Она ва бола саломатлигига камарбасталик

Ҳамма ширин уйқуда. Соҳиба ярим тунда бошланган қаттиқ оғриқдан уйғониб кетди. Аксига олиб турмуш ўртоғи ҳам хизмат сафарида. Кечаси билан мижжа қоқмаган келинчак қайнонасининг уйғонишини пойлай бошлади. Ҳомиладорликнинг еттинчи ойи эди. – Ҳали вақт бор эди-ку?-безовталанарди у.

Шифокорлар скрининг марказига бориб кўрикдан ўтинг, – дейишганида қайнанаси ҳа деб кўрикдан ўтаверадими? Биз ҳам беш-олтита болани ҳеч қандай кўриксиз туғиб қўйганмиз. Дўхтирлар гапираверади-да, қизим, деб кўрикка жўнатмаганди. Келинининг дарди тутиб қолганини эшитган қайнана ўзини йўқотиб қўйди. Нуқул бошини чангаллаганча, – энди ўғлимга нима дейман, дерди. Тез ёрдам чақиришди. Бир зумда етиб келган тез ёрдам машинасида Соҳибани туғруқхонага олиб кетишди.

Шу воқеадан кейин келинчак норасидасидан айрилиб қолди…

Балки ўз вақтида шифокорларга мурожаат этилса, болажоннинг ҳаёти сақланиб қолинармиди? Кимнингдир ўжарлиги, ўзбилармонлиги, баъзи қайнаналарнинг келинни ўз фарзандидек ёхуд келинларнинг қайнанасини онасидек қабул қила олмасликлари сабабми, ҳаётимизда баҳамжиҳатлик йўқолиб бораётган оилалар ҳам борлиги ташвишли ҳол, албатта. Бугунги кунда юртимизда кам бўлса-да ҳаётда учраб турадиган бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом авлодни вояга етказишга қаратилаётган кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг “Соғлом бола йили” деб номланиши ҳам бежиз эмас, албатта. Чунки келажак жисмонан соғлом, маънавияти юксак ёшлар қўлида экан, уларнинг соғлом дунёга келиши барчанинг зиммасида эканини унутмаслигимиз керак. Бу борада айниқса шифокорлар масъулдир.

Бухоро вилояти Ғиждувон туман туғруқ комплекси фаолияти бунга бир мисолдир.

– Жорий йилнинг Соғлом бола йили, деб эълон қилиниши ва шу номда дастур қабул қилиниши 125 ўринли туман туғруқ комплекси жамоаси зиммасига катта масъулият юклайди, – дейди муассаса бош шифокори ўринбосари, олий тоифали акушер гинеколог Ноила Туқбоева. – Бу ерда фаолият олиб бораётган барча мутахассислар ҳудудимизга қарашли ҚВПларга бириктирилган. Улар жадвал асосида туғиш ёшидаги хотин-қизларни манзилли тиббий кўрикдан ўтказадилар. Айниқса, “Соғлом турмуш тарзи”, “Эрта никоҳнинг зарарлари” “Қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳнинг асоратлари” ҳамда “Соғлом онадан – соғлом бола” мавзуларидаги давра суҳбатларининг ташкил этилиши аҳоли орасида тиббий маданиятнинг шаклланишига хизмат қилаётир. Бу борада фуқаролар йиғинлари вакиллари билан ҳамкорлик яхши самара беряпти.

Яна ўқинг:  Фарзандлармиз учун миллий кинофильмлар зарур

Мазкур туғруқ комплексида тиббий кўрикдан ўтаётган ҳомиладор аёллар зарур ҳолатларда скрининг марказларига жўнатилиб, ультратовуш (УТТ) ташхиси натижасида уларнинг жисмоний ҳолати текширилади. Бу саъй-ҳаракатлар орқали эса чақалоқларда учраши мумкин бўлган нуқсонлар ўз вақтида аниқланиб, туғма ногиронликнинг олдини олишга эришилмоқда.

Ҳомиладор аёлга ва унинг розилиги билан унга ҳамкорлик қилаётган яқинларига туғруқ жараёнининг кечиши ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилади. Бош врач, олий тоифали акушер гинеколог Амин Рашидов, шунингдек Гулбаҳор Назарова, олий тоифали реаниматолог шифокорлар Зиёдулло Расулов, Обид Бақоев, акушер гинекологлардан Шавкат Бозоров ҳамда Гулбаҳор Бафоева каби ўз касбининг фидойилари бўлажак оналарга ўзларининг ва боласининг саломатлиги мустаҳкам бўлиши учун фарзанд туғилиш вақти оралиқларининг камида уч йил бўлиши борасида ҳам тушунтириш ишлари олиб боришади.

Жамоадаги олий тоифали неонатологлардан Иззат Абдуллаев, Гулмира Насуллаева, Комила Ҳакимова, Ноила Атабаева ҳамда олий тоифали болалар хамширалари Мавлуда Асадова, Марҳабо Раҳматова, олий тоифали доялардан Лайло Эргашева, Гуландом Наимова, Зилола Шарипова каби касб фидойилари оналар ва чақалоқларнинг ўз оилаларига соғ-саломат қайтишлари учун ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

“Чақалоқларни кўкрак сути билан боқиш”, “Кўкрак сутининг афзалликлари” тўғрисида шифокорлар мунтазам равишда ҳомиладор аёллар орасида тушунтириш ишларини олиб боришмоқда. Она сути тўлақонли озуқа бўлгани учун у енгил ҳазм бўлади ва болани турли микроблардан ҳимоя қилади.

Туғруқхонада бирор сабабга кўра асорат билан оғир туғилган чақалоқларга бирламчи реанимация ёрдами кўрсатилади. Бунинг учун ушбу масканда барча дори-дармон ва тиббий жиҳозлар мавжуд. Туман туғриқ комплекси таркибида 20 ўринли неонатология бўлими фаолияти йўлга қўйилган. Парваришга муҳтож чақалоқлар тўлиқ соғломлаштирилиб, уйига, участка врачи назоратига юборилади.

Мана шундай ўз ишини ва инсонларни жон-дилидан севадиган, уларнинг келажаги ҳақида қайғурадиган фидойи жамоа меҳнат қилаётган Ғиждувон туман туғруқ комплексида жорий йилнинг биринчи чорагида 798 та туғруқ бўлиб, перинатал ўлим қайд этилмагани қувонарли ҳолдир. Боиси муассаса оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш лойиҳасини амалга ошириш борасида Осиё тараққиёт банки кредити билан 126 миллион 218 минг сўмликдан зиёд аппаратура, тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Шунинг ҳисобига туғруқ комплексида тиббий хизмат яхшилангани сабабли уч йил давомида оналар ўлими кайд этилмаган, шунингдек, чақалоқлар ўлимининг ҳам анча камайганини таъкидлаш мумкин.

Яна ўқинг:  Ўзбекча билишмайди

Туғруқхонада ўтказиладиган конференциялар орқали ходимларни тиббиёт соҳасидаги янгиликлар билан таништириб борилиши ҳам уларнинг маънавиятини янада ривожлантиришда қўл келмоқда. Бош шифокор Амин Рашидовнинг кўп йиллик хизматлари инобатга олиниб давлат томонидан “Шуҳрат медали” ва мустақилликнинг 10 йиллиги ва 20 йиллиги кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Бош врач муовини, олий тоифали акушер гинеколог Ноила Туқбоева ҳам мустақилликнинг 10 йиллиги кўкрак нишони билан такдирланган.

Ана шундай фидойи инсонларнинг саъй-ҳаракати боис биз юқорида гувоҳи бўлган воқеаларга ўхшаш кўнгилсизликлар барҳам топмоқда.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: