Ҳар бир болага меҳр, эътибор!

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Республика “Сен ёлғиз эмассан” болалар жамоатчилик жамғармаси, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимликлари ҳамкорлигида “Тошкент-ленд” болалар истироҳат боғида хайрия тадбири бўлиб ўтди.

Байрам тадбирида Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги “Меҳрибонлик” уйлари, “SOS” – Ўзбекистон болалар маҳалласи тарбияланувчилари ҳамда Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари тизимида ўз хизмат бурчини адо этиш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандлари таклиф этилди.

Байрам тадбирида истироҳат боғидаги кўнгилочар атракционларнинг барчаси ҳомийлар томонидан болаларга бепул ташкил этилди, уларга музқаймоқ ва яхна ичимликлар тарқатилди.

 

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги болалар ахлоқ тузатиш колониясида “Ҳар бир болага меҳр, эътибор” шиори остида маданий тадбир ташкил этилди.

Тадбир доирасида болалар учун фонд ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан мурувват ёрдамлари топширилди. Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейининг оркестр жамоаси иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

 

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 569-МТМда “Болалигим – пошшолигим” номли тадбир бўлиб ўтди.

Байрамга болажонларни қутлагани “Билмасвой” ҳам келди. “Доктор Войжоним” эса кичкинтойларга ёз фаслида қандай чиниқишлари ва соғлом бўлишлари ҳақида ўз тавсияларини берди. Байрам барчага яхши кайфият улашди.

 

Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 300-иқтидорли болалар мактабида ҳам байрам тадбири ташкил этилди.

Унда сўзга чиққанлар тинч-осойишта ҳаёт, огоҳлик қадри, фаровон турмушнинг ҳикмати, фидойилик каби инсоний фазилатлар хусусида ўқувчиларга сўзлаб берди. Байрам тадбири давомида ўқувчилар Ватан, тинчлик, юрт қаҳрамонларини мадҳ этувчи шеър, куй ва қўшиқлар ҳамда саҳна кўринишлари ижро этишди.

Бу каби тадбирлар Сергели туманидаги бошқа умумталим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларида ҳам ўтказилди.

 

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Орзу” номли 423-мактабгача таълим муассасасида “Болаларга беринг дунёни” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Болажонлар ижросидаги қувноқ шеър ва қўшиқлар ҳамда жозибали рақслар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир сўнггида муассаса раҳбари Санобар Умбеталиева туман ва шаҳар миқёсидаги танловларда ғолиб бўлган болажонларни қутлаб, уларга совғалар улашди.

 

Гулноза НОРБОЕВА

Яна ўқинг:  Корхоналарда ноқулай меҳнат шароити учун қўшимча ҳақ тўланади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: