Хотира хиёбони – мангу ҳаёт сабоқхонаси

Хотира хиёбони. Ҳар гал бу манзилдан ўтаётганимда қалбимга бир дам сукунат тушади. Тизгинсиз хаёллар оғушига чўмаман. Доимо озода, турфа гуллар барқ уриб турган бу гўша ҳаёт ҳақидаги тасаввурларимга салмоқ бераверади. Шу боис, ҳар гал бу манзилдан ўтаётиб майсаларга сув пуркаб турган кичик фаввора яқинидаги ўриндиқдан жой олишга чоғланаман. Айрилиқ доғида ўртаниб турган Она ҳайкалига боқаман.

Мотамсаро Она ҳайкали. Негадир, бу муштипар аёлнинг чеҳраси таниш. Ўтган йили юз ёшнинг пойида чўккалаб жон берган момомга ўхшайди. Аммо, момом бу дунёдан бахтиёр кўз юмди. Истиқлол йилларининг шукуҳли кунларидан баҳраманд яшади.

– Доруламон кунларга етказганингга шукр, – деди умрининг сўнгги фурсатларида ҳам чеҳрасида нимтабассум билан, – болаларимдан, набираларимдан кўнглим тўқ. Юрт тинч, турмуш обод, тўқчилик. Фақат фарзандларим аҳил бўлиб, бу давру давронларнинг қадрига етсинлар.

Ҳа, момом кексалик гаштини ойдин кунларда суриб яшади.

Болалигим зарварақларидан хотираларимни ҳижжалайман. Кўчамиз муюлишида бир паст­қам кулба ёдимга тушди. У Ашши момонинг уйи. Бу муштипар момонинг исми нима учун Ашши момо, ҳануз ўйланаман. Балки, Ашургул момодир.

Момо доим болаларга конфет улашиб юрарди. Желагининг икки енгидан парвардадан тортиб, чақа тангаларгача жой олган.

Бола тасаввуримда, Ашши момонинг ҳувиллаган кулбасига салобат бериб турган икки сандиқ тўла ширинлик эди. Шу боис иштаҳам ширинлик тусаганда момонинг уйига борардим. Ариқдан бир, икки челак сув олиб келиб берардиму бир талай конфетни қўнжимга урардим.

Балки, унинг исми Яхшигул момодир. Тенг­доши Зевар момо унинг суянчиғи эди. Зевар момо у ҳақида гапирганида Аччи момо деб тилга оларди. Унинг қисмати, кўз ёшларини, тақдирнинг аччиқ кунларини кўргани учун шундай атагандир.

Раҳматли отамнинг узуқ-юлуқ ҳикояларини эслайман. Ашши момонинг турмуш ўртоғи ҳам, тилаб олган биргина ўғли Ўроқбой ҳам Иккинчи жаҳон урушининг қурбони бўлган экан…

Шу тобда хаёлимга келган саволдан қувониб кетдим. Ашши момонинг ўғли Ўроқбойнинг исми-шарифи хиёбонга кўрк бериб турган айвон токчаларидаги метин зарварақларида битилганмикан? Илдам одимлайман. Юрагим ҳапқириб, туманимиз ёзилган темир тўпламни топаман: Абдиев Ў., 1920 – 1943*, Абдуллаев Ў., 1922 – 1943*, Эшмирзаев Ў., 1919 – 1942*… Буларнинг қайси бири Ашши момони фироғида куйдирган, ўн гулидан бир гули очилмаган, жанггоҳларда йигит умри хазон бўлган Ўроқбой экан-а?..

Яна ўқинг:  ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИДА МАҲАЛЛАНИНГ ЎРНИ

Аслида уларнинг барчаси бир Онанинг – Ватаннинг жасур ўғлонларидир. Инсонийлик бурчини адо этиб, юрт озодлиги учун фашизмга қарши курашган ва бу улуғвор йўлда жон берган ботир йигитлар, ватандошларимиздир. Уларнинг муқаддас хотираси халқимиз қалбида мангу яшайди.

Мотамсаро Она ҳайкалида минглаб Ашургул, Яхшигул момоларнинг сиймосини, чексиз қайғу-алам ва изтиробларини кўрамиз. Шу боис Хотира хиёбони биз учун мангу ҳаёт сабоқхонасидир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, тарихни билмаган, тарихни унутган, тарихдан хулоса чиқармаган ҳар қандай инсон, ҳар қандай халқ ўз йўлидан адашиши, бир пайтлар қилган хатоларини такрорлаши мумкин.

Бугун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Ватанимиз мустақил тараққиёт йўлида улкан марралар ва муваффақиятлар билан тобора юксалиб бораётгани қалбимизга чексиз фахр ва ифтихор бағишлайди. Барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар сабаб халқимизнинг ҳаёт тарзи, турмуш даражаси ўзгарди. Мамлакатимиз ёшлари ҳам уларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва кенг инмониятлардан баҳраманд бўлиб вояга етмоқда. Юрт равнақи, шаъну шавкати йўлида билим олиб, истеъдодини, куч-қудратини намоён этаётир.

Халқимиз бошидан кечган турли синовли ва суронли кунларни ёдга олар эканмиз, бугунги фараҳли кунларга шукроналар айтамиз.

Тарихий хотира – бу умр мазмунини, авлодлар ўртасидаги ворислик туйғусини, уларнинг бир-бирига дахлдор эканини, ҳаётнинг бамисоли узвий ҳалқалар каби кетма-кет боғланишини англаш, тарихдан хулоса чиқариб, бугунги кун учун тўғри йўл танлаш, ота-боболаримизнинг руҳи покларига ҳурмат билан қараш, миллий қадрият ва анъаналаримизни топташга йўл қўймаслик, уларни кўз қорачиғидек асраш демакдир.

Ислом КАРИМОВ

Шу билан бирга, дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни, хавф-хатарларни тўғри англаб, хулоса чиқариш ва ҳар дақиқа ён-атрофимиздаги қарама-қаршиликлардан огоҳ бўлиб яшаш давримизнинг муҳим шарти бўлиб қолмоқда. Бу эса, табиийки, Ватанини, ўз оиласи ва фарзандлари тақдирини, эртанги кунини ўйлайдиган ҳеч бир юртдошимизни бефарқ қолдирмайди.

Аждодлар хотирасини ёд этиш, бугун ҳам сафларимизда биз билан ёнма-ён умргузаронлик қилаётган, осмонимиз мусаффолиги ва юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларни эъзозлаш халқимизнинг эзгу фазилатларидандир.

Инсон қадри азиз бўлган юртда эзгулик умрбоқий бўлади. Хотира хиёбонининг кўрки ва салобатида ҳам халқимизга хос эзгулик ва аждодларга чексиз эҳтиром каби муқаддас туйғулар жо бўлган. Зеро, мардлик ва жасорат кўсатган, ўз она юртининг тинчлиги йўлида жон фидо этганлар хотираси абадий яшайди.

Яна ўқинг:  Яхши яшаш бахти

Фахриддин Ҳайитов

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: