Тўрт минг ёшли атир
Бугунги кунда ҳаётимизни парфюмерия воситаларисиз тасаввур этиш қийин. Эркагу аёл кундалик турмуш давомида ҳар куни улардан фойдаланади. Аммо пардоз воситалари, айниқса, аёллар учун алоҳида аҳамиятга эга. Турли хил ёшартирувчи воситалар ва яна кўплаб шу каби маҳсулотлар аёлларнинг ажралмас ҳамроҳига айланган. Улар орасида атир алоҳида ажралиб туради. Бирон бир аёл зоти йўқки, бугунги кунда атирдан фойдаланмаса. Турли ифорлар асосида яратилган атирларнинг ҳиди ҳам аёл гўзаллигига кўрк қўшса ажабмас. Атирдан фойдаланиш жараёнида ҳеч ким унинг тарихи билан қизиқмаслиги табиий. Хўш, атир қандай яратилган? Қаерда пайдо бўлган?
Яратилиш тарихи
Археологлар томонидан Кипрда олиб борилган қазишма ишлари натижасида топилган парфюмерия устахонасидан бундан тўрт минг йил аввал яратилган атир қолдиқлари борлиги аниқланган. Ушбу устахонада турли хил найчалар, атир ўлчамини ўлчайдиган ускуналар сингари 60 хил иш анжомлари мавжуд бўлган.
Замонавий атирлар биринчи бўлиб венгрияликлар томонидан ишлаб чиқарилган. 1370 йилда Венгрия қироличаси учун ишлаб чиқарилган махсус атир бутун Европада Венгрия суви сифатида машҳур бўлган.
Парфюмерия санъатининг Италияда гуллаб-яшнаши Ренессанс(уйғониш) даврига тўғри келди. XVI асрда Италияда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Францияга Катерина Медиченинг шахсий аттори Рене Флорентийц томонидан олиб келинган. Унинг лабораторияси ўта махфий бўлиб, атир яратиш сирлари ҳеч кимга ошкор қилинмаган. Натижада Франция тез орада парфюмерия маҳсулотлари марказига айланган.
Ҳушбўй ифорларнинг таркиби
Атирнинг ўртача таркиби ўнбешдан олтмишгача ва ундан зиёд хушбўй моддалардан таркиб топган. Хушбўй ифорни табиий йўл билан тайёрлаш учун ўсимликлар гули, барги, меваси, илдизидан фойдаланилади. Атиргул, кориандр ва сандал ёғи муаттар ҳид таратувчи моддалар ҳисобланади.
Хушбўй атирлар кимёвий йўл билан ҳам тайёрланади. Бунда синтетик моддалардан фойдаланилади. Эритмани тайёрлаш учун ўта юқори миқдордаги (96 фоизгача) этил спиртидан фойдаланилади. Атирларни тайёрлашда ранглар ҳам қўлланилади. Лекин унинг ифорига бу асло ўз таъсирини ўтказмайди.
Ким қандай фойдаланади?
Атирнинг ҳаддан ташқари кўп сепилиши натижасида унинг кучли ҳиди ёнингиздаги одамни беҳузур қилиши мумкин. Атирни кўп сепган аёл ўзига бўлган ишонч ва дадиллик ҳақида билдиргандай бўлади. Атирни енгилгина сепган аёл эса ўзининг камтарлиги ҳақида маълум қилади.
Атирни қанча сепиш керак?
Буни ҳар доим сиз бормоқчи бўлган жой ва муҳит ҳал этади. Катта хоналар учун шунга мос равишда кўпроқ атир керак бўлади. Асосан очиқ ҳавода кечадиган мулоқотлар ёки иссиқ иқлимли мамлакатларда атирни кам сепганингиз маъқул. Албатта, эрталаб кечқурунга қараганда камроқ атир сепган яхши. Чунки, кун бошланган пайтда турли аллергия қўзғатувчиларга нисбатан таъсирчан бўламиз. Шу сабабдан ортиқча таваккал қилишнинг ҳожати йўқ.
Овқатланиш маҳалида кўп атир сепа кўрманг. Сабаби атирнинг ҳиди столдаги таомларнинг ҳидини “бўғиб” қўйиши мумкин. Бу албатта ёқимсиз ҳолат. Спорт машғулотлари олдидан ҳам атир сепмаган маъқул. Бунга сабаб жисмоний машқлар туфайли қон айланиши тезлашиб, атирнинг ҳиди кучайиб кетишидир. Спорт ва ўткир ҳидли атир руҳан бир-бирига мос келмайди.
Сўнгги йилларда дунёнинг кўпгина корхоналари ишлаб чиқарган парфюмерия воситалари, шунингдек турли хил атирлар дўкон пештахталарини эгаллаб олган. Олимларнинг тавсияларига кўра, атир танлаётганда уни бирор бир буюмга эмас, тўғридан тўғри тананинг бир қисмига сепиб кўриш, ҳидни аниқлашда кўпроқ самара беради.
Атирлар орасида ниҳоятда қимматбаҳолари, бутун дунёга машҳурлари ва ҳаттоки Гиннеснинг рекордлар китобига киритилганлари ҳам мавжуд. Масалан, Clive Christian’s Imperial Magesty атири энг қимматбаҳо атир сифатида бу китобга киритилган. Ушбу атир атиги 10 дона флаконда чиқарилган бўлиб, флаконлар тилла чамбаракли ва 5 каратли бриллиант билан безатилган. Бебаҳо бу атир харидорга “Бантли” автомобилида етказиб берилади. Imperial Magestyнинг хушбўй иси 200 хил компонентлардан ташкил топган.
Чарос ХУШВАҚТОВА тайёрлади