Қатралар
Обид ота қўлидаги ниҳолларни авайлаб олиб кетаяпти. Уларни ҳозиргина кўчат сотиладиган бозордан харид қилган. Унинг сертомир қўллари титрайди. Ахир ниҳолларнинг бағрида ҳаёт бор-да! Гўё каптар, қўйиб юборсангиз учиб кетади. Бу каптарлар бориб серҳосил боғларга қўнишини у ҳозирдан тасаввур қилаяпти. Қушлар уни олқишлаб чуғур-чуғур қиляпти. Осмон нақадар кенг, қуёш сахий, тупроқ баракали… Баҳорда кўчат ўтқазганнинг умри боқий деган гаплар борлиқда ҳукмрондай…
* * *
Гулга қўнган аридан сўрашибди:
– Қўшиқ айтишингга қараганда қувончинг чексизга ўхшайди…
– Қиши билан шакарли сув ичдим. Энди гуллардан бол тераман. Табиат яхши-да. Одамнинг қўлидан олганинг нектардай бўлармиди?
* * *
Ойнадан силлиқ ҳарсангнинг нақ кўксидан портлаб чиққан бўта кишининг ҳаёлини шоширади. Бу қатронги дарахти. Асл Ватани Кавказ.
– Бу жойларга қандай келиб қолган, – савол берамиз устоз Туропжонга.
– Қатронги дегани тош дарахт дегани, – дейди устоз. – Улар турналарнинг жиғилдони орқали бу ерларга келиб қолган. Жониворлар дам олиш чоғида уруғи тушиб қолган. Қатронги жуда мустаҳкам бута бўлади. Ерга тушдими тамом, ажириқдай ёпишиб кўкаради. Айниқса, тошлар бағрида…
Ўзимча дейман, ана боғбоннинг зўри! Одам оёғи етмайдиган жойда ҳосил олиш мана бунақа бўлади.
* * *
Ҳар кимнинг ўз дарахти бор. Дарахтини топиб ниятини айтиб қучоқласа, муроди ҳосил бўлармиш…
Дарахт ҳис қилган нарсани сезмайдиган кишилар борлигига шубҳа борми?
Пардабой ТОЖИБОЕВ