Яхши яшаш бахти

Эркин ва озод Ватанда яшаётганимизга ҳам 23 йил бўлди. Хўш, бу қисқа давр мобайнида нималар ўзгарди? Қўлга киритган энг катта ютуғимиз нимада? Аввало, Президентимиз таъбири билан айтганда, одамлар ўзгарди. Уларнинг онгу тафаккури янгиланди. Дунёқараши ўсди. Ён-атрофимизда бўлаётган барча воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси шаклланди. Муҳими, эртанги кунга ишонч ортди. Мустақил йигирма уч йиллик тараққиёт йўлимиз учун бундан ортиқ эътироф айтиш мушкул. Бу шунчаки айтилган гап эмас. Бу топилма – ниҳоятда улкан бойлик. Зеро ҳаётни, дунёни, яшаш тарзини ўзгартирадиган, янгилайдиган бу – инсон.

Айни пайтда юртимизнинг чекка ҳудудларигача замонавий қиёфа касб этаётгани, янги-янги хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этилаётгани мамлакатимизда инсон ва унинг манфаатлари давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан далолат. Биргина болалар кийим-кечаклари ишлаб чиқариш жадал суръатларда ўсгани фикримиз тасдиғидир.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган

Бугун юртимиз бозорлари болалар кийим-кечакларига тўлиб-тошган. Хориждан импорт бўлиб кириб келаётган маҳсулотлар ёнида ўзининг бежиримлиги, сифати билан мамлакатимизда фаолият юритаётган корхоналарда ишлаб яиқарилган кийим-кечаклар ҳам ўрин олгани қувонарли ҳол. Муҳими бу товарларга эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда. Боиси, мазкур йўналишдаги ишлаб чиқариш объектлари сони ошиб, улар ўртасида соғлом рақобат муҳити қарор топмоқда. Ўзбекистон Республикаси давлат Статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда айни пайтда мамлакатимизда 122 та кичик ёшдаги болалар учун тирикотаж кийимлар ва уларнинг аксессуарлари ҳамда 13 та ўқувчилар мактаб кийим-кечаклари ишлаб чиқарадиган корхоналар фаолият юритмоқда. Қувонарлиси, ушбу корхоналар маҳсулоти “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” савдо белгиси остида экспорт қилиняпти. Бу бир томондан пул айланмасини яхшиласа, иккинчи томондан нафақат халқаро, балки маҳаллий бозорларимизни ҳам сифатли маҳсулотлар билан тўлишига хизмат қилади.

Пойтахтимиздаги “Бек Барака” савдо мажмуасини айланарканмиз, янги либосларга маҳлиё бўлаётган, уни кийиб кўриб, олам-олам қувонч туяётган болажонларга кўзимиз тушади. Уларнинг аксарияти чиройли, бежирим кийим-кечакларни танлаётганини кўриб эса ҳайратингиз ошади. Дарҳақиқат, бугун нафақат катталарда, балки болаларда ҳам кийиниш маданияти шаклланиб бормоқда.

– Икки нафар фарзандим бор, – дейди биз билан суҳбатда пойтахтлик Феруза Шораҳимова. – Кўриб турганингиздек, улар ҳали мактаб ёшига етмаган бўлишига қарамай, ўзлари учун либос танлаш борасида чаққон. Лекин мен уларга имкон қадар ҳам чиройли, ҳам сифатли, ҳам арзон кийим-кечак танлаб, олиб бераман. “Шундай маҳсулот бормикан”, деб ўйлаётгандирсиз-а?! Бор, ўзимизнинг корхоналарда ишлаб чиқарилганлари худди бизга мос: арзон, сифатли ва бежирим.

Яна ўқинг:  Балоғат бекатида

Ҳаммаси халқ фаровонлиги учун

Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг туб моҳиятида инсонларнинг фаровон турмуш кечириши, тинч ва хотиржам яшаши ўз ифодасини топган. Айни пайтда жонажон Ўзбекистонимиз 120 га яқин давлат билан ташқи иқтисодий алоқалар ўрнатган. Хусусан, болалар кийим-кечаклари ишлаб чиқарадиган қўшма корхоналар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бораётир. Ўзбекистон Республикаси давлат Статистика қўмитаси маълумотларига қараганда айни пайтда уларнинг сони 28 тага етган. Мазкур ишлаб чиқариш объектларининг аксарияти Тошкент шаҳри ва вилояти, Наманган, Сирдарё ҳамда Фарғона вилоятларига тўғри келиши эса мазкур ҳудудларда саноатнинг жадал ривожланиши ва ишсизлар сонининг кескин камайишига замин ҳозирламоқда. Шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш суръатлари ортишига омил бўлаётир. Ўтган 2013 йил юртимизда соҳадаги ишлаб чиқариш ҳажми 26538,9 минг донани ташкил қилган бўлса, бу йилги режалар ушбу кўрсатгични янада оширишдан иборат.

Тадбиркорлик фаолияти кенгайиб, саноат соҳасининг ривожланишига ҳисса қўшаётган корхоналардан яна бири “Dong San International” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида фаолият юритмоқда. Мазкур корхона 2010 йил Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигида ишга туширилган бўлиб, унда дастлаб ўқувчилар учун мактаб формаси, кейинчалик трикотаж буюмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

– Маҳсулотлар асосан Россия, Корея, Хитой ва яна бир қанча йирик давлатларга экспорт қилинади, – дейди корхона иш бошқарувчиси Аброр Лутфитдинов. – Шунингдек, ишлаб чиқарган буюмларимиз юртимизнинг деярли барча бозорларида харидоргир. Ўзимизнинг табиий бойлигимиз пахтадан мато ишлаб чиқарилади ва болалар кийим-кечаклари тикилади. Бу эса уларнинг соғлом ўсишини таъминлайди. Корхонамизда юзга яқин ходим меҳнат қилади. Шулардан 75 фоизини ёшлар ташкил этади. Уларнинг аксарияти эса касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир. Муассасамизда ишчилар учун барча шароитлар муҳайё. Уларга байрам кунлари қўшимча иш ҳақи тўланади, жамоа билан тез-тез тадбирлар уюштирилади, деярли ҳар ой шифокор назоратидан ўтишади. Биз ишчилар сонини янада кўпайтирмоқчимиз. Келгусида режаларимиз корхонанинг ҳудудини кенгайтириш, ишлаб чиқариш кўламини оширишдан иборатдир.

2011 йилда ўз фаолиятини бошлаган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “FRESH STYLE” чет эл корхонаси ҳам юртимиз иқтисодий салоҳиятига ўз улушини қўшаётган корхоналардан. Қисқа вақт ичида мазкур корхона халқаро бозорда ўз ўрнини эгаллади. Бу ерда йилига 1 миллиард донадан зиёд трикотаж буюмлари тайёрланади ва Россия давлатига экспорт қилинади. Энг муҳими, мамлакатимизда фаолият юритаётган 122 та корхона замонавий техника-технология билан таъминланган. Бу эса ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши ва ишчилар учун қулайликлар яратишда асқотмоқда.

Яна ўқинг:  Асосий ғалабалар ҳали олдинда

Таъкидлаш жоиз, юртимизнинг иқтисодий салоҳияти кун сайин ўсиб боришида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, хусусан, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур бўладиган ер-жой, имтиёзли кредитлар ажратилиши соҳа тараққиётида бош омил бўлаётир. Бу саъй-ҳаракатлар эса, аввало, халқ фаровонлиги учун хизмат қилмоқда.

Бизда бори қайда бор?!

2000 йил “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилиниши соҳадаги ютуқларнинг ҳуқуқий асоси бўлди. Натижада нафақат, корхоналар, балки оилавий корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар, касаначи ва ҳунармандлар фаолияти янги босқичга кўтарилди. Хусусан, болалар кийим-кечаклари ишлаб чиқарувчи Сурхондарё вилоятида “Элёр-Трикотаж”, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида “Амирхон инвест”, Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида “Абдулатиф текстиль”, Бувайда туманида “Муниса – Зебо текстиль”, Учкўприк туманида “Шукрона саноат текстиль”, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида “Азизхон гранд текс”, Учтепа туманида “Маҳмуд авлодлари”, Чилонзор туманида “Муаззамхон чевар” ва яна шу каби кўплаб оилавий корхоналар ташкил этилди ва уларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда.

– Жорий йилнинг Соғлом бола йили, деб эълон қилиниши зиммамизга катта масъулият юклайди, – дейди Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Азалиум” масъулияти чекланган жамияти директори Азиза Қодирова. – Ҳар бир бола бир олам. Уларнинг қизиқиши, орзу-истаклари либосларида ҳам акс этиши лозим. Шу мақсадда миллий либослар дизайнини замонавийлаштириб, урф-одатларимиз, менталитетимизга мослаб кийим-кечаклар ишлаб чиқаряпмиз. Биласизми, либос ҳам киши маънавиятини белгилайди. Буни эса болаликдан шакллантириш мақсадга мувофиқ.

Корхонада йилига 240 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 75 нафар ишчи иш самарадорлиги ортишига ўз ҳиссасини қўшаётир. Маҳсулотларимиз 100 фоиз пахта матосидан тайёрланади. Шунинг учунми, халқаро ва маҳаллий бозорда кийим-кечакларимиз харидоргир.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида барча соҳалар каби болалар трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳам жадал суръатларда ўсди. Натижада бозорларимиз сифатли кийим-кечаклар билан бойитилди. Ўз юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар болаларимиз чиройига чирой қўшмоқда. Ҳа, истиқлол кишиларга яшаш бахтини, аниқроғи, яхши яшаш бахтини туҳфа этди.

Дилдора ҚАРШИБОЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: