Совға (ҳикоя)

Кўчада музлаган халқоб кўлмаклар устида сирпаниб дилини чоғлаётган болалар орасидаги кўзлари мунгли қизалоқ дабдурстдан дарвоза томон отилди. Ҳовлига кирдию ҳўнграб йиғлаб юборди. Рўзғор юмушлари билан куймаланиб юрган онаси хавотирланиб сўради:

– Нима бўлди? Йиқилдингми?..

Қизалоқ “лом-мим” демай уйга кириб кетди. Она жавраб кўчага чиқди. Қийқириб ўйнаётган болаларнинг бирпасда уни ўчди:

– Ким итариб юборди? Ким йиғлатди? Ким билан уришди?

Она қўшни болаларнинг юзига тарсаки тортгудек ғазабга минди. Болалар таажжуб билан орқага тисарилди:

– Биз ҳеч нарса қилмадик, –бирваракайига деди улар.

– Ҳеч нарса бўлмаса, нега йиғлайди? – Онанинг баттар хуноби ошди.

– Биз билмадик, – деди болалар бир-бирига қараб…

Қизалоқ шу оиланинг кенжаси – ҳамма унинг раъйига қарайди, инжиқлигини кўтаради. Лекин ҳеч қачон ҳозиргидек уввос солиб йиғламаган, аразламаган. Онанинг ич-этини изтироб кемира бошлади: “Ё бирор жойи оғридимикан?!”.

Уйга кириб ёстиққа юзини босиб йиғлаётган қизининг бошини меҳр билан силаб яна сўради:

– Нима гап, дардингни айт, жон қизим, бирор жойинг оғрияптими?

– Йўўқ! – Қиз яна ўксиб йиғига тушди.

Дили хуфтон онаизор яна кўчага ҳатлади. Қўшни болалар ҳадиксираб яхмалак ўйнашдан тўхтади. Бу гал аёлнинг авзойидаги жаҳлдан асар ҳам йўқ эди, юзу кўзида ўкинч бор эди:

– Ўзи нима бўлувди, болаларим, – деди она хомуш, – у нимадан хафа бўлди?

– Билмадик?! Ўйнаётганимизда анави… Йўлдош тоға саломлашиб ўтиб қолди. Кейин у… уйга югуриб кетди. Биз ҳам тушунмадик, – деб елка қисди девордармиён Қўзи калтанинг новча ўғли.

Она шу онда бир нарсани фаҳмлагандек бўлди.

Қишнинг тунд ҳавоси шифтига дуд урган хонани янаям зимистон қиларди. Она-бола бир-бирини қучоқлаб узоқ йиғлади: “Пиқ-пиқ-пиқ…” иккиси ҳам бир хил хаёл сурар, бир хил ғам чекарди.

…Қизалоқнинг отаси жуда хушчақчақ одам эди. Йўлдош тоға билан бир корхонада ишлар, аёнки, ҳар куни ишдан ҳамроҳ қайтарди. Албатта, отанинг ишдан келиши фарзандлар учун ҳамиша байрам. Айниқса, Янги йил арафасида ишхона маъмурияти томонидан ишчи-ходимларнинг фарзандларига бериб юборилган совғалар кичкинтойларнинг байрам завқини оширарди. Шунинг учун қизалоқ отасини байрам остонасида ҳар доимгидан ҳам интиқлик билан кутарди. Отаси ҳар йили шу паллада Йўлдош тоға билан бирга қайтишар, йўлхалтадан катта қадоқдаги совғани унинг қўлига тутарди…

Қизалоқ энди ҳеч қачон бундай бўлмаслигини бугун, яхмалак учиб турганда тушиниб қолди.

Йўлдош тоға ишдан ёлғиз қайтиб келар, устига-устак йўлхалтасининг оғзидан қизалоққа таниш қадоқда совғалар елкандек чайқалиб кетиб борарди…

 

Фахриддин ҲАЙИТ

Яна ўқинг:  Зарафшон арчаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: