ОҚИЛА АЁЛ – хонадон кўрки
Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг фаолияти таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда бошқарув аъзолари, вазирлик, идора ва жамоат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан 2013-2014 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурининг бажарилиши юзасидан белгиланган вазифалар ижроси атрофлича таҳлил этилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, 2014 йилнинг ўтган олти ойи давомида хотин-қизларни иш билан таъминлаш дастурига асосан 228 минг 800 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилиши ҳамда якка тартибда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларга 521,4 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилиши юртимизда аёлларга берилаётган эътиборнинг кўламини белгилайди.
Шунингдек, хотин-қизлар саломатлигини асраш, профилактика чораларини кучайтириш масаласи қўмита фаолиятининг доимий эътиборида эканлиги ва жорий йилнинг январь-май ойларида турли ҳудудлардаги 5 миллион 772 мингдан ортиқ аёл ва салкам 6 миллион бола тиббий кўрикдан ўтказилди. Таъкидлаш жоиз, турли спорт секторларида ҳамда кўпгина мусобақаларда аёлларнинг фаоллиги жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланаётган хотин-қизлар сафи кенгайиб бораётганидан далолатдир.
М.ТОЛИПОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири