Табиий дармондорилар
Азалдан Шарқ табобатида мева ва сабзавотларнинг инсон саломатлигига ижобий таъсирига катта аҳамият берилган. Чунки, улар организмни соғломлаштириш, мустаҳкамлаш ва ёшаришда муҳим ўрин тутади. Қуйида баъзи мева ва сабзавотларнинг хосиятлари ҳақида қисқача маълумот берамиз.
Олма. Унинг таркибида 15 фоизгача қанд, органик кислоталар, пектин, микроэлементлардан темир, калий, магний, мис, кобальт, С, В1, В2, РР витаминлари бор. У юракни қувватлантириб, яхши кайфият бағишлайди.
Ўрик. Калий ва темир моддаларига бой. Юрак-қон томир, камқонлик касалликларида катта ёрдам беради. Шакар моддаси кўп бўлганлиги учун қанд касали билан оғриган беморга тавсия қилинмайди.
Апельсин. Бош айланишида, кўз тинишида, иштаҳа йўқлигида, силла қуришида, меъда-ичак тизим фаолиятини яхшилашда, жигар, гипертония (қон босими ошганда), юрак-қон томир касалликларини даволашда жуда фойдали мевадир. Таркибида йод, темир, калий ва бошқа моддалар бор. Айниқса, С витаминига бой.
Помидор. Кальций, фосфор, темир, А, В, С, К витаминларига бой. Асабларни тинчлантиради, ич қотишида ҳам фойдалидир.
Бодринг. Иштаҳа очади, меъда-ичак фаолиятини яхшилайди. Қорин дам бўлишини йўқотади. Тетиклик бағишлайди. Айниқса, бодринг сувига оз миқдорда асал аралаштириб истеъмол қилиш меъда-ичак тизими фаолиятини яхшилайди.
Карам. Иштаҳа очади, қорин дам бўлишини йўқотади. Меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасида фойдалидир.
Қизил сабзи. А, В, С, Е витаминларига бой. Камқонлик, витамин етишмаслигида жуда фойдалидир. Кўз нурини яхшилайди, бўйнинг ўсишига ёрдам беради. Қабзиятда ҳамда жигар фолиятини яхшилашда муҳим ўрин тутади. Уни қирғичдан ўтказиб, шакар қўшиб истеъмол қилиш керак.
Қизил Қалампир. Иштаҳа очади. Аъзои баданни қиздириб, терлатади. Лекин меъда ва ичак яралари бор беморларга тавсия қилинмайди.
Баҳриддин ТУРҒУНОВ тайёрлади