ЧИҚИНДИ: уни қайта ишлаб фойдаланса бўладими?

Мутахассисларнинг фикрича, чиқиндиларни қайта ишлаш – анча даромадли соҳа. Қиммат бирламчи хомашёни сотиб олиш шарт эмас. Бугун бу борада юртимизда ҳам сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Айни пайтда республикамиз миқёсида 70 га яқин чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар фаолият юритаётгани фикримиз тасдиғидир.

Жаҳондаги энг тоза шаҳар

Ҳозирги кунда чикинди муаммоси кўплаб давлатлар, айниқса, туризм соҳаси тараққий этган мамлакатлар учун жиддий «бош оғриғи» бўлаётгани рост. Бу борада қатъий чоралар кўриш бўйича мутлақ рекордчи сифатида айнан Сингапур тан олинган. Чиқиндини дуч келган жойга ташлаган киши 500 Сингапур доллари (бу қарийб 400 АҚШ долларига тенг) миқдорида жаримага тортилади. Агар қоидабузарлик қайта такрорланса, айбдор ахлоқ тузатиш ишлари, баъзан қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Яна бир қизиқ ҳолат. Резина сақич мамлакатда «мислсиз офат» деб эълон қилинган. Нафақат уни кўчага ташлаш, балки Сингапур ҳудудига олиб киришга уриниш ҳам яхшигина жазоланади.

Мамлакат расмийлари бундай тартибни қуйидагича изоҳлашади: Сингапур – энг йирик мегаполис, сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган маскан. Агар барчаси ўз ҳолига ташлаб қўйилса, жазирама иқлим шароитида мамлакат экотизими таназзулга юз тутиши муқаррар.

Бундан йигирма йилча олдин бошланган саъй-ҳаракатлар беиз кетмади. Аста-секин аҳоли орасида ягона тушунча шаклланиб борди: «Чиқиндини фақат қутига ташлаш керак!». Сўнгги йилларда Сингапурнинг бир неча марта «Жаҳондаги энг тоза шаҳар» унвонига сазовор бўлаётгани ҳам шундан.

Тозалик назарияси

Мутахассисларнинг уқтиришича, ўтган асрнинг 60-йилларида чиқинди «бало»си инсониятга ҳозиргидек хавф солмаган.

Сабаби оддий: бу вақтда пластик пакет ва алюминий банкалар ҳали ўйлаб топилмаган. Бир марталик қадоқлаш воситалари ҳақида эса гап-сўз йўқ эди ҳисоби. Озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун ўша кезлари кенг урфда бўлган мустаҳкам бозор сумкалари ишлатиларди. Сут, сметана ва салқин ичимликлар шиша идишда сотилар, кейинчалик уларни махсус қабул пунктига топшириб, эвазига пул олиш мумкин эди.

Бунинг устига чиқиндилар атроф-муҳитга у қадар зарар келтирмасди. Аммо бугун технологиялар ниҳоятда ривожланган, маҳсулот турлари кўпайгандан-кўпайган. Шу навбатда қадоқ ўрамлари ҳам. Муаммони ҳал этиш осон кечмаслиги аниқ. Шундай бўлса-да, айрим ривожланган мамлакатлар чиқиндига қарши курашишнинг самарали йўлларини топа олишди. Бу борада жаҳон тажрибаси билан атрофлича танишиш фойдадан холи бўлмайди.

Яна ўқинг:  Xabarlar, yangiliklar, voqealar (2014/37)

Сўнгги вақтда жаҳон жамоатчилиги орасида «zero Waste» тушунчаси пайдо бўлди. Ушбу иборани сўзма-сўз ўзбек тилига таржима қилсак, «ноль чиқиндилар» деган маънони беради. Бу ўзига хос тозалик назарияси бўлиб, унга кўра, аслида табиатда чиқинди умуман бўлмайди, балки такрор фойдаланиш эҳтимоли мавжуд маҳсулот бор. Яъни бирор буюм шунчаки чиқиндига чиқариб юборилмайди, аксинча иккиламчи қайта ишланиб, истеъмол учун яроқли ҳолга келтирилади. Бу, ўз навбатида, чиқиндига қарши курашиш соҳасида «янги саҳифа» очди.

Германия биринчилардан бўлиб чиқиндиларни алоҳида-алоҳида тўплашни жорий қилган мамлакат ҳисобланади. Дастлаб иш пластикдан қилинган ва қайта ишлаш мумкин бўлган маҳсулот ўрамларига махсус белги қўйишдан бошланганди. Шундан сўнг ҳар бир хонадонда қўшимча қути ўрнатилди. Унга махсус белги қўйилган ўрамларни ташлаш мумкин эди. Бора-бора чиқиндиларни саралашнинг мазкур тизими янада ривожлантирилди. Битта сариқ бочка ёнига бир неча рангдаги қутилар қўшилди. Айни вақтда уларнинг сони 8-10 тага етади. Эндиликда пластикдан ташқари қоғоз, шиша, металл, озиқ-овқат чиқиндиларига ҳам махсус контейнерлар ажратилган. Ҳозирги кунда чиқиндиларни қайта ишлаш саноати алоҳида соҳа сифатида тўлиқ шаклланган.

Японлар учун қоидалар шунчалик кўпки, уларни эслаб қолиш осон эмас. Буни эътиборга олган ҳукумат аҳоли учун махсус қўлланма ишлаб чиққан. Кунчиқар юртда чиқиндиларни тўплаш борасида қатъий тартиб жорий қилинган. Мисол учун, айрим чиқиндиларни аҳолидан йиғиб олиш учун муайян вақт белгиланган. Агар кимдир бирор сабаб билан уларни тегишли муддатда топширишга улгурмаса, кейинги кунгача уйида сақлашига тўғри келади. Японлар чиқиндини ташқарига чиқариб қўйишни камдан-кам унутишади, мавжуд қоидага қатъий риоя қилишга ҳаракат қилишади. Акс ҳолда бу қўшнилар олдида шармандалик ҳисобланади.

Қўшма Штатларда эса «Чиқиндини қайта ишлаш» халқаро куни кенг миқёсда нишонланади. Бундан мақсад – жамоатчилик эътиборини ушбу муаммога жалб қилиш.

Қайта ишлаш – ягона чора

Статистик маълумотларга қараганда, бугун дунёда чиқиндиларнинг фақат 2 фоизи қайта ишланади. Бир қисми ёндириб юборилса, қолгани махсус жойларда кўмилади. Ҳозирги кунда чиқиндиларнинг 800 дан ортиқ тури қайд этилган. Уларнинг сони келгусида янада ортиши эҳтимоли йўқ эмас.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда республикамизда йилига ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларининг ҳосил бўлиш миқдори 100 миллион тоннани ташкил этади. Унинг 35 миллион тоннаси маиший чиқиндилар бўлиб, улар шаҳар ва қишлоқ чиқиндихоналарига жойлаштирилмоқда. Ўз навбатида ўртача ҳар бир миллион маиший чиқинди билан 360 минг тонна озиқ-овқат чиқиндилари, 160 минг тонна қоғоз ва картон, 55 минг тоннага яқин текстиль, 45 минг тоннага яқин пластмасса ва бошқа қимматли компонентлар йўқотилади.

Шундан утилизация қилинадиган чиқиндилар 2 фоизни ташкил этади. Айни вақтда юртимизда чиқиндини қайта ишлаш борасида самарали ишлар амалга оширилаётир.

Яна ўқинг:  Бюджет маблағлари – қатъий назорат остида

Биргина Тошкент шина тиклаш заводида 1,5 минг тонна чиқинди қайта ишланади. Завод замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозлаган. Корхонада қайта ишланаётган шиналардан олинаётган каучукдан бир неча хил резина маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Қайта ишлаш жараёнида ажратилаётган сим «Ўзметкомбинат» очиқ акциядорлик жамиятига топширилмоқда.

Тайёрланган товарлар шартнома асосида «Ўзбекистон темир йўллари», «Ўзавтосаноат» компаниялари ва бошқа корхоналарга етказиб берилаётир.

Бухоронинг «Махсусавтохўжалик» корхонасида чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш бўйича завод ишга туширилди. Ҳозирги вақтда корхонада 10 та ихтисослашган «ISUZU» машиналари ва 3 та самосвал бор, ҳар ой 37 нафар ходим махсус техникалар ёрдамида 65 та маҳалладан 300 минг тоннага яқин чиқиндини олиб чиқади. Яқин вақт ичида қўшимча 10 та «MAN» ва «HOWO» русумидаги чиқинди ташиш автомобилларини сотиб олиш режалаштирилган.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: