Спорт – чиниқиш мактаби

Ангрен туманидаги «Облиқ» маҳалла фуқаролар йиғинидагилар шу ерда истиқомат қилувчи Фахриддин ака ва Марҳабо опа Ҳайдаровалар оиласини ҳурмат билан тилга олади. Боиси, уларнинг хонадонида спортга эътибор юқори. Ушбу саъй-ҳаракатлар маҳсули ўлароқ, спорт оиланинг кенжа қизи Дурдонанинг ҳаёти мазмунига айланган.

Мазкур маҳалла ҳудудида жойлашган 29 — умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Дурдона Ҳайдарова 12 ёшидан спортнинг таэквондо ИТФ, «Ўзбек жанг санъати» турлари билан шуғулланиб келмоқда. У қисқа вақт ичида кўплаб ютуқларни қўлга киритди. Дурдона «Ўзбек жанг санъати» бўйича ёшлар ўртасида ўтказилиб келинаётган Ўзбекистон чемпионатларида муваффақиятли иштирок этиб, ўз маҳорат ва истеъдодини намойиш этмоқда.

– Спортга қизиқишимга дадам туртки берган бўлса, ютуқларга эришишимда устозим Қаҳрамон Сатторовнинг хизматлари беқиёс. Зеро, устозимдан ўрганган сабоқларим мусобақаларда менга доим қўл келмоқда, – дейди Дурдона Ҳайдарова. – Биз ёшларга яратилаётган имкониятлар эртанги кунга, ўзимизга бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлаб, янгидан-янги марраларни забт этишимизга замин ҳозирлайди.

Дурдона эзгу мақсадларининг ушалишига ишонади. Зеро, юртимизда бунинг учун етарли шароитлар яратилган. У фақат ҳаракат ва тинимсиз меҳнат орқалигина орзуларга етишиш мумкинлигини яхши англайди. Шунинг учун ҳам дарс ва спорт машғулотларида устозларидан тинмай ўрганади, билмаганларини сўрашдан тортинмайди. Д.Ҳайдаровадаги иштиёқ ва тиришқоқлик тенгдошларига ибрат бўлиши, шубҳасиз.

Зуҳра АҲМЕДОВА

Яна ўқинг:  Эзгулик тадориги

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: