Ҳайрат дақиқаларининг ҳақиқатлари

Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Юртбошимиз театр санъатига алоҳида этибор қаратиб, мамлакатимизда мавжуд театрларни қайта таъмирлаш, замонавий жиҳозлар ўрнатиш, иқтидорли ёшлар учун студиялар ташкил этишни йўлга қўйди. Бугунга келиб, театрдан томошабин аримайди. Бу, ўз навбатида, халқнинг маърифати, маданияти тобора юксалиб бораётганидан далолат беради. Ўзининг ҳалол меҳнати туфайли эл эъзозига сазовор бўлаётган актёрлар маънавият тарғиботчиси сифатида эл орасида қадр топмоқда. Ана шундай ўз касбининг фидойиларидан бири Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов билан кечаги кун хотиралари ва бугуннинг истиқболли онлари ҳақида суҳбатлашдик.

“Президентимизнинг “Ўзбек Миллий академик драма театрининг юз йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди”. Биргина шу сўз замирида халқимизнинг бой маданий мероси ва анъаналарини асраб-авайлаш, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида камол топтиришдек эзгу мақсад мужассам. Зеро, театр кишилар маънавий оламини шакллантирадиган қудратли кучга эга. Шу боис ҳам у ибратхона дея эъзозланади.

Истиқлолнинг қарийб йигирма уч йиллик даври мобайнида юртимизда барча соҳада улкан ўзгаришлар, ривожланиш палласи бўлди ва давом этяпти. Хусусан, санъат соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Тажрибали устоз сифатида, кичкинтойлар учун мўлжалланган спектакллар ҳақида қандай фикрдасиз?

– Ёш авлод бизнинг бугунимиз, эртамиз давомчиларидир. Уларнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб улғайишлари учун театр ижодкорлари ҳам ўз ҳиссасини қўшяпти. Мана, Соғлом бола йили муносабати билан Республика ёш томошабинлар театри қайта таъмирланди, кетма-кет янги спектакллар намойиш этиляпти. Эртак қаҳрамонларининг турли-туман саргузаштлари кичкинтойларга олам-олам қувонч улашмоқда. Қолаверса, Ўзбек Миллий академик драма театрида ҳам байрам кунлари болажонлар учун томошалар ташкил этилади. Катталар боласини телевизор қаршисига “михламасдан” театрларга олиб борса, уларнинг маънавий олами янада бойийди, маърифатли, теран фикрли бўлиб вояга етади.

Эркин ака, ёшлигингизда болалар театри бўлганми? Умуман, сизнинг болалигингиз қандай ўтган-у, набираларингиз қандай улғаймоқда?

Очиғи, мен кутган савол бўлди. Мен Андижон вилояти Кўрпа қишлоғида туғилганман. Уйимизда битта сиёҳдон ва битта ручка бор эди. Эрталаб Фаридахон синглим ручка ва сиёҳдонни олиб мактабга кетарди. У қайтгач, ручка билан сиёҳдонни кўтариб мен мактабга борардим. Биз оилада йигирма икки нафар фарзандмиз. Ака-укалар бир-биримизнинг кийимимизни кийиб, кураш тушиб, топганимизни ўртада тақсимлаб, оч қолган пайтларимиз бир-биримизга суяниб катта бўлганмиз. Болалар театри йўқ эди. Ёшларнинг бели меҳнатдан дол бўларди. Оға-инилар, сингилларим билан далада меҳнат қилганмиз, мактабдан қолиб, пахта терганмиз. Байрамларимиз таъқиқланиб, сумалаклар, ҳалимлар ариққа оқизилганини кўрганмиз. Заҳматли кунлар эртак мисоли хотирамда қолди. Тинчлик шарофати билан барча қадриятларимиз, урф-одатларимиз қайта тикланди. Қаранг, ҳар кунимиз байрамдай ўтади-я! Ёшларнинг салоҳиятини айтмайсизми?! Юртимизнинг истаган жойига борсангиз коллежлар, лицейлар барпо этилган. Ёшларнинг ўқиб-изланишлари учун барча имкониятлар яратилган. Фарзандларини севувчи шундай юрт яна қаерда бор?! Ҳозир дориламон замонда яшаяпмиз. 21 нафар набирам, биттагина эварам фаровон замонда, тинчлик-хотиржамликда улғаймоқда. Набираларимдан бири Америкада ўқийди, яна бири Японияда. Қолганлари ҳам олий ўқув юртларида таҳсил оляпти.

Яна ўқинг:  Vatan

Ҳаётни бежиз оқар сувга менгзашмайди. Одамлар умри давомида ўзлари учун янгиликларни кашф қилишга интилади. Аммо ҳар ким ҳам яшашнинг асл саодатини англаб етмайдигандай. Даврлар силсиласини кўрган инсон сифатида умр мазмуни нимада деб биласиз?

– Атоқли шоир Муҳаммад Юсуф ёзганидек: “Одам бўлиб келдик, одам бўлайлик. Эл, юрт дардига малҳам бўлайлик”. Бола-чақам, турмушим, ишим, деб умримиз ўтаётганини билмай қоламиз. Аммо инсоннинг мақсади фақат пул топишдан иборат эмас-ку, тўғрими?! Киши фақат ўз манфаатини кўзлаб эмас, атрофдагиларга ҳам эзгулик улашиб яшаса, ҳаёти фараҳбахш, умри мазмунли ўтади. Ўзгалар дарди билан яшаш ҳақиқий инсонийлик белгисидир.

Биргина мисол, илгари одамлар “қўшни ҳаққи” деган гапга қаттиқ риоя этишган. Қозондаги овқатидан бир коса, ярим коса қўшнисига чиқарган. Онам раҳматли, тандирда иссиқ нон ёпса, биттасини сочиққа ўраб, “Эркинбой болам, мана бу нонни Раҳима холангга олиб чиқиб бер”, деб қўлимга тутқазарди.

Маҳаллада кимнингдир уйида ҳашар бўлса, етти ёшдан етмиш ёшгача ҳаммамиз бирдек меҳнат қилардик. Дошқозонларда ош пишириб, дастурхон атрофида жам бўлардик. Кимнингдир бошига ташвиш тушса, хонадонида нотинчлик бўлса, мушкулотда қолиб зориқса, жимгина қараб ўтирмасдан уларга ёрдам бериш зарур. Яшашдан асл мақсад ҳам шудир. Ахир, инсон билан тирикдир инсон, дейишадику!

Инсонлар орасидаги меҳр-оқибат йўқоляпти, демоқчимисиз?

– Йўқ, ундай демоқчи эмасман. Халқимиз азалдан бағри кенг, саховатпеша. Уларнинг бошидан сув ўгириб ичса арзийди. Ҳалол, виждонли, бировнинг кўнглини қолдирмайдиган, бошқаларнинг ризқига хиёнат қилмайдиган, меҳр-мурувватли. Лекин муҳит ўзгармоқда. Дунёнинг турли ҳудудларида сиёсий бўҳронлар авж олиб, кишилар орасида ваҳима, хавотир кучайиб бормоқда. Бундай таҳликали пайтда юртимиздаги тинчлик-осойишталикни қадрига етиш, кўз қорачиғидек асраш зарур. Бунинг учун эса бола тарбиясига янада жиддийроқ қараш керак бўлади. Отанинг дарди пул топиш, онанинг иши сериал кўриш билан чекланса, назоратсиз қолган фарзанд турли оқим ёки муҳит таъсирига тушиб қолади.

“Темур тиғи етмаган жойни, қалам билан олди Алишер”, – дейди Абдулла Орипов. Мана, биз кимларнинг ворисларимиз. Уларга муносиб иш кўришимиз, шарафли йўлини давом эттиришимиз ҳам фарз, ҳам қарздир. Истиқлол берган имкониятдан унумли фойдаланишни, шижоатини хайрли ишларга йўналтиришни ҳар бир бола онгига сингдириш керак. Бугун ёшларга берилаётган имтиёзлар бир пайтлар биз учун орзу эди. Бирор соҳани танлашга, бир оғиз гапиришга ҳадиксирардик. Қани, энди мен ҳам ҳозир навқирон давримга қайтсам-у, озод юртимда мириқиб ўқисам, меҳнат қилсам, бир қанча соҳанинг мутахассиси бўлсам!

Яна ўқинг:  АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИГА ҲАМИША КАМАРБАСТА

Фарзанд тарбияси ҳақида гап борар экан, сиз ижодкорсиз, доимо изланишда бўласиз. Болалар тарбиясига қачон вақт ажратасиз?

– Ўзбек аёли ўзининг жасурлиги, фидойилиги билан дунёни лол қолдирган. Фарзанд тарбиясида оқила умр йўлдошим ёрдам беради. Ҳар қандай вазиятда менга суянч, оиламизга таянч бўлади. Ишдан қайтганимда рафиқам болаларга “Дадангиз келди, тез кутиб олинглар, қани”, дейди. Бири сумкамни олган, бири кийимларимни тайёрлаган, бири хонтахта атрофига кўрпача солган, бири ошхонада онасига ёрдам беради. Бу оилада отага бўлган ҳурмат белгиси. Тўғри, мен ижодий сафарларда кўп бўламан, лекин оиламни назоратсиз қолдирмайман. Ўғилларим, қизларим ортидан бирор марта номаъқул гап эшитмаганман. Ҳаммаси тарбияли, ўқимишли, оилали. Улар билан фахрланаман. Эр-хотин бу кунларга етгунча етти нафар болани катта машаққат, сабр билан вояга етказдик. Ҳамфикрлик, меҳр-муҳаббат, садоқат оиланинг мустаҳкам занжиридир. Болаларим – давлатим, санъатим – роҳатим, фароғатимдир.

Сиз дунё кезган, юрт, миллат кўрган инсонсиз. Ватан меҳри, қадрдонлар дийдоридан азизроқ нарса йўқ, шундай эмасми?

– Яқинда Истамбулда янги “Гумроҳлар” номли фильмни суратга олиш учун бордик. Муҳаммаджон исмли бир тадбиркорнинг вилласида яшадик. Мен ҳўл меваларни яхши кўраман. Тошкентдан сафар халтамга олма, тут, яна бир икки хил мевалардан солиб олгандим. Муҳаммаджон дўстимиз, тутдан бир-иккитасини едида, ўйланиб қолди. Бироздан кейин кўзларида ёш айланди. Тинчликми биродар, дедим. “Эркин ака, мен ўзбекман. Бир пайтлар отамни ноҳақ айблаб, қулоқ қилишган. Ўшанда ёш эдим. Отам билан отга миниб, Афғон юртига йўл олганмиз. Кечки пайт бир тут дарахтининг ёнида тўхтаб, хуржундан нон олиб, ариқдаги сувга ботириб еганмиз. Отам тут териб берган. Шу билан қорин тўйдириб, Ватанимиздан йиғлаб-йиғлаб узоқлашгандик. Мен ҳали-ҳануз ариқдаги сувни, тутни, қишлоғимни соғинаман!”

Унинг гапларини тинглаб, юрагим увушди. Ҳар кимнинг ўз Ватани, тупроғидан айирмасин. Бобур Мирзо ўзга юртларда яшаганда дард тўла мисралар битган. Ерга кўмилган бойликлар учун эмас, Ватанига бўлган соғинчи ўртагани учун Андижон йўлларига кўз тикиб ўтган. Юртимизга кўз тегмасин, Оллоҳ назари тушган диёр. Истиқлол шарофати билан барчанинг хонадони тинч, ризқимиз бутун, ҳамма ўз маҳалласи, қишлоғида шоду-хуррам яшаяпти.

Яна ўқинг:  Vaqt tulpori

Ватанимиз кун сайин чирой очмоқда. Эрта тонгдан кўчаларга сув сепилган, атроф турфа хил анвойи гулларга бурканган, баланд иншоотлар қад ростлаган, замон андозасига мос уйлар қуриляпти. Рангин фавворалар, истироҳат боғлари, хуллас, бу мўжизаларнинг кетма-кетлигини санаб адоғига етолмайсиз. Санъат ва маданият, савдо-саноат, туризм, техника, механика, армия, илм-фан, барча-барча соҳада жаҳоннинг етакчи мамлакатлари билан бўйлашяпмиз. Ер ости ва ер усти бойликларимиз ўзимизники, қўшни юртлар билан аҳил-иноқмиз. Энг муҳими, мусаффо осмонимизда қуёш нур сочиб турибди. Болаларимиз кўзида қувонч, кексаларимиз тилида шукроналик, хонадонларимиз файзли, дастурхонларимиз тўкин. Бундай давр ҳали келган эмас. Қушлар эркин парвоз қилаётган юртимиз мустақиллиги барқарор бўлсин!

Дилдора ҚАРШИБОЕВА

суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: