Йўл ҳаракати қоидалари ҲУШЁРЛИККА ЧОРЛАЙДИ

Йўллар… бу бепоён манзиллар сизу бизни кўзлаган еримизга эсон-омон етказиши энг аввало ўзимизга боғлиқ. Биргина мисол: кичкинтойни қўлидан етаклаб кетаётган бобо-ю бувижонлар ёки ота-оналар, хуллас катталар унинг илк қадамлариданоқ йўлингда эҳтиёт бўлиб юргин, шошилма, машиналар қатновига эътибор бериш лозим, – дея уқтириб боришса болакай албатта унга амал қилишга интилади. Унинг жажжи тафаккурида йўлда юришнинг ҳам ўзига хос қонун-қоидалари борлиги ҳақида илк тасаввур пайдо бўлади.

Бир қарашда болажонларнинг билиши ва амал қилиши лозим бўлган нарсалар унчалик ҳам мураккаб эмасдек, аммо қоидалар йўлларда содир этилиши мумкин бўлган кўнгилсизликларнинг олдини олиш, ҳаётга соя солиш эҳтимоли мавжуд бўлган хавфни бартараф этиш мақсадида, демакки сиз-у бизнинг мақсадимизни кўзлаган ҳолда ишлаб чиқилган ва ҳаётга татбиқ этилган. Хоҳ ўғил хоҳ қиз бўлсин зурриётимизни соғ-саломат ҳолда камолга етиб келгусида эл корига ярайдиган фарзанд бўлиши учун нафақат аждодларимиз тарихини билиши, коинот сирларини ўрганиши, замонавий техник қурилмалардан фойдалана олишни билиши, балки “Йўл ҳаракати қоидалари”ни ҳам мукаммал ўзлаштириши ва унга амал қилиши лозимлигини эслатиб боришимиз шарт.

Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, хусусан, “Ўзбекистон Республикасида болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича 2010-2015 йилларга мўлжалланган Давлат Дастури”нинг ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқа қилиш бўлинмаси томонидан бир қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Бўлинма бошлиғи, подполковник Зойир Сайидалиев бошчилигида иш олиб бораётган инспекторлар болалар иштирокида юз бераётган ҳодисаларни олдини олишга қаратилган йўналишларда жойларда кенг қамровли тадбирларни ташкил этиб, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида мунтазам равишда турли тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказишмоқда.

– Асосий вазифамиз йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолиятида тарғибот ва ташвиқот ишларини ташкиллаштириш, ОАВ ҳамда кенг жамоатчилик билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш, халқимизга йўл ҳаракати хавфсизлигига оид қонунлар, меъёрий ҳужжатларни тушунтириш, болалар ўртасида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш каби ишларни амалга оширишдан иборат. Тошкент шаҳар Халқ таълими Бош бошқармаси, “Камолот” ЁИҲ, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлими каби ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган туман, шаҳар, республика миқёсидаги “Яшил чироқ”, Ўзбекистон Республикаси Қизил Ярим Ой жамиятининг Тошкент шаҳар бўлими билан ҳамкорликда “Саломатликнинг ёш дўстлари” каби мусобақалар болажонларни йўл ҳаракати хавфсизлиги борасидаги билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаб бораяпти. “1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” байрами муносабати билан ташкил этилган “Тарғибот автокарвони”, ҳар йили 2 сентябрдан 12 сентябрга қадар ўтказиб келинаётган “Диққат, болалар!” тадбири, шунингдек, йўл ҳаракатига оид китоблар, ўқув қўлланмалари, роликлар, турли кўргазмали воситалар ҳам бу борада қўл келмоқда. Натижада жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида болалар билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари ўтган йилга нисбатан 21 тага, жабрланганлар сони 31 тага камайган, – дейди бўлинма инспектори, майор Алишер Абдуқодиров.

Яна ўқинг:  САНЪАТКОРЛАР СИНФИ

Мактабларнинг юқори синфларида “Ёш автоназоратчилар” гуруҳи, қизлар ўртасидаги “Санитария пости” гуруҳи тузилган. 10-15 нафар ўқувчилардан иборат “Ёш автоназоратчилар” гуруҳи аъзолари махсус формага эга бўлиб улар ҳам таълим масканидаги тарғибот ишларида, ўтказилаётган мусобақаларда фаол иштирок этишмоқда. – Ушбу гуруҳлар билан олиб бораётган ишларимиз ҳам ўз самарасини бермоқда, – дея таъкидлайди бўлинма инспектори, капитан Мирзоулуғбек Алимов. – Ана шундай гуруҳлардан бири пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган 17-мактабда тузилган. Ўқувчилар йўл қоидалари тўғрисидаги билимларни пухта эгаллаганлиги боис Жиззах вилоятининг Зомин туманида мактаб ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган республика миқёсидаги автоназоратчиларнинг “Яшил чироқ” мусобақаларида фахрли I ўринни қўлга киритишди. “Бола бошидан, ақл ёшдан”, деганларидек кези келганда болаларга доимо амал қилиши лозим бўлган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг айрим талабларини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз. Бунда ота-оналарнинг ҳам муносиб ҳиссаси бўлиши лозим. Кичик дўстларимиз йўлнинг қатнов қисмини фақат махсус белгиланган жойларидан кесиб ўтиши, светофор ва йўл чизиқларининг талабларига риоя қилишлари шарт. Яқинлашиб келаётган транспорт воситалари олдидан чопиб ўтмаслик, пиёдалар йўлакчаси бўлмаган жойларда, йўлнинг четидан, транспорт ҳаракатига қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиши лозим. Йўлнинг қатнов қисмига уйлар, тўхтаб турган транспорт воситалари, дарахтлар орқасидан югуриб чиқмаслиги керак.

Ҳа, Мирзоулуғбек ака айтганидек болалар ҳаракат серқатнов йўлларда катталарнинг ёрдамидан фойдаланишлари шарт.

Дарҳақиқат, “Йўл қоидаси– умр фойдаси” эканлигини болажонларимиз аввало оила даврасида сўнгра мактабгача таълим муассасаларида кейинчалик мактабда пухта ўрганишади. Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг Вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича услубчиси Саодат Султонованинг айтишича мактабларда йўл ҳаракати қоидаларига оид бўлиб ўтаётган жонли мулоқотлар, турли тадбирларда ота-оналарнинг ҳам иштирок этиши айни муддао бўлмоқда. Бу борада Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқа қилиш бўлинмаси ходимлари билан узвий ҳамкорлигимиз қўл келмоқда.

Айни вақтда мазкур бўлинманинг ойнаижаҳон орқали бериб борилаётган “Пойтахт йўлларида”, “Болажон” каналидаги “Йўл сабоқлари” каби кўрсатувларидан барча баҳраманд бўлмоқда. Сизу бизни ҳамиша ҳушёр ва сергак бўлишга чорловчи йўл қоидаларига барчамиз амал қилсак кўзланган мақсадга эришамиз. Ҳеч вақт шошма-шошарлик қилманг. Ана шунда йўлингиз равон, ҳаётингиз фаровон бўлиши муқаррардир, азиз юртдошлар!

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: