Инсон саломатлигини таъминлаш улуғвор мақсадга айланди
– дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдувоҳид Содиқов
Эндигина атак-чечак қилиб остонадан кўчага отланаётган болакайнинг нигоҳидаги ҳурлик, эркинликка бўлган интилиш беихтиёр киши кўнглини мунаввар этади. Дарҳақиқат, инсоният яралибдики, ўзига ўзи бек, озод фикрли бўлиш йўлида жонбозлик кўрсатади. Улкан-улкан режалар тузади. Келажакка дадил қадамлар билан боради. Буни қарийб йигирма уч йиллик давр мобайнида халқимиз дунёқараши кескин ўзгарганида кўриш мумкин. 1991 йил 31 август юртимиз тарихида зарҳал ҳарфлар билан битилганидек, мустақиллик кишиларни фаровон турмуш, ёрқин ҳаёт сари етакловчи энг муқаддас чорлов бўлиб янгради.
Истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол бўлиб улғайиши йўлида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Айниқса, ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун хизмат қилиши қарийб бир асрлик давр мобайнида эрки, ҳуқуқлари, маданияти камситилган халқимизнинг эзгу орзу-умидларини ўзида ифодалади. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ она ва бола саломатлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани фикримизнинг тасдиғидир.
– Ўз эркига эришган Ватанимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида ҳар қанча ҳавас билан гапирсак оз, – дейди биз билан суҳбатда малакали шифокор, сил касалликлари бўйича мутахассис, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Абдувоҳид Содиқов. – Ана шу юксак эътибор ўзбек халқига сўнмас ишонч ва ироданинг шаклланишига омил бўлди. Бугун фахр билан айтиш мумкин, ҳар бир ўзбек боласининг тили истиқлол деб чиқмоқда. Уларнинг қон-қонига ҳурлик сингиб, вояга етмоқда. Бунда эса албатта, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилган улкан ислоҳотлар ҳам сабабдир. Ахир, соғлом кишигина соғлом ва эзгу ғоялар оғушида яшайди. Оиласи, маҳалла ва Ватан тараққиёти йўлида тер тўкиб меҳнат қилади.
Биласизми, ҳар қандай ривожланиш ўзликни англашдан бошланади. Зеро, Президентимиз “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, деган ғояни илгари сургани бугун нечоғли ҳақиқат экани ҳаммага маълум. Биз буюк аждодларимизнинг, жумладан Абу Али ибн Синонинг чинакам авлоди эканимизни дунё аҳлига намойиш қила олдик.
Айни пайтда юртимиз тиббиёт муассасаларида энг мураккаб ҳисобланган юрак ва асаб билан боғлиқ жарроҳлик ишлари амалга оширилмоқда. Уларнинг аксарияти муваффақиятли якун топаётгани эса қувонарли ҳолдир. 25-30 йил олдин “Ўзбекистондан шундай малакали врачлар етишиб чиқади”, деса ҳеч ким ишонмасди. Бу истиқлол шарофати, албатта. Биргина сил касалликларининг олдини олиш, унинг ўзгаларга юқиш ҳолатларини камайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Шулардан бири, беморни алоҳида махсус шифохоналарда, ёпиқ жойда даволашни жорий этишдир. Аслида бу кишилар саломатлигини муҳофаза қилиш, беморларни эса тегишли мутахассислар даволашига замин яратади. Қолаверса, янги туғилган чақалоқ уч кунлик бўлиши билан силга қарши эмланади.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида тиббиёт муассасалари замонавий даволаш ускуналари, сўнгги русумдаги тиббий асбоб-анжомлар билан таъминланмоқда. Аҳоли орасида тиббий маданиятни шакллантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Олис ҳудудларда жойлашган қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларда ҳар бир киши қамраб олиниб, мавсумий ва доимий тиббий кўрикдан ўтказилаётгани ҳам айни ҳақиқатдир.
– Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга боғлиқ тарғибот-тушунтириш ишларини олиб борамиз, – дейди А.Содиқов. – Туманлар марказий шифохоналари, ҚВПларнинг замонавий қиёфа касб этгани кишини севинтиради. Олдин эса биргина тиббий ускуна олиш учун ҳам марказдан рухсатнома керак бўларди. Ёдимда, ўтган асрнинг 60-йилларида Китоб туманидаги Паландара қишлоғи ҳудудида сил касалликлари санаторияси очилишини сўраб устозим Шокир Алимов Москвага тинимсиз қатнар ва узоқ уринишлар натижасида муваффақиятга эришганди. Ҳар хил баҳоналар билан марказдагилар қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдиришдан чарчамасди. Аччиқ ҳақиқат бўлса-да, айтаман. Ўзбек халқи фақат қора меҳнат учун фарзанд улғайтирарди. Юртимиздаги болалар ва қариялар ўлими собиқ Иттифоқда юқори кўрсаткични ташкил этарди. Бу маҳаллий раҳбарлардан бошқа ҳеч бир масъулни ташвишлантирмасди. “Мустақиллик бизга нима берди”, деган саволга ҳеч иккиланмасдан улкан имкониятлар берди, деб айтиш мумкин. Мен Тошкент Педиатрия тиббиёт институтида талабаларга сабоқ бераман. Уларнинг изланиши, билими, дунёқараши одамни ҳайратлантиради. Улар нафақат даволашни, балки давоси йўқ касалликларни ҳам аниқлаш борасида ишлар олиб бормоқда, билим доирасини кенгайтириш учун хорижнинг илғор давлатларида таҳсил олаётир. Талабалар замонавий билим эгаллаши учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Лаборатория хоналари сўнгги жиҳозлар, кутубхоналари эса керакли ўқув қўлланмалари билан таъминланган. Уларга фақат бу кунларнинг қадрига етишни, Ватанимизни кўз қорачиғидай асрашни, халқимиз саломатлигини таъминлашни олий вазифа сифатида билиши лозимлигини уқтираман. Боиси, биз талабалик вақтимизда фақат биринчи ёрдам бериш ва касалликлар ҳақида назарий билим билан чекланиб қолганмиз, холос. Ҳозир шогирдларим орасидан мураккаб жарроҳлик амалиётларини амалга ошираётганлари борлигини кўриб қувонаман.
Ҳа, истиқлол халқимизга бебаҳо бойлик – тинчликни ва осойишта юртда жисмонан ва маънан соғлом яшаш бахтини инъом этди. Айни пайтда халқаро экспертларнинг катта қизиқиши ва ҳайратига сабаб бўлаётган соғлиқни сақлаш борасидаги ислоҳотлар ҳам инсон ва унинг манфаатлари, орзу-умидларининг рўёбга чиқиши йўлидаги собитқадам юксалишнинг амалий ифодасидир.
Баҳодир ҲАЛИМОВ