Тиббий хизмат кафолати соғлом ҳаёт гаровидир

Яқинда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Сифатли тиббий хизмат: унда ким қандай имтиёзга эга?” ва “Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида бепул ва пуллик хизмат кўрсатиш тартиб-қоидалари ҳақида” мавзуларида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А. Алимов кириш сўзи билан очиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ бўлган бепул ва пуллик тиббий хизматдан фойдаланишга доир масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Хусусийлаштириш ва пуллик хизматни ташкил этиш маркази директори А. Агзамов ҳозирги кунда бепул ва пуллик тиббий хизмат кўрсатишнинг тартиб-қоидалари тўғрисида тадбир қатнашчиларига батафсил маълумот бериб ўтди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугун мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунига асосан давлат даволаш-профилактика муассасалари томонидан аҳолига кафолатланган тиббий ва бошқа турдаги ёрдам бепул кўрсатилмоқда. Шунингдек, давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмидан ташқари, қўшимча хизматлар белгиланган тартибда пул тўлаш орқали амалга оширилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат Дастури”га асосан аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида тиббий ёрдамлар ва бир қатор давлат даволаш-профилактика муассасаларида бепул тиббий хизмат кўрсатиш белгиланган. Унга кўра, биринчи навбатда қишлоқ жойларидаги тиббиёт муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш, юқумли касалликларга қарши иммунизациялаш ва эмлаш, ижтимоий аҳамиятга эга ва атрофдагилар соғлиғига хавф туғдирувчи сил, хавфли ўсма, наркологик, эндокринологик, руҳий ва асаб касалликлари билан хасталанган шахсларга ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш, болаларни текширувдан ўтказиш ва даволаш (пуллик муассасалардан ташқари), шунингдек, 15-17 ёшдаги ўсмирларни, ҳамда чақирув комиссияларининг йўлланмалари билан чақириқ ёшидаги (18-27) шахсларни текширувдан ўтказиш ва даволаш, ҳомиладорларга тиббий хизмат кўрсатиш (пуллик муассасалардан таш­қари), беморларнинг имтиёзли тоифалари, яъни ногиронлар, уруш фахрийлари, боқувчисини йўқотганлар ва бош­қаларга бепул тиббий хизмат кўрсатилади.

Шунингдек, мамлакатимизда ягона шошилинч тиббий ёрдам тизими яратилган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, уларнинг вилоятлардаги филиаллари ва шаҳар, туман марказий шифохоналари шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида аҳолига барча шошилинч ва тез тиббий ёрдам бепул амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  Анҳор бўйларининг энди КЎРКИ ЎЗГАЧА

Айтиш жоиз, бепул ва пуллик тиббий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2011-2014 йилларда 10 га яқин норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Шунингдек, янги нормативлар билан таништириш учун тиббиёт муассасалари раҳбар ва масъул ходимлари учун ўқув семинарлари ташкил этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқларига асосан аҳолига кафолатланган бепул тиббий хизмат кўрсатадиган даволаш-профилактика муассасалари рўйхати ишлаб чиқилди ва қўшимча сервис хизматлари: фитобарлар, соғломлаштириш марказлари ташкил этиш тартиб-қоидалари тасдиқланди.

Тадбирда қатнашган мутахассислар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига асосан аҳолини тегишли ахборот ва маълумот билан таъминлаш мақсадида Соғ­лиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи билан барча тиббиёт муассасаларида пуллик тиббий хизмат кўрсатиш тартиб ва қоидалари, хизмат турлари ҳамда нархлари акс эттирилган ахборот бурчаклари бўлиши шартлиги айтиб ўтилди.

Анжуманда соҳа мутахассислари ­вазирлик тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида аҳолига бепул ва пуллик тиббий ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари ва амалий механизмлари, бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш истиқболларига доир журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб бердилар.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

“Sog`lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: