Чет тилларни ўргатиш такомиллаштирилмоқда

Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2013-2014 ўқув йилидан эътиборан чет тилларни, асосан, инглиз тилини ўргатиш умумтаълим мактабларининг биринчи синфидан ўйин тарзида ва оғзаки нутқ шаклида, иккинчи синфдан эса алифбо, ўқиш ва грамматикани босқичма-босқич ўқитишдан бошланди.

Фарғона вилояти умумтаълим мактабларида чет тилларни ўргатиш бўйича замонавий педагогик технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда билим беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Вилоятдаги 888 умумтаълим мактабида 2 минг 159 синф хонаси ташкил этилиб, белгиланган талаблар асосида жиҳозланди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зикрилло Тешабоев. – Чет тилларни ўқитишга 1 минг 688 нафар педагог жалб этилган.

Чет тили дарсини ташкил қилиш бўйича илғор таълим муассасаларининг иш тажрибаси оммалаштирилмоқда. Ушбу мактабларда ўтилаётган дарсларни онлайн тизими орқали тўғридан-тўғри вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти тингловчилари кузатиши имконияти яратилгани, айниқса, эътиборлидир. Шунингдек, 23 нафар тажрибали мураббий танлаб олиниб, шаҳар ва туманларда мунтазам семинарлар ташкил этилмоқда.

Олтиариқ тумани мактабгача таълим муассасаларида болажонларга чет тилидан сабоқларни илғор педагогик технологиялар асосида бериш йўлга қўйилган. Хусусан, Полосон қишлоғидаги 6-мактабгача таълим муассасасида чет тили ўқув хонаси ташкил қилиниб, турли илғор электрон технологиялар ва жиҳозлар билан таъминланган. Машғулотлар шу ёшдаги болалар руҳияти ва қизиқишига мос дастурлар асосида ташкил қилинган. Интерфаол усуллар, масалан, қўшиқ, расм, турли ўйин ва қувноқ мультфильмлар воситасида дарс ўтилаётгани болажонларнинг чет тилини катта қизиқиш билан тез ўзлаштиришида муҳим омил бўлаётир.

М.СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  ИЖОДКОР ОИЛА ТУҲФАСИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: