РЎЗА ВА САЛОМАТЛИК
(Давоми. Боши ўтган сонда)
Дунё олимлари рўзанинг соғлиққа фойдаси ҳақида бир қанча фикрларни билдирганлар. Рўза туфайли жигар ўзига тушадиган юкдан дам олади. Ва дам олиш асносида вужуд учун ҳаётий зарур моддаларни ишлаб чиқаради. Бунинг натижасида эса инсоннинг муҳофазаланиш тизими қувватланади.
Рўзанинг асаб тизимига берган энг катта фойдаси унинг қаттиқ ҳаяжондан юзага келувчи руҳий зарбаларни йўқ қилишидир. Руҳий зарбалар эса маълумки, соғлиқнинг душманидир. Рўзанинг бутун бир тизимларга сезиларли таъсири охир-оқибатда бир қатор умумий неъматлар олиб келади. Масалан, жигар дам олгани учун вужуд хавфсизлигига тайёрланган ҳимоячи моддалар кучлироқ бўлади. Айни шу ҳодиса туфайли рўзадан сўнг ўзимизни бардамроқ ҳис қиламиз. Жисмимиздаги ортиқча хилтлар эрийди, иштаҳасиз ва заиф кишилар кучга кирадилар.
Рўзанинг тиббий ҳикматлари бўйича мутахассис доктор Хелга Бухлер “очлик эълон қилиш” билан “рўза” орасидаги фарқни шундай ифодалайди:
“Иккисининг орасидаги фарқ инсоннинг ниятидир. Рўза мусбат ва истакли ҳаракатдир. Очлик эълон қилишнинг манбаи эса ғазаб ва норозиликдир. Маълумки, ғазабланиш ва асабийлашиш ҳолатлари меъда шираси кислотасининг ишлаб чиқарилишига, бу эса ўз навбатида очликка сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам рўзадор киши очликни ҳис этмас экан, очлик эълон қилган одам кучли очликнинг чангалига тушади”.
Бизда Рамазон рўзасини тутиш ҳақида нотўғри тушунча бор. Булар, кўпроқ ухлаш, кўпроқ овқат ейиш, озиқ-овқат ғамлаш кабилардир. Зеро, Имом Ғаззолий айтганлар: “Саҳарлигинглар оддий кундалик нонуштанглар каби бўлсин. Ифторинглар эса оддий кечки таоминглар каби бўлсин”.
Рўзадан кўзланган асосий мақсадлардан бири озиқ-овқатдан дам олиш, уни кам истеъмол қилишдир.
Бу билан танамизга енгиллик бериб, унинг соғлигини тиклаш мумкин.
(Давоми бор.)
Одилхон қори Юнусхон ўғли,
Шайхонтоҳур тумани бош имом хатиби