ХАЛҚАРО ТАЪЛИМ КЎРГАЗМАСИ

Пойтахтимизда “Талаба – 2012” халқаро таълим кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбир мамлакатимизнинг “Нео-Консалтинг” таълим компанияси томонидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатларининг олий таълим муассасалари, тегишли идоралари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, талабалар иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим соҳасини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган дастурлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури баркамол, мустақил фикрловчи шахсни тарбиялаш, етук мутахассислар тайёрлашда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжатлар мамлакатимиз иқтисодиёти ва ҳаётининг барча соҳалари учун юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциялашувини таъминлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш борасида ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ушбу соҳада самарали халқаро ҳамкорлик кенг йўлга қўйилгани миллий таълим моделимизнинг юқори малакали кадрлар тайёрлашга йўналтирилганининг яна бир тасдиғидир. Хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда турли йўналишлар, жумладан, чет тилларини чуқур ўрганиш бўйича факультет ва кафедралар ташкил этиш амалиёти тобора кенгаймоқда.

Мамлакатимиз ёшлари хориждаги нуфузли таълим даргоҳларида ҳам билимини ошириш, замонавий ахборот технологияларини чуқур ўрганиш, замон талаблари даражасида таълим олиш имкониятига эга.

“Талаба – 2012” халқаро таълим кўргазмаси бу борадаги имкониятларни янада кенгроқ ишга солиш мақсадида ташкил этилди. Кўргазма иштирокчилари мамлакатимиз ва жаҳон таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиликлар билан танишдилар.

Кўргазмада Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги “Темпус” дастури, “Эразмус Мундус” ва “Мэри Кюри” каби грант ва алмашинув таълим дастурлари, Британия Кенгаши ва Германия академик алмашинув хизматларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Кипр ва Малайзия каби давлатлардан халқаро университетлар вакиллари иштирок этди.

– Ўзбекистон таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётир, – деди Европа Иттифоқи элчиси, Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари Норбер Жустен. – Ўзбекистонда таълим инфратузилмасини такомиллаштириш ва ўқитувчилар малакасини ошириш борасидаги ишлар ҳам таҳсинга сазовор. Ўзбекистонлик талабалар билан бевосита мулоқот жараёнида мамлакатингиз ёшларининг интеллектуал салоҳияти юқори эканига кўп бор ишонч ҳосил қилганмиз. Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан таълим соҳасида узоқ йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, кўплаб лойиҳаларни амалга оширдик. Бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Яна ўқинг:  Дилларни мунаввар этган тақдимот

– Ўзбекистон билан Германия ўртасида таълим йўналишидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани жуда қувонарлидир, – деди Германия академик алмашинув хизматининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Герт Рюдигер Вегмарсхаус. – Бу борада мамлакатларимиз университетлари ўртасида ўзаро тажриба ва ахборот алмашинуви яхши йўлга қўйилган. Кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш борасида ҳам фаол ва самарали ҳамкорлик қиляпмиз. Ўзбекистонда таълим соҳаси ҳавас қилса арзигулик даражада тараққий этганига гувоҳ бўлдим. Мамлакатингизнинг қатор университетларида бўлдим. Таълим олиш учун яратилган шароит ва имкониятлар менда унутилмас таассурот қолдирди. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон ёшларининг изланувчан ва қизиқувчанлиги, билимга чанқоқ экани мени ҳайратлантирди. Мазкур кўргазмада Ўзбекистон ёшларини Германия таълим тизимида яратилган имкониятлар, университетлар фаолияти ва уларда таҳсил олиш имтиёзлари билан таништиряпмиз.

“Талаба – 2012” халқаро таълим кўргазмаси хорижда таҳсил олиш ниятида бўлган талаба-ёшларнинг чет эллардаги олий таълим муассасалари фаолияти билан танишиши учун яхши имконият бўлди.

Ирода УМАРОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: