“ОДАМНИНГ ДАРДИНИ ОДАМ ОЛАДИ”
Келинг суҳбатлашамиз
Ҳаётда ҳар биримиз руҳшунос ролида бўлишимиз мумкин. Негаки, кўп ҳолларда инсон билан шунчаки суҳбат қуриш, унинг кайфиятини кўтарилиши ва эртанги кунга умид билан боқиши учун етарли бўлади. Умримиз шодон ўтиши кўп ҳолларда кўнглимиздан кечаётган ижобий ўй-хаёлларимиз, қариндош-уруғларимиз, дўстларимиз, ҳамкасбларимиз ва қўшниларимизнинг соғлиғи ҳамда аҳволи билан ҳам бевосита боғлиқ.
Шундай вазиятларда суянчиққа муҳтож бўлган яқин инсонимиз ёки бегоналарга ҳам ёрдам қўлини чўзишимиз керак.
Суҳбат тинч муҳитда ўтиши зарур. Суҳбатдошингизни сиз аъло даражада тушунаётганингиз ва сиз уни қўллаб-қувватлашингизни англашига ёрдам беринг. Сизнинг суҳбатдошингизга бўлган ишончингиз, яхши кайфиятингиз, самимий қизиқишингиз унинг сизга бўлган ишончини оширади.
Суҳбат давомида шунчаки унга диққат билан қулоқ солишингиз мумкин. Инсон руҳий зўриқиш (стресс) ҳолатида бўлса унинг учун шахсий ҳаёти худди чегарасиз кўнгилсизликлардан ва омадсизликлардан иборатдек кўринади. Сиз ҳамсуҳбатингизни аниқ ва ишонарли мисоллар билан вақти-вақти билан бошқа инсонларда ҳам бу каби муаммолар юзага келишига ишонтира билишингиз зарур. Бу шуни билдирадики, муаммо ечимга эга. Ҳар бир инсон руҳан ўзини қўлга олиши ва ҳамма нарсани уддалаши мумкин. Ҳаётда омад ва омадсизликлар, бахт ҳамда қувонч, шунингдек, бахтсизлик ҳам ўз ўрнига эга. Бугунги кун муаммолари вақтинчалик қийинчиликлар, уларни эса енгиш осон.
Суҳбатдошингизни ижобий кайфиятга мослаштиринг. Уни ҳаётнинг бетакрорлигига, кутилмаган пайтда омад унга ҳам кулиб боқишига ишонтиринг. Сизга умид билан қараётган одамга келажакда уни ҳаётда яхши ва ажойиб лаҳзалар кутаётганига умид бағишланг. Зеро, донолар “Одамнинг дардини одам олади”деб бекорга айтишмаган.
Малоҳат НАЗАРОВА