Дўстликнинг шарти

Қўшним Анварни қачон кўрмай нуқул Тўрткўзни маҳаллада етаклаб юргани-юрган. Атрофига болаларни йиғиб оларди-да, уларга този ити билан мақтанарди. Баъзида бу одати жиғимга тегса-да, очиғи унга чиндан ҳавасим келарди.

Айиқдек баҳайбат, ранглари ҳам қўнғир тусли, шалпанг қулоқлари ўзига ярашган, устига-устак ўргатилган, ақлли ити бўлишини ким ҳам хоҳламайди, дейсиз. Айниқса, Анварнинг Тўрткўзга юмуш буюрганида, одамлардек уни тушуниб, бажариши ҳаммамизни ҳайратга соларди. Тўрткўз бошқа итларга сира ҳам ўхшамасди. Унинг бир ажойиб одати бор – конфетни жуда яхши кўради. Шунинг учун маҳалланинг болалари унга атаб турли конфетларни сақлаб қўйишар, Анвар итини ўйнатишга рухсат бериши учун конфетлар билан уни сийлашарди. Муғомбир Анвар эса ити баҳона конфетларни ўзи “паққос” туширарди. Бобом эса бизни койигани-койиган: – Итга ҳадеб конфет беравериш яхши эмас, – дер эди. Тўрткўзга нисбатан биздаги аввалги қўрқув бора-бора меҳрга айланди. Унга жуда ҳам ўрганиб қолгандик.

Аммо кейинги пайтларда негадир маҳалланинг эркатойига айланиб улгурган тўрт оёқли дўстимиз кўринмай қолди. Тўрткўздан хабар йўқ. Анвардан сўрасак дурустроқ жавоб бермасди.

– Эҳ, пулим кўп бўлганида эди, – деди менга жиддий оҳангда дўстим Сардор.

– Нега ундай дейсан?

– Тўрткўзни ўзим сотиб олардим. Кейин иккимиз биргалашиб мактабга борардик, ўйнардик.

Тўғрисини айтсам, дўстим Сардорникидек ният менда ҳам йўқ эмасди. Эндичи, энди эса Тўрткўз йўқ. Унга аталган конфетларим ҳам анчагина йиғилиб қолган эди. Бобом ҳам уни соғинганимни англади чоғи аста ёнимга келиб, совуқ оҳангда – Қўявер кетгани яхши бўлди. Сенларга қолса, унга конфет беравериб, касал қилиб қўярдиларинг, – деб қўйди…

Орадан бир неча кун ўтганидан сўнг дарвоза зарб билан тақиллади. Ташқарига чиқсам, Сардор, ранги-қути ўчган, ўзи эса бир аҳволда.

– Юр, тез бўл, сенга бир нарсани кўрсатаман, – дея мени маҳалламизнинг сал нарироғидаги жарликка бошлади. Дўстимнинг ортидан эргашдим. Жарлик қия бўлиб, қуйида сув оқиб ўтар, унга етмасдан эса катта тут дарахти тарвақайлаб ўсиб, кенг шохларини сувга тўшаганди. Шохларининг қуюқлигидан дарахт пойи кўринмасди. Сардор майда тошлар билан сирғала-сирғала аста пастга тушди ва менга имлади. Ортидан тушдим. Бирданига аччиқ қўланса ҳид димоғимга урилди. Шунда аҳён-аҳёнда маҳалламизга келиб турадиган бу ёқимсиз ҳид шу ердан чиқаётганига амин бўлдим. Сардор бироз ҳолатимни тушунди чоғи, тутнинг қуюқ шохларини суриб аста очди-да менга дарахт тагидаги ҳурпайган нарсани кўрсатди. У Тўрткўз эди…

Яна ўқинг:  КОНСТИТУЦИЯ – ЁШ МУСАВВИРЛАР НИГОҲИДА

…Уйга қайтарканмиз, Сардор иккимиз бир-биримизга бир сўз ҳам айтмадик. Бечора Тўрткўзнинг аҳволини эсларканман димоғим ачишиб, кўзимда ёш қалқиди. Аммо буни Сардорга билдирмасликка ҳаракат қилдим.

Итнинг қорни шишиб кетган, оёқларини узатганича аянчли ҳолда жонсиз узала ётар, ўзига ярашган паҳмоқ жунлари ҳали ҳам жилосини йўқотмаган эди. Уни кўриб, бобомнинг сўзлари ёдимга тушди. “…конфетни кўп бераверма…” эҳтимол биз конфетни кўп берганимизга Тўрткўз ўлиб қолдимикин деб ўйладим… Мени кечир, Тўрткўз.

– Ҳозир бориб Анварни роса дўппослайман. Сардорнинг жаҳл оҳангидаги сўзлари хаёлимни бузиб юборди. – Тўрткўзни у ўлдирган. Нуқул, бечорани қорнига тепгани-тепган эди. Уч-тўрт кун аввал уйида бечорани роса ураётганини кўргандим. Ҳозир бораманда, мен ҳам боплаб қорнига тушираман.

Уйга келдим. Дарвоза ёнида хўрсиниб эндигина ичкарига киришга ошиқаётганимда бобом менга пешвоз чиқди. Аҳволимни сезгандай, аста сўради: – Қаерда эдинг?

– Жарда, тут тагида. У ерда Тўрткўз ўлиб ётибди.

Бобом жавобимга ажабланди чоғи менга маъноли тикилди-да, аста ёнимга ўтирди. Қўлларини елкамга қўйиб, гап бошлади: – Сендай пайтларимда бир итим бўларди. Ўзи ҳам жуда ақлли эди жонивор. Унга меҳрим бўлакча бўлган. Қисқаси, у болаликдаги дўстим эди. Нима бўлди-ю, у… Эҳ! Шунда бобом ёнимга келиб, кичик дўстим олдидаги дўстлик бурчини адо этишимни қаттиқ уқтирган. Бу дўстликнинг сўнгги бурчи дея тайинлаган. Орадан кўп йиллар ўтди. Бўлиб ўтган воқеа ёдимдан ҳам кўтарилди. Аммо, бобомнинг дўстлик борасидаги ўгити эсимдан ҳеч ҳам кўтарилгани йўқ. Унинг ҳурматини жойига қўйиб, оёқ остида қолмайдиган бир чеккага кўмгандим. Чунки, бобом менга дўстни бору йўғида ҳам ҳурматини жойига қўйиш кераклигини уқтирганди…

Бобомнинг сўзларини тинглар эканман, Сардор билан иккимиз Тўрткўз олдидаги дўстлик шартига содиқ қолганимиздан кўнглим бироз таскин топди.

Маърифат ТОЛИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: