ҒОЛИБЛАР АНИҚЛАНДИ

Қалбидаги бир олам ҳаяжон юзу кўзига кўчган ўқувчиларни азим Тошкент шаҳри қучоқ очиб қаршилади. Ҳаяжонланмасдан бўларканми, ахир бу келажаги порлоқ навқирон йигит-қизлар республикамизнинг турли вилоятларидан мамлакатимиз пойтахтига “Конституция – бахтимиз пойдевори” кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этиш учун келган. Улар мазкур танловга ота-оналари, устозлари, дўстларининг ишончини оқлаш учун пухта ҳозирлик кўрган.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Ўзбекистон бадиий академияси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ҳамкорлигида ҳар йили ўтказиб келинаётган ушбу нуфузли кўрик-танлов ёшларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилмоқда. Мазкур кўрик-танловни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳиятини ўқувчилар онгига сингдириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ва маданиятини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш каби вазифалардан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар Халқ таълими бошқармалари танловнинг ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларнинг 28 та ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳоланди. Кўрик-танловнинг иншо йўналиши бўйича биринчи ўринни Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги 13-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Муштарий Адҳамжонова, иккинчи ўринни Қарши шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактабнинг 8-синф ўқувчиси Мухлиса Бердиназарова, учинчи ўринни эса Жиззах шаҳридаги 11– умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Маъмура Ғайбуллаева қўлга киритди. Шунингдек, “Энг чиройли иншо муаллифи” йўналиши бўйича Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидаги 24-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Малика Эргашева, Бухоро вилоятидаги 53-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Сабрина Агалиева каби ўқувчилар ғолиб деб топилди.

Кўрик-танловнинг Тасвирий санъат йўналишида Бухоро шаҳридаги 34-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Ҳамрохон Олимова биринчи, Тошкент шаҳридаги 223– умумий ўрта таълим мактаби 8-синф ўқувчиси Маърифат Жалилова иккинчи, Қорақалпоғистон Республикасидаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Бийбимарям Жапбарбергенова учинчи ўринга сазовор бўлди. Яна бир қатор иқтидорли ўқувчилар “Ноанъанавий асар муаллифи” номинациясига сазовор бўлишди. Ғолиб ўқувчилар вазирликнинг дипломлари, фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, уларга ҳамкор ташкилотларнинг қимматбаҳо совғалари ҳам топширилди.

Ж. ҲАЙДАРОВА

Яна ўқинг:  Газетамиз “Олтин қалам” IХ Миллий мукофоти халқаро танлови ғолиби!

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: