МАЪРИФАТ ФИДОЙИЛАРИГА ЭҲТИРОМ

“Туркистон” саройида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда жисмонан соғлом, маънан етук, ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад йўлида ҳалол ва фидокорона меҳнат қилаётган ўқитувчи ва мураббийлар халқимиз ардоғида. Бир неча йилдан буён юртимизда 1 октябрь Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланаётгани масъулиятли ва шарафли касб эгаларининг обрў-эътибори янада юксалиб, меҳнати қадр топаётганининг ёрқин ифодасидир.

Таълим соҳаси раҳбарлари, фаол ўқитувчи ва мураббийлар 30 сентябрь куни пойтахтимиздаги ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган замонавий иншоотлар, таълим, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш муассасалари фаолияти билан танишди.

Шу куни “Туркистон” саройида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари ўқитувчилари, мураббийлар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ баркамол авлодни тарбиялаш, малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим воситаси сифатида таълим соҳасини тубдан ислоҳ этишга алоҳида эътибор қаратилди. “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга кенг жорий этилиши, бу борада амалга оширилган эзгу чора-тадбирлар кўлами ва мазмун-моҳияти билан мамлакатимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган ва кам бўлмайдиган навқирон авлодни вояга етказиш учун мустаҳкам замин яратди.

Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури асосида мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларининг деярли барчаси капитал реконструкция қилиниб, замонавий андозалар асосида юзлаб янги мактаблар қурилди. Мактабгача таълим муассасалари, махсус мактаб-интернатлар, “Баркамол авлод” болалар марказлари, спорт, мусиқа ва санъат мактаблари, педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, уларнинг фаолияти давр руҳига мос тарзда йўлга қўйилди.

Бугунги кунда таълим ахборот-коммуникация технологиялари ва масофали таълим асосида ривожланмоқда. Бу инновацион жараёнда фаол иштирок этишни тақозо этаётир. Шу боис аввало ўқитувчини илғор педагогик технологиялар ва интерфаол усуллардан унумли фойдаланадиган ижодкор-устоз даражасига кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки бугунги ўқувчига янги фикр, янги маълумот, янги услуб керак.

Яна ўқинг:  ЯХШИ САБОҚ булоққа ўхшайди

Ўқитувчиларнинг малака ва маҳоратини ошириш, самарали меҳнат қилиши учун барча шароит ва имкониятларни яратиш, меҳнатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жиҳатлар халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган ўқитувчилар фаолиятида ўз ифодасини топмоқда. Педагоглар меҳнатини рағбатлантириш борасидаги ғамхўрлик туфайли ўтган йиллар мобайнида умумтаълим, олий ва ўрта махсус таълим тизимидаги юзлаб устоз ва мураббийлар Ватанимизнинг юксак унвонларига, орден ва медалларига сазовор бўлди. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари борлиги янада қувончлидир.

– Ўқитувчидек шарафли ва заҳматли касб эгаларининг меҳнати истиқлол йилларида эъзоз ва эҳтиром топди, – дейди Андижон вилояти Олтинкўл иқтисодиёт коллежи директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Шукуржон Маматқулов. – Президентимизнинг устоз-мураббийларга кўрсатаётган ана шундай эътибори барча педагогларни мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, фарзандларимизни комил инсонлар этиб тарбиялашдек эзгу ишларда уларга қанот бўлмоқда.

Педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантиришга оид амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар натижасида ўқитувчиларнинг ўртача меҳнат ҳақи 2006 йил 1 сентябрига нисбатан 9 баробарга оширилди.

Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, хорижий тилларни пухта биладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароит яратмоқда. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларининг инглиз, немис, француз тили ўқитувчиларини қайта тайёрлаш, билим ва малакасини юксалтириш бўйича кўплаб лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. 2014-2015 ўқув йилида чет тили ўқитувчиларига бўлган эҳтиёж таҳлил этилиб, амалдаги ўқитувчиларнинг педагогик юкламаларини 1,5 ставкагача ошириш, бошқа чет тили ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг ишга келиши ҳисобидан қоплаш чоралари кўрилди.

Чет тили ўқитувчилари Давлат тест маркази томонидан доимий равишда синовдан ўтказилиб, уларнинг маошига қишлоқ жойларда 30 фоиз ва бошқа таълим муассасаларида 15 фоиз миқдорида қўшимчалар бериб борилмоқда. Бу масъулиятли ва шарафли касб соҳибларини ўз устида тинимсиз ишлашга, баркамол авлод тарбиясида янада фаол бўлишга ундамоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 12 номдаги ўқув қуроллари, мактаб сумкасидан иборат совғаси таркибида инглиз, немис, француз тилларида яратилган дарсликлар мажмуалари бўлиб, бу йил 1-синфга борган 587 мингдан зиёд болаларга туҳфа қилинди.

Яна ўқинг:  Адибга эҳтиром

Президентимизнинг 2014 йил 29 сентябрдаги фармонига мувофиқ мамлакатимиз маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида вояга етказишга қўшган салмоқли ҳиссаси, уларга фан асосларини ҳамда замонавий касб-ҳунарларни ўргатишдаги жонкуярлиги, таълим-тарбия соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати ва жамоат ишларидаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” республика кўрик-танлови таълим фидойиларининг ўзаро фикр алмашишига, ўқув жараёнига янгича услуб ва шаклларни татбиқ этишга имкон яратмоқда. Ўз фани бўйича ўзига хос тажриба мактаби яратган, ҳар бир дарсни ўқувчиларнинг ёшига мос, қизиқарли ҳамда турли кўргазмали воситалар билан ўтаётган илғор педагоглар меҳнати туфайли юртимиз таълим тизими, ўқувчиларнинг билим даражаси тобора юксалмоқда.

Тантанали йиғилишда мазкур танловларнинг 2014 йилги ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

– Мазкур кўрик-танлов илғор, ташаббускор, ижодкор педагоглар тажрибасини кенг оммалаштиришга хизмат қилмоқда, – дейди танлов ғолиби, Чилонзор туманидаги 162-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ширин Ниёзметова. – Бу таълим-тарбия мазмунини янада такомиллаштириш билан бирга устозларни ёш авлод тарбиясидек мураккаб ва шарафли ишга масъулият билан ёндашишга, янада фаол бўлишга, давлатимиз томонидан яратилаётган қулайлик ва имкониятларнинг қадрига етишга ундаётир.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида барча умумтаълим мактабларида “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгашининг фаолияти йўлга қўйилди. Бу маърифий-маънавий ишлар сифатини доимий таҳлил этиб бориш, ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқиш ва иштиёқини кучайтириш, 9-синфни тамомлаган ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Эртамиз эгалари бўлган навқирон авлод ҳаётдан муносиб ўрнини топса, турмушидан, Ватанидан рози бўлиб, умр бўйи бунёдкорлик руҳи билан яшайди. Бугун юртимизда замонавий таълим стандартлари асосида жиҳозланган 1,5 мингдан ортиқ академик лицей ва касб-ҳунар коллежида ёшларга ўзи танлаган йўналиш ва соҳа сирлари ўргатилмоқда. Уларга кучли рақобатни енгган, юқори балл тўплаган ёшлар қабул қилинмоқда. Таълим жараёнига юксак касб маҳорати ва тажрибага эга муҳандис-педагогларнинг жалб қилингани, уларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилаётгани, “коллеж – корхона” ҳамкорлиги доирасида ўтказилаётган назарий ва амалий машғулотлар узвийлик касб этаётгани таълим самарадорлигини оширмоқда.

Яна ўқинг:  Hunari borning – hayoti obod

Истиқлол йилларида мамлакатимиз олий таълим тизими бакалавриат ва магистратурадан иборат икки босқичли халқаро стандартга ўтказилди.

Маросимда Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати директори, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Шоҳида Орипова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Энахон Сиддиқова, бокс бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзоси, ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинлари ғолиби Бектемир Мелиқўзиев ва бошқалар таълим-тарбия, илм-фан, маънавият ва маърифат тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар келажагимиз эгалари бўлган ёшларни Ватанимизга, буюк аждодларимизга муносиб фарзанд этиб тарбиялашдек эзгу мақсадга йўналтирилганини таъкидлади. Ушбу эзгу мақсадга бутун борлиғини бахш этаётган касб соҳибларини қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган ғамхўрлик ва эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида концерт намойиш этилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И.Собиров, Қонунчилик палатасининг Спикери Д.Тошмуҳамедова, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.

Дилшод КАРИМОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: