КУЗ ВА ҚИШ МАВСУМИ: ЎТКИР РЕСПИРАТОР ИНФЕКЦИЯЛАР АВЖ ОЛМАСЛИГИНИНГ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда ҳар йили 40 миллионга яқин киши ўткир респиратор инфекциялар билан оғрийди. Грипп ана шу инфекцияларнинг энг асосийсидир. Ушбу касаллик кенг тарқалган бўлиб, бу ҳақида кўпроқ маълумот беришни лозим деб биламиз.

Ўткир респиратор инфекциялар ҳаво-томчи йўли билан юқадиган ўткир инфекциялар гуруҳидир. У нафас йўлларининг турли соҳаларини зарарлайди. Уларнинг қўзғатувчилари грипп ва парагрипп вируслари, риновирус, респиратор-синцитиал вирус, коронавирус, реовирус, аденовирус ва бошқа микроорганизмлар бўлиши мумкин. Касалликнинг ўткир бошланиши, унинг одатда қисқа муддат давом этиши, катарал ўзгаришлар (йўтал, юқори нафас йўлларининг қизариши ва ҳакозо), тана ҳароратининг кўтарилиши ва интоксикация (тананинг микроблар таъсирида заҳарланиши) бу инфекцияларнинг асосий хусусиятларидир.

Аденовирус инфекциялари учун асосан ҳиқилдоқ, бодомсимон без, конъюнктива (кўз шиллиқ қавати)ларнинг зарарланиши, лимфа безларининг катталашиши ва тана ҳароратини ошиши хос бўлса, парагрипп учун ларингит, респиратор-синцитиал инфекция учун нафас йўллари пастки қисмларининг зарарланиши, коронавирус ва риновирус инфекциялари учун бурун шиллиқ қаватининг зарарланиши кўпроқ хосдир. Реовирус инфекцияси кўпроқ болаларда учрайди. Бунда нафас йўлларининг зарарланиши билан бирга овқат ҳазм қилиш тизими ҳам зарарланади. Шундай бўлсада, бу инфекцияларни унинг клиник манзарасига кўра фарқлаш анча мураккабдир. Бундан ташқари кўкйўтал, микоплазмали инфекция, энтеровирус инфекцияси, юқумли мононуклеоз, қорин тифи ва паратиф касалликлари, энтеровирус инфекцияси ва дифтерия (бўғма) каби оғир кечадиган касалликлардан ҳам ўз вақтида фарқлаш зарур.

Шунинг учун грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар аломатлари кузатилганда, албатта, шифокорга мурожаат қилиш зарур.

Грипп сўзи французча «гриппер» деган сўздан олинган бўлиб, у «қамраб олиш» деган маънони англатади. Вирус паст ҳароратда яхши ривожланади. Айниқса, грипп қиш фаслида кўп учрайди. Касалликнинг қўзғатувчиси жуда ўзгарувчан бўлиб, инсон танасида ҳам, ташқи муҳитда ҳам янги-янги штаммлари пайдо бўлиб туради.

Гриппга хос касаллик ҳақидаги маълумотлар эрамизгача бўлган 412 йилларда Гиппократ замонида ҳам маълум бўлган. Дастлаб бу касаллик «юқумли иситма» номи билан юритилган, кейинчалик «инфлюэнса», 1743 йилдан «грипп» деб юритила бошлаган.

У ҳаво-томчи йўли билан юқадиган ўткир вирусли инфекция бўлиб, организмнинг умумий заҳарланиши ва нафас йўлларининг зарарланиши билан кечади.

Яна ўқинг:  “Ёрдамга муҳтож” вирус: у ҳақида нималарни биламиз?

Хасталик вирусининг А, В ва С турлари мавжуд. Вируслар ташқи муҳитга чидамсиз бўлиб, қуёш нури ва дезинфекцияловчи(зарарсизлантирувчи) моддалар таъсирида тез нобуд бўлади. Лекин паст ҳароратда узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин. Вирус жуда ўзгарувчан бўлиб, инсон танасида ҳам, ташқи муҳитда ҳам янги-янги штаммлари пайдо бўлиб туради. Бу ҳолатда, табиийки, вируснинг хусусиятлари ҳам ўзгаради.

Касалликнинг дастлабки кунларида вирус организмдан кўп миқдорда ажралади. Бемор аксирганда, йўталганда ва гаплашганда ҳаво заррачалари ва сўлак томчилари билан атроф-муҳитга тарқалади ва яқин атрофдаги одамларга нафас йўллари орқали юқади. Соғлом инсон инфекция юқтирган кишига 1-2 метр яқинликда бўлганда касаллик юқиш хавфи ортади. Аҳоли зичлиги гриппнинг тарқалишини осонлаштиради. Касалликдан кейин ҳосил бўладиган иммунитет бир неча йиллар, ҳатто умр бўйи сақланиши мумкин. Алоҳида таъкидлаш лозим, бу иммунитет айнан шу касаллик турига нисбатан юзага чиқади. Бир мавсумда бир неча марта грипп билан касалланиш инсоннинг бошқа вирус штаммлари юқтирганлигини билдиради. Бундай ҳолат асосан иммунитети паст ва нимжон болаларда кўпроқ кузатилади.

Гриппнинг яширин даври бир неча соатдан 1-2 кунгача давом этади. Касаллик ўткир бошланади. Соғлом юрган одамнинг тўсатдан мазаси қочади: эти увишади, лоҳас бўлади, тана ҳарорати кўтарилади. Кейинчалик ҳарорат 39-40 С гача кўтарилади. Бунда бемор совқотади. Қўл-оёқ мушаклари ва суяклари қақшаб оғрийди. Беморнинг боши оғрийди, айниқса, бошнинг пешона ва чакка қисмларида оғриқ кучли бўлади. Баъзан бош айланиб, кўз тинади, уйқу бузилади. Кўзни ҳаракатлантирганда кўз соққасида оғриқ сезилади. Бурундан сув келади, томоқ қурийди ва қичиб оғрийди, қуруқ йўтал безовта қилади. Беморнинг юз териси қизариб, лаб ва бурун қанотлари олдида учуқ пайдо бўлиши мумкин. Касаллик оғир кечганда беморнинг кўнгли айниб қусади, бурни қонайди.

Гриппда асосан асаб тизими ва қон томирлари зарарланади. Бундан ташқари ангина(бодомча безларининг яллиғланиши), қулоқнинг яллиғланиши – отит, юрак мушакларининг зарарланиши – миокардит, буйракнинг яллиғланиши – пиелонефрит, мия пардасининг яллиғланиши – менингит ва ўпканинг яллиғланиши – пневмония(зотилжам) каби асоратларга сабаб бўлади. Касалликнинг кам учрайдиган, лекин жуда оғир кечадиган асоратларидан бири бош мия тўқимасининг яллиғланиши – энцефалитдир.

Яна ўқинг:  ОСИЁ ЎЙИНЛАРИДАН ҚАЙТИШДИ

Касаллик, айниқса, 1 ёшгача бўлган болалар ва кекса ёшдаги кишиларда оғир кечади ва турли асоратлар қолдиради. Бунга асосий сабаб болаларда иммунитетнинг тўлиқ шаклланмаганлиги бўлса, кекса ёшдаги кишиларда мавжуд сурункали касалликларнинг қўзғашидир.

Грипп ташхисини касалликнинг клиник аломатларига қараб қўйиш қийин эмас. Унинг лаборатория текширувлари замонавий юқори технологик текширув усулларига эга махсус лабораторияларда амалга оширилади. Кейинги йилларда грипп ва бошқа респиратор вирусли инфекцияларни аниқлашда замонавий текшириш усуллари ҳисобланган ИФТ (иммунофермент таҳлил) ва ПЗР (полимераза занжир реакцияси) кенг қўлланилмоқда. Бундай текширувлар вируснинг тури ва типини, касалланишни олдиндан аниқлаш ва вакцина ишлаб чиқиш учун муҳимдир.

Гриппни даволаш шифокор назоратида олиб борилади. Ётоқ режимига риоя қилинади. Беморни даволашда махсус парҳез тайинланмайди. Лекин иштаҳанинг пасайганлигини эътиборга олган ҳолда, одатда кўпроқ суюқ таомлар буюрилади. Яна турли суюқликларни ичиш тавсия қилинади. Лимон, малина ва турли мурабболар солинган чойлар, асал қўшилган чой, хонадонда тайёрланган шарбатлар илиқ ва иссиқ ҳолда тез-тез ичиб турилса мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, илиқ ҳолда газсиз минерал ва қайнатилган сувни ичиб туриш зарур.

Кўп ҳолларда гриппга чалинган кишилар касаллик аломатлари кузатила бошлаган бўлсада, «ўтиб кетади» қабилида иш тутиб шифокорга мурожаат қилишмайди ва аксарият ҳолларда касалликни оёқда ўтказадилар. Бу бир томондан атрофдагилар учун инфекция юқиш хавфини оширса, иккинчи томондан касалликнинг зўрайиши ва турли асоратлар қолдиришига имкон яратади. Ваҳоланки, касалликнинг бошланишидаёқ ётоқ режимига риоя қилган ҳолда ўз вақтида даво муолажалари ўтказилса, бемор тезда тузалиб кетиши табиий.

Бугунги кунда дунёда 100 дан ортиқ Грипп марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фармойишига кўра 2005 йилда Вирусология илмий текшириш институти қошида Грипп миллий маркази ташкил қилинди. Мамлакатимизда грипп ва бошқа респиратор вирусли инфекциялар билан касалланиш динамикасини ўрганиш, эпидемик вазиятни таҳлил қилиш ва олдиндан аниқлаш, замонавий лаборатория усулларини такомиллаштириш ва назоратини ўрнатиш ҳамда мониторинг ўтказиш, илмий изланишлар олиб бориш ва бу инфекцияларнинг тарқалишининг олдини олиш борасида тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш марказнинг асосий вазифаларидандир. Мазкур йўналишдаги тадбирларни амалга оширишда Республика давлат санитария эпидемиология назорати маркази (ДСЭНМ) билан ҳамкорликда фаолият юритилади.

Яна ўқинг:  Офтоб уриши ҳаёт учун хавфли

Махсус профилактика мақсадида грипп мавсуми бошланишидан олдин вакцина билан эмланади. Гриппга қарши вакцинани қўллаш касаллик тарқалишини кескин камайтиради. Иситиш мавсумига тайёргарлик тадбирлари ва болалар таътилларининг ташкил қилиниши ҳам грипп ва бошқа респиратор инфекцияларнинг тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Грипп мавсуми вақтида тиббиёт ходимлари, савдо ва бошқа аҳолига хизмат кўрсатувчи соҳа ходимлари ниқоб таққан ҳолда ишлашлари зарур.

Касаллик манбаи бўлмиш беморни эрта аниқлаш ва уларни соғлом кишилардан ажратиш муҳим. Бунинг учун у алоҳида хонага ётқизилиб, ётган жой тўсиқ билан ёпилади ва хаста киши шифокор назоратида даволанади. Катта ёшдаги кишилар касалликка мойил бўлган гуруҳ, яъни гўдак ёшидаги болаларни парвариш қилишда тўрт қаватли дока ниқоб ёки респиратордан фойдаланишлари зарур. Бемор ётган хона мунтазам равишда шамоллатиб турилиши керак. Хонани намлаб тозалаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мунтазам равишда организмни чиниқтирган кишига касаллик кам юқади. Юққан тақдирда ҳам у енгил ўтади ва асоратлар қолдирмайди. Шунинг учун соғлом турмуш тарзини шакллантириш: доимий бадантарбия билан шуғулланиш, тўғри овқатланиш, ўз вақтида ухлаш, дам олиш, ишни тўғри ташкил қилиш, яшаш ва иш жойларида санитария ва гигиена қоидаларига амал қилиш организмнинг ҳимоя кучлари(иммунитет)ни оширади. Бу тадбирлар организмни нафақат грипп, балки юқумли ва турли касалликлардан ҳам ҳимоя қилади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: