ТИББИЁТ ВА ИСЛОҲОТ: ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда

Инсон ва унинг манфаатлари устувор саналган мамлакатимизда эл соғлиғини мустаҳкамлаш, аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буларнинг барчаси истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самарасидир.

Мустақиллигимизнинг ўтган 21 йили мобайнида соғлиқни сақлаш тизимининг меъёрий-ҳуқуқий негизларини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 13та қонуни қабул қилинди ва қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Булар қаторига Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Давлат санитария назорати тўғрисида”, “Сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида”ги, “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишининг олдини олиш тўғрисида”, “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”, “Психиатрия ёрдами тўғрисида”, “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги, “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”, “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”, “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисда”ги қонунлар киради.

“Маърифат маркази” мажмуидаги Симпозиумлар саройида 2011 йил 26 ноябрь куни “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она — соғлом бола” мавзуидаги халқаро симпозиумнинг ўтказилганлиги бу борадаги ислоҳотларнинг жаҳонда эътироф этилишидир.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Соғлом она-соғлом бола” дастури бугунги кунга келиб умуммиллий ҳаракатга айланди. Айни пайтда ушбу муҳим дастурнинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий-амалий марказлари, туғруқхона мажмуалари ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари, қарийиб 3200 дан зиёд қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилди.

Бугунги кунда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш миллий моделига мувофиқ, оналар ва болалар соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, перинатал, скрининг марказлари, туғруққа кўмаклашиш ҳамда педиатрия муассасаларининг моддий техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш каби вазифалар бизнинг олдимизда турибди.

Ўзбекистон Республикаси қўшилган илк халқаро ҳужжатлардан бири БМТнинг 1992 йил 9 декабрда парламентимиз томонидан ратификация қилинган “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциясидир. 2008 йил 8 январда эса “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди. Шунингдек, мамлакатимизда илк давлат мукофотларидан бири “Соғлом авлод учун” орденининг таъсис этилиши ҳам рамзий маънога эга.

Яна ўқинг:  ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ – АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ АСРАЙДИ

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 13 апрелдаги “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2009 йил 1 июлдаги “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мутаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларини янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури ҳаётга изчил тадбиқ этиб келинмоқда.

Айниқса, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш, тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш, замонавий талаблар ва стандартларга мувофиқ аҳолига юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш, Республика соғлиқни сақлаш тизимида бошқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг илғор шакл ҳамда услубларини жорий этиш мақсадида 2011 йил 28 ноябрь куни давлатимиз раҳбарининг “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда 2012-2015 йилларда аҳолига, айниқса, қишлоқ жойларда, юқори сифатли бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишида кенг имкониятлар яратилишини таъминлаш, фуқароларга профилактика ва соғлиқни муҳофаза қилиш бўйича кенг маълумот бериш, диагностика ҳамда амбулатория-профилактика муассасаларининг иш самарадорлигини тубдан ошириш кўзда тутилган.

Замонавий, халқаро тажрибадан ўтказилган ташкилий ва молиявий менежмент усулларини татбиқ этиб Республика Ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, энг замонавий тиббиёт ускунлари билан жиҳозлаш ва доимий равишда қайта жиҳозлашга ҳукуматимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Хулоса қилиб айтганда, ўтган йиллар ичида соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4та фармони, 20дан ортиқ қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 100га яқин қарори, тизимга оид 300га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бу амалга оширилган ишлар соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантиришга, шу билан биргаликда бу борада қонунчиликни такомиллаштиришга самарали хизмат қилади.

Ибодатхон ЮЛДАШЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар Қўмитаси аъзоси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: