Ҳомиладорлик масъулияти

Фарзандим соғлом дунёга келсин деган ҳар бир ота-она, аввало, ўз саломатлиги ҳақида қайғуриши зарур. Айниқса, бўлажак оналар ҳомиладор бўлгунларича тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Шунингдек, ҳомиладорликни режалаштираётган аёллар пешоб-таносил йўллари инфекциялари юқишидан ҳам эҳтиёт бўлишлари шарт. Қуйида ушбу инфекциялар ва уларнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтамиз.

Пешоб йўллари инфекцияси деганда пешоб йўллари шиллиқ пардасининг бактерияларни бостириб киришига қарши яллиғланиш жавоб реакцияси тушунилади, у пешобда бактериялар ва йирингнинг (кўп миқдордаги лейкоцитлар) мавжудлиги билан характерланади. Пешоб йўллари инфекцияси амбулатория ҳамда шифохона амалиётида энг кўп тарқалган касалликлардан ҳисобланади.

ХХ асрга келиб, асосий инфекцион касалликларни даволаш ва профилактика қилиш бўйича катта муваффақиятларга эришилди. Самарали даволаш, эмлаш ва санациялаш усулларини қўллаш натижасида сил, чечак, ўлат ва ичак инфекциялари каби касалликларни кескин камайтириш имконини берди. Инфекцион касалликлар билан шуғулланувчи олимлар эса ўзларининг эътиборларини пешоб-таносил йўллари инфекциясига қаратдилар.

Пешоб-таносил йўллари инфекцияси кўпинча шахсий ва жинсий ҳаёт санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида эндоген (ички) ва экзоген (ташқи) инфекциянинг ушбу соҳага кириши натижасида ривожланади.

Бу инфекциялар билан боғлиқ асоратлар жуда жиддий ҳисобланади. Масалан, пиелонефрит ва цистит касалликлари беморга кўп азоб беради. Пешоб-таносил йўллари инфекцияси муаммолари кўп мамлакатларда иқтисодий аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.

Пешоб йўллари инфекциялари аёлларда эркакларга нисбатан кўпроқ учрайди. Бактериурия ёш аёлларда эркакларга нисбатан 30 маротаба кўп учрайди. 65 ёшга етган аёлларнинг 20 фоизда бактериурия аниқланади.

Аёлларда пешоб-таносил тизимида инфекция пайдо бўлишининг асосий сабаби уретрадан юқорига кўтарилувчи инфекция ҳисобланади. Бу аёллар пешоб-таносил тизимининг ўзига хос анатомик тузилишга эга эканлиги ва тўғри ичак флорасининг оралиқ соҳасига ва қин даҳлизига тарқалишига мойиллиги борлиги билан боғлиқ. Жинсий алоқа ҳам аёлларда пешоб йўллари инфекцияси келиб чиқишида ҳал қилувчи омил бўлиб ҳисобланади.

Пешоб йўллари инфекцияси кўп ҳолларда ичак таёқчаси томонидан чақирилади. Бу бактерия амбулатор беморларнинг тахминан 90 фоизда бирламчи пешоб йўллари инфекциясига сабабчи деб ҳисобланади ва у ичак таёқчасининг адгезив хусусиятлари, яъни қин ва пешоб йўллари шиллиқ пардаси эпителиал ҳужайраларига хивчинлари (оқсиллардан иборат ўсимталари) билан ёпишиб олиш қобилияти билан боғлиқ.

Яна ўқинг:  ОНА ВА БОЛА СКРИНИНГИ: СОҒЛОМ АВЛОД КАФОЛАТИ

Асоратланмаган пешоб йўллари инфекцияси бўлган беморларни даволаш, одатда, амбулатория шароитида олиб борилади ва қийинчилик туғдирмайди. Кўп ҳолларда бу аъзоларнинг шиллиқ пардасини зарарловчи юзаки инфекция бўлади. Шунинг учун антибактериал дорилар билан осон даволанади.

Асоратланган пешоб йўллари инфекциясини даволаш бирмунча қийин, чунки улар узоқ муддат ва сурункали кечишига мойиллиги билан тез-тез қайталаниб туради. Пешоб йўлларидан пешобни нормал оқиб ўтишига тўсқинлик қилувчи омилни бартараф қилиш, яъни пешобнинг адекват пассажини тиклаш жуда муҳим ҳисобланади. Йирингли септик жараён оғир кечганда нафақат асосий қатордаги дорилар, балки резерв дорилар ҳам қўшиб ишлатилади.

Ўтказилган махсус скрининг текширувлар бактериуриянинг тарқалганлиги ҳомиладор аёлларда ҳам, ҳомиладор бўлмаган аёлларда ҳам бир хил эканлигини қўрсатди. Лекин бактериурияси бўлган ҳомиладор аёлларда ўткир пиелонефритнинг ривожланиши даражаси жуда юқори ва у 1-4 фоиз ҳомиладор аёлларда кузатилади.

Ўткир ҳомиладорлик пиелонефрити кўп учраши сабабли у касалликнинг алоҳида шаклига ажратилган. Ўткир пиелонефрит ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида кузатилади. Ҳомиладорларда қуйидаги мойиллик омиллари пиелонефритнинг пайдо бўлишига шароит яратади: 1) ҳомиладорликнинг 8-ҳафтасидан аниқланадиган гормонал характердаги (эстрогенлар, прогестерон ва глюкокортикоидларнинг кўп бўлиши), нейрогуморал ўзгаришлар натижасида юқори пешоб йўллари таранглигининг пасайиши; 2) пешоб найини, асосан ўнг томондагисини, ҳомиладор бачадонини механик равишда босиши; 3) ҳомиладорларнинг 5 – 10 фоизида асимптоматик (белгисиз) бактериуриянинг борлиги. Охирги ҳолат жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки ўткир пиелонефрит ўртача 30 фоиз асимптоматик бактериурияси бўлган ҳомиладорларда кузатилади. Уларда, ҳатто антибактериал даволашга қарамасдан, ўткир пиелонефрит пешоби стерил бўлган ҳомиладорларга қараганда кўпроқ пайдо бўлади. Ҳомиладорларнинг ўткир пиелонефрити кўпинча ўнг томонида учрайди, буни катталашган бачадоннинг ўнг пешоб найини кўпроқ босиши билан боғлаш мумкин.

Бемор клиникага тушгандан кейин буйраклардан пешоб оқими характерини аниқлаш учун тезда буйракларни ультратовуш текширувидан ўтказиш керак. Бунда ўткир пиелонефрит бўлган ҳомиладорларда пешоб оқими бузилмаган бўлса, беморни соғлом ёнбошга ётқизиб каравотнинг оёқ қисмини кўтариб, ўткир пиелонефритнинг хуружини қайтариш учун антибактериал даволашни ўтказиш етарли бўлади. Агар касал бўлган томондаги пешоб найидан пешобнинг оқиб ўтиши бузилган бўлса, кўпчилик беморларда антибактериал давони буйракларни дренажлаш билан (нефро– ёки пиелостомия йўли билан) бирга қилинганда унинг аҳволини анчагина яхшилашга ва пиелонефрит хуружини қайтаришга эришилади. Ўз вақтида қилинган операция буйракда оғир йирингли жараён ривожланишининг олдини олади ва нефро– ёки пиелостомаси бор бўлишига қарамасдан ҳомиланинг меъёрда туғилиш билан тугалланади. Нефропиелостомик дренажни ҳомиладор аёл туққанидан кейин пешоб йўлларининг таранглиги тиклангунга қадар (4 – 6 ҳафта) сақлаш керак.

Яна ўқинг:  ЗИКА ИСИТМАСИ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?

Сўнгги йилларда ҳомиладорларда пиелонефрит хуружини қайтариб бўлмаганда буйракни дренажлаш учун ультратовуш назорати остида бажариладиган тери орқали пункция қилиш йўли билан амалга ошириладиган нефростомия усули муваффақиятли қўлланилмоқда. Пиелонефритнинг тез-тез рўй берадиган хуружида унинг йирингли шаклининг профилактикаси учун буйрак жомини оддий катетерлаш ўрнига буйракка узоқ муддатга (1-2 ой давомида) қўйиладиган ўзини ушлаб турадиган катетер-стентдан фойдаланилмоқда. Агар пешоб найига катетер киритилганда ўтиб бўлмайдиган тўсиқ учраса, унинг сабабини аниқлаш керак. Фақат шундай вазиятда, одатда, пешоб найида тош борлигини аниқлаш учун умумий урография, кўрсатмасига биноан ретроград уретеропиелография қилинади. Агар тош бор бўлиб, унинг катталиги мустақил равишда чиқиб кетишига ишонч бўлса ҳамда у пешоб найининг пастки учдан бирида жойлашган бўлса ва ҳомила муддати катта бўлса (12 ҳафтадан ортиқ) пешоб оқимини буйракдан тери орқали пункцияли нефростомия ёрдамида тиклаш мақсадга мувофиқдир. Қолган ҳолларда шошилинч оператив даво – уретеролитотомия қилинади.

Ҳомиладорлар ўткир пиелонефритини антибактериал даволашнинг ўзига хослиги маълум. Ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида тетрациклин ва фторхинолонларни, улар тератоген (ҳомила ривожланишига салбий таъсир этади) бўлгани сабабли буюриш мумкин эмас. Ҳомиладорликда аминогликозидларнинг қулоққа зарарли таъсири борлиги сабабли ҳам тавсия бериш ўринсиздир. Узоқ даволаш учун цефалоспорлар ва аминопенициллин В-лактамаза ингибиторлари қўлланилади.

Ҳомиладорларда ўткир пиелонефритнинг олдини олиш учун сурункали пиелонефритга олиб келувчи касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва тўғри даволаш керак. Пиелонефритнинг биринчи субклиник (белгиси – асимптоматик бактериурияси бўлган ҳомиладорларни мажбурий даволаш лозим. Ҳомиладорлар пешобини ҳар ойда камида бир марта бактериологик текшириш тавсия қилинади. Бунда ўткир пиелонефритнинг пайдо бўлиши бўйича хавфли гуруҳга кўп болали, ҳомиладорлик даврида қағаноқ суви кўп бўлса ҳомиласи катта ва чаноғи тор ҳомиладорлар киритилади. Уларда пиелонефритнинг олдини олиш ҳомиладорликнинг II ва III ойлигида буйракларни ультратовуш ёрдамида текшириб уродинамиканинг клиник давригача бўлган бузилишини, асимптоматик бактериурияни аниқлаш ва даволашдан иборат.

Ҳомиладорлар ўткир пиелонефрити ўз вақтида даволанса асоратсиз кечади. Лекин, ҳомиладорлик вақтидаги ўткир пиелонефрит илгари бошдан ўтказилган пиелонефрит натижасида бўлса, агар аёл туққанидан кейин тўлиқ тузалишига эришилмаса ёки такрорий ҳомиладорликда ўткир пиелонефрит пайдо бўлса, сурункали пиелонефрит ривожланиши яхши оқибатларга олиб келмайди.

Яна ўқинг:  ҲАРАКАТ – САЛОМАТЛИК ТАЯНЧИ

Фарҳод ОҚИЛОВ,

Республика ихтисослаштирилган урология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: