Булоқнинг ҳаётбахшлиги

Ташаббускор ва тадбиркор инсон юзага чиққунча етти қат ер остидан сизиб чиққан булоқдек узоқ йўл босади. Мустақил Ўзбекис­тон ҳақида ҳам, унинг янги тузилган кўплаб ташкилотларидан бири “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ҳақида ҳам ана шундай дейиш мумкин….

Гулнора Йўлдошева ҳам биллур булоқдек ҳаётда ўз йўлини кўп излади, хўп излади. Сўқмоқлар катта йўлга барибир олиб чиққанидек унинг умр манзили улкан йўлга мустақил Ўзбекистон йўлига келиб туташгунча тинмади, тинчимади. Чидам, меҳнат, машаққат деган сўзларнинг таъмини у болалигидан туйди.

Вақт елдирим. Кўз очиб юмгунча ҳафталар, ойлар, йиллар ғизиллаб ўтиб кетаверади. Тақдир уни олижаноб инсонларга йўлдош қилди. Оналик, аёллик, етук мутахассислик, раҳбарлик, депутатлик бахтига муяссар бўлди. Бугунги кунда босиб ўтган йўлларини эслаб, элга муносиб манфаати текканини ҳис қилиб, хурсанд бўлади.

Мамлакатимиз раҳбарининг Фармони билан 1993 йил “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси таъсис этилганда Гулнора Йўлдошева бошқарув раиси сифатида фаолиятини бошлади. Ўша пайтда мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ордени – “Соғлом авлод учун” ҳам таъсис этилди. Мана шу далилларнинг ўзи ҳам мамлакатимизда баркамол авлод тарбиялаш иши давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини ифодалаб турибди.

Халқимиз генофондини, насл-насабини яхшилаш ва ёш авлоднинг маънавий ва жисмоний баркамоллиги йўлида ушбу жамоа ташкилоти кенг қамровли тадбирларни амалга оширди.

Дарҳақиқат, сир эмас, истиқлолнинг илк кунларида расмий тиббиёт ҳар бир оила ва ҳар бир одамни қамраб олиш имкониятига эга эмас эди. Жамғарма асосан ана шунга эътиборини қаратди. Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” хал­қаро хайрия жамғармаси Германиянинг “Карл-Цейс Йена” фирмасидан 15 та автомобиль-амбулатория сотиб олди. Унинг ёрдамида республикамизнинг узоқ қишлоқларидаги оналарни ва болаларни тўла текширувдан ўтказиш имконияти яратилди.

Иккинчи улуғвор ишлардан бири – “Она ва бола скрининги” марказларининг ташкил этилишига тамал тоши ўша пайт­да қўйилди. Бугунги кунда ҳар бир вилоятда бу марказнинг филиаллари ишлаб турибди. Ногирон болалар туғилишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда “Ҳомиладор аёллар муҳофазаси” махсус дастури ишлаб чиқилди. Бунда аёлларнинг дастлабки ҳомиладорлиги даврида кузатиб бориш назарда тутилади. Финландиядан аппаратлар ва реактивлар сотиб олинди.

Яна ўқинг:  БОЛА НУТҚИ РАВОН БЎЛСА

Корея Ресубликаси билан имзоланган шартномага кўра, у пайтларда Кореяга болалар онаси билан бирга бепул юборилган бўлса, бугунги кунда мамлакатимизнинг ўзида корея­лик врачлар билан бирга жарроҳлик ишлари амалга оширилаяпти. Бу бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими ривожланганлигини ва тиббий муассасаларнинг замонавий тиббий техника билан жиҳозлаш юксалганлигини акс эттиради.

Жамғарманинг дастлабки фаолият даврида амалга оширган яна бир савобли иши – “СОС Киндердорф” – жаҳон ташкилотининг Ўзбекистон бўлимини ташкил этилганидир. Дастлаб “СОС” болалар маҳалласи фақат Тошкентда ташкил қилинган бўлса, бугунги кунда қатор вилоятларда унинг бўлимлари ишлаб турибди.

Жамғарма ўз фаолиятида мамлакатимизнинг суянчи, таянчи бўладиган соғ­лом болаларга ҳам алоҳида эътибор берди. Иқтидорли талаба ва ўқувчиларга жамғарманинг стипендияси ташкил этилди.

Наманган вилоятидаги “Паҳлавон” спорт мажмуаси теннис кортларида ўтказилаётган “Дэвис кубоги” мусобақасида иштирок этаётган Фаррух Дўстов ҳақида эшитганимда, унинг жамғарма томонидан ўсмирлар ўртасида ўтказилган теннис мусобақаларидаги иштироки ёдимга тушди. У кетма-кет уч йил ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда ғолиб бўлганди. Жамғарма кашф қилган бола бугун жаҳон беллашувларида Ўзбекистон байроғини кўтаряпти.

Менинг сўзимни маъқуллар экан, опа яна бир мисолни келтирди: – Лола деган ўн уч яшар қиз Кореяда операция бўлиб қайтган эди. Ҳозир эгизак болаларнинг онаси. Байрамларда телефон қилиб йўқлаганида қувониб кетаман. Аслида биз бир воситачи, бу мамлакатимизда амалга оширилаётган улуғвор савоб ишларнинг бир нуқтаси, холос. Биласизми, Ўзбекистонимизнинг ўзига хослиги нимада!? Юртимизнинг тинчлигида, меҳнаткаш халқимизнинг оғир-вазминлигида, баракали қўлларида, – дейди опа завқ билан.

Юртимизда бизни қувонтирадиган буюк кунлар кўп. Мамлакатимиз истиқлолга эришган кун – Мустақиллик куни – байрам. Қадриятлари давом этаётган Наврўз – улуғ айём. Фарзандларини камолини кўрган куни халқимиз учун байрам. Рустам Қосимжонов, Фаррух Дўстов каби фарзандларимиз мустақил Ўзбекистонни дунёга танитмоқда. Ватанимиз жамолида ҳам, мустақил Ўзбекистон тузган ташкилотлар фаолиятида ҳам юртимиз кишиларининг тақдирида ҳам булоқнинг ҳаётбахшлиги мавжуд.

Шунингдек, опа билан суҳбатлашиб, мен бу аёлнинг табиатида ҳам ҳамиша йўл излайдиган булоқнинг ҳаётбахшлигини кўрдим.

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: