиҳатлар “Наврўз садолари” фестивалида ҳам яққол намоён бўлаётир.

Мазкур мусиқа фестивалида асл шарқона миллий қўшиқлар ҳамда турли халқларнинг гўзал ва бетакрор куй-қўшиқлари янграйди. Фестивалда катта оркестр жамоалари билан бир қаторда, кичик ансамбль гуруҳларининг иштирок этиши, республикамизнинг чекка ҳудудларида ҳам мусиқа оламида ижод қилиб келаётган турли ёшдаги ижодкорларни кенгроқ қамраб олишни таъминламоқда. Тан олиш керакки, бу нуфузли фестиваль дунё халқларининг миллий мусиқа санъати ва қўшиқчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, тили, маданияти, урф-одатлари турлича бўлган миллат ва элатларни ўзаро бирлаштириб, гўзаллик, нафосат ва эзгуликка ошно этишга хизмат қилмоқда. Шу боис ҳам фестивалга қизиқиш йил сайин ортиб, бу йил ушбу фестивалга халқаро мақоми берилиши фикримизнинг тасдиғидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июлдаги қарорига мувофиқ қабул қилинган Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган давлат дастури доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди. Улар 30 мингдан ортиқ янги мусиқа асбоби, 61 минг нусха ўқув қўлланмаси, миллий ва жаҳон мусиқаси ноталари билан таъминланди.

Ўзбекистон давлат консерваториясида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган кўп овозли халқ чолғулари ансамбли ва оркестрларининг “Наврўз садолари” халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Бастакорлар ва “Тасвирий ойина” ижодий уюшмалари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Сўғдиёна” халқ чолғулари камер оркестри ҳамда Швейцариянинг ҳамкорлик бюроси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда мактабгача таълим муассасалари, мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослашган лицей ва коллежлардаги оркестр ҳамда ансамбллар, профессионал жамоалар иштирок этди.

Яна ўқинг:  ЭКОЛОГИК НОУТБУК

– Жамоамиз ушбу фестивалда илк бор иштирок этмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги 18-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Абдулла Гулимов. – Фестивалга “Сабо”, “Ашула ва рақс” ва “Рондо” номли миллий ва жаҳон куйларини тайёрлаб келдик. Бу ерда истеъдодли, маҳоратли болалар жудаям кўп экан. Лекин биз ҳам бўш келмаймиз. Ғолиб бўлишга ҳаракат қиламиз.

Саккиз йилдан буён анъанага айланган мазкур фестиваль – болалар ва ёшларнинг мусиқий тарбиясига бағишланган Давлат дастурини бажариш, шунингдек халқимиз маданиятининг ривожи учун миллий чолғу ижрочилиги соҳасида етук кадрлар тайёрлашга йўналтирилгандир. Фестиваль иштирокчиларини мактабгача таълим муассасалари, мусиқа ва санъат мактаблари, санъат лицей ва коллежлари оркестр ҳамда ансамбллар билан биргаликда, профессионал жамоалар ташкил этади.

Мазкур фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ғолибликни қўлга киритган мусиқа ва санъат мактаблари жамоалари ҳамда қўшни Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларидан сараланган 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган минг нафардан зиёд иштирокчилар қамраб олинди.

Танлов учун ажратилган композиторлар ижодидан ҳар бир йўналиш учун янги шартли асарлар тавсия этилган. Ўтган йили ўтказилган фестиваль танлов натижалари ёш ижрочилар маҳоратининг ўсишига анча ёрдам берди.

– Ўзбекистонга келганимиздан, “Наврўз садолари” халқаро кўрик-фестивалида иштирок этаётганимиздан жуда хурсандмиз, – дейди Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятидаги 2-мусиқа мактаби ўқувчиси Нилуфар Эргашева. – Жамоамиз билан халқ чолғулари асосида куйланадиган кўплаб композицияларни ижро этишни режалаштирганмиз. Ўзбекистонлик тенгдошларимиз ижросидаги куй-қўшиқларни тинглаб мароқ оляпмиз.

Фестиваль доирасида мусиқий чолғулар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Болалар фольклори, рақс санъати, болалар ва ўсмирлар хор жамоаларининг ижрочилик маҳорати, чолғу созлар ансамблларининг чиқишлари томошабинларга манзур бўлди.

– Ушбу танловда биринчи маротаба иштирок этишимизга қарамасдан иккинчи ўринга муносиб деб топилдик. Ўқувчиларим бундан ниҳоятда хурсанд, – дейди Андижон вилоятидаги 7-сонли махсус мусиқа ва санъат мактаб-интернати “Шодлик” мусиқа ансамбли раҳбари Дилноза Тўхтасинова. – Келгусида халқаро мусиқа фестивалларида иштирок этиб юртимиз санъати ривожига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз.

Тадбир доирасида миллий чолғулар ижрочилиги ва дирижёрлик ишига бағишланган халқаро конференция, маҳорат дарслари ва жамоалар иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди.

Яна ўқинг:  ТАЪЛИМДА ЗАМОНАВИЙ УСЛУБ: болалар салоҳиятини юксалтиради

Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Наврўз НОРБОБОЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: