Сайлов ва ёшлар: cайлаш ва сайланиш ҳуқуқи
Бугун мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ўттиз ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Давлатимиз, жамиятимиз ва кенг жамоатчилик мамлакат кўламида ёшлар масаласининг мазмун ва моҳиятига умумхалқ ҳаракати сифатида қараётганининг боиси ҳам ана шунда.
“Ёшларимизга нафақат ишонч билдириш, балки, уларга ўзлигини амалда намоён этиш учун майдонни кенгайтириш керак”, дея таъкидлаган эди мамлакатимиз раҳбари Ислом Каримов. Ёшларни сиёсий чиниқтирадиган ана шундай майдонлардан бири-мамлакатдаги сайловлар жараёнларидир. Таъбир жоиз бўлса, у ёшлар учун катта маҳорат мактаби бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларда белгиланган сайлов тўғрисидаги ҳуқуқий нормаларга эътибор берсангиз навқирон авлодга бўлган яна бир ғамхўрлик ўз ифодасини топганлигини ҳис қиласиз. Уларда ёшларнинг сиёсий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш назарда тутилади ва ҳаётда, жамиятда, муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга қаратилгандир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир, манбаидир” дейилган бўлса, 10-моддасида “Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин”, деб белгиланган. Демак, бу моддалар сайловлар катта аҳамиятга эга эканлигини акс эттириб турибди. Халқ ўз хоҳиш-иродасини сайловлар орқали амалга оширади ва шундай қилиб давлат ишларида, сиёсий ҳаётда ҳокимиятга сайлаб қўйган вакиллари орқали иштирок этади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси сайлов тизимига доир ҳуқуқий нормалар белгилаб қўйилган. Унда мамлакатимиз фуқаролари вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳамда ўз хоҳиш – иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги кафолатланган. Ушбу модданинг иккинчи бандида эса ёшларнинг сайлашга доир ҳуқуқий нормалари белгиланган. “Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар” деб таъкидланган. Бу модда фуқароларнинг, жумладан ёшларнинг фаол сайлаш ҳуқуқини белгилайди.
Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи ва унинг мазмун – моҳияти ҳақида сўз юритишдан олдин “сайлов нима?” деган саволга изоҳ бериб ўтиш керак. Ушбу тушунча бирон-бир органни яъни давлат, жамоат, халқаро ташкилот ва ҳакозоларни овоз бериш йўли билан шакллантириш демакдир. Сайлов ҳуқуқи тушунчасига келсак, у муҳим сиёсий ҳуқуқлардан бири бўлиб, фуқароларга нафақат вакиллик органларини ташкил этиш, балки бундай органларга ўз вакилларини юбориш имкониятини ҳам беради.
Сайлов ҳуқуқи тушунчаси иккита бўлиб, фаол ва пассив сайлов ҳуқуқига бўлинади. Фуқароларнинг сайлаб қўйиладиган органларни тузишда қатнашиши ҳуқуқи унинг фаол сайлов ҳуқуқи ҳисобланади. Фуқароларнинг сайлаб қўйиладиган органларнинг таркибига сайланишга бўлган ҳуқуқи эса унинг пассив сайлов ҳуқуқидир.
Фаол сайлов ҳуқуқи, яъни сайлаш ҳуқуқи бевосита демократиянинг бир кўриниши бўлиб, у ҳар бир фуқаронинг давлатни бошқаришда ўз вакилларини сайлаш билан иштирок этишини кўзда тутади. Бу ҳуқуққа Конституцияда белгиланганидек, 18 ёшга етган, муомалага лаёқатли мамлакат фуқаролари эга бўладилар. “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида таъкидланганидек, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий аҳволига, ирқий ва миллий мансублигига, жинси ва маълумотига, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сиёсий ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш таъқиқланади.
Фуқароларнинг пассив сайлов ҳуқуқи, яъни сайланиш ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқий норма номзоднинг сайловчилар томонидан эътироф этиладиган касбий ва ақлий фазилатлари билан боғлиқ бўлиб, фуқарога ҳокимият вакиллик органлари бошқарувида фаолият олиб бориш имкониятини яратади.
“Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланганидек, Қонунчилик палатасига сайланиш ҳуқуқига сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқаролари эгадирлар. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайланиш ҳуқуқига эса сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқаролари эгадирлар.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловларда қатнашмайдилар. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.
Сайлов куни сайловчилар фақат битта номзодни қўллаб-қувватлаб бир мартагина имзо қўйишга ҳақли. Бунда сайловчи ўз фамилиясини, исмини отасининг исмини туғилган йилини, яшаш жойи манзилини, паспортнинг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек, имзо қўйган санани кўрсатади. Агар у 18 ёшда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини ҳам ёзиши шарт. Овоз беришга келиш ва келмаслик, қандай овоз бериш ихтиёрийликка асосланади. Сайлов тадбирларида иштирок этмаганлик, овоз беришга келмаганлиги учун фуқарога ҳеч қандай чора кўрилмайди. Лекин сайлов жараёнида фаол иштирок этиш, овоз бериш натижаси ҳар бир фуқаронинг ўзи учун, овоз бериши мамлакат тақдирига таъсир этишини англаши учун зарур. Зеро, у ёшларга сайлов жараёнларида овоз беришда фаол иштирок этишдек фуқаролик ва ватанпарварлик бурчини юклайди.
Сайловларда ёшларнинг иштироки уларни тўлақонли шахс сифатида намоён қилади. Ўзларини жамиятнинг ҳуқуқий аъзолари сифатида ҳис қилишига сабаб бўлади.
Сайловга бефарқ қаровчи ёшлар сиёсий ҳаётда иштирок этмаган, демак ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланмаган бўлади.
Мамлакатимизда овоз бериш ихтиёрийлиги демократик тамойилларга мос келади. Баъзи мамлакатларда, масалан, Австрияда овоз берилмаганлик учун жарима белгиланган. Греция ва Туркияда ҳатто озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнатилган. Аргентинада эса овоз беришга келмаган сайловчига жарима солинади ва у уч йил давомида давлат мансабларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Ёшлар сайловларга юртимиз ҳаётидаги энг муҳим, жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига дахлдор, ҳар бир сайловчи тақдирига таъсир кўрсатадиган сиёсий воқеа сифатида ёндашишлари мамлакатнинг энг катта ютуқларидан биридир.
Жавлон Саъдуллаев