Одамлар сиздан узоқлашаяптими ёки…

Одам қанчалик яхши ва соғлом фикрли бўлса, унинг умумий биомайдони – боши атрофидаги “олтин чамбар”и (аураси) шунчалик ёруғ ва тиниқ бўлар экан. Аксинча, носоғлом фикрли бўлса, қора рангли, баъзида қуюқ қора булутдек ҳолга келади. Уни руҳшунос табиблар, валийлар, экстрасенслар кўра олишаркан. Бунинг қанчалик ҳақиқатга яқинлиги ҳақида мулоҳаза юритишдан олдин аура ҳақида тўхталсак.

Билмаймиз, бизнинг бошимиздан қандай тўлқинли аура таралмоқда. Аммо ўзимизни ҳақ санашдан олдин бир ўйлаб кўрайлик-чи, одамлар биздан ўзларини олиб қочаяптими ё яқинлашаяптими? Ана шунда яхши ёки ёмон эканлигимизни билиб олаверамиз.

AУРА НИМА?

Руҳшунос олим Абдулҳай ­Абдураҳмонов аурага шундай таъриф беради: “Аура – (юнон тилида шабада демакдир) одамнинг нурли қувват қобиғи. Ҳар бир одамнинг боши атрофида унинг шахсияти, руҳияти кучли, кучсиз бўлишига қараб, озроқ ёки кўпроқ даражада кўзга кўринар-кўринмас, сезилар-сезилмас нур таралиб туради. Ана шу нурли ҳалқа – нурчамбар аура яъни, инсон аураси дейилади. Бу ҳол ой ёки қуёшнинг қўрғонлаши – гардиш боғлашига ўхшагани учун “хола” деб аталади.

Аура тасвирини қадимги Шарқ ва Европа тасвирий санъат асарларида нас­ронийларнинг санамлари, иконаларида, масалан, Исо алайҳиссалом, унинг онаси Биби Марям ва авлиёлар суратида учратиш мумкин”.

БУЮК МУҲАББАТ БЕЛГИСИ

Ҳиндистонлик машҳур соҳибкаромат Сатья Саи аураси ҳақида ­АҚШнинг Аризона штатидаги университетда ишлайдиган доктор Фрэнк Г.Барановский шундай хотирлайди: “Мен 1978 йил июль ойида хизмат сафари юзасидан Ҳиндистонда бўлганимда Сатья Саи ибодатхонасига бордим. Эртаси кун тонг саҳарда Сатья Саи ўз хонасидан чиқди ва мен унинг атрофга нур таратиб турганини кўрдим.

Ундан таралиб турган, ҳаётда жуда камдан-кам учрайдиган оч, нафис қизғиш рангдан иборат бўлган нур кишини гўё ўзини унутар даражадаги муҳаббат ҳақида “сўзларди”. Уни ўраб турган ранг худди ана шундай ажойиб­ рангдан иборат эди. Унинг аураси ўзи турган бино олдигача таралиб, ҳар томонга 10-15 метргача ёйилган эди. Мен илгари бундай аурани кўрмаганлигим сабабли, биринчи ҳаракатим унга кўзим тушиши мумкин бўлган бошқа нур асосини излаш бўлди… Мен олим одамман. Дунёнинг кўп жойларида илмий маърузалар қилиб келганман. Аммо ишонинг, бугун биринчи маротаба ҳайратданми, қўрқувданми, билмадим, тиззаларим қалтираб кетди. Ундан таралаётган аура, қайтариб айтаманки, унинг бизга бўлган буюк муҳаббатининг аураси эди! Беихтиёр кўзларимга ёш келиб кетди…”.

Яна ўқинг:  Бола руҳияти соғлом бўлса...

ЮЗИДАН НУР ЁҒИЛАДИ-Я

– Инсондан ажралиб чиқадиган бионур – аура мусбат ва манфий тўлқинли бўлади, – дейди Қарши Давлат университети кимё-биология факультети декани Баҳром Хўжамқулов. – Биомайдонидан мусбат тўлқин чиқадиган одамлар яхши фазилатли бўлишади. Кўпинча кимларгадир нисбатан “истараси иссиқ одам экан” ёки “турқи бунчалик совуғ-а”, деган гапни ишлатамиз. Бу айнан ўша аура билан боғлиқдир. “Фариштадай одам экан”, “Юзидан нур ёғилади-я”, “Меҳри бунча иссиқ”, деган одамларимиз мусбат тўлқин чиқарувчилардир. Манфий тўлқинли одамлардан “кинна” ҳам кириши тасдиқланган. Ҳаётда кўп кузатиш мумкин, дейлик, кимнингдир хонасига кирсангиз, ҳар қанча ҳашамдор ё безакли бўлмасин, ўнғайсизланиб кетаверасиз. Ўтиргингиз келмайди, кўнглингиз ғаш бўлади, беҳоллик сезасиз. Ё у ёнингизга келганда, тезроқ кетса, дейсиз. Ғаразгўй, ичиқора одамлардан ёмон биотўлқин чиқади ва улар уйнинг бурчакларига ўрнашиши мумкин. Шунинг учун қадимда масжид, мадрасаларда бурчаклар қўйилмаган. Шахсан ўзим ҳаётимда шу нарсага гувоҳ бўлганманки, баъзи олимлар билан суҳбатлашиб, ўзимда руҳан тетиклик, куч сезганман. Ҳаётга бутунлай бошқача назар билан қарай бошлаганман.

БИОМАЙДОННИНГ КЎК РАНГЛИ БЎЛИШИ – СОҒЛИК БЕЛГИСИ

Аура нафақат инсоннинг саломатлиги ва кайфиятидан дарак беради, балки у бегона кўзнинг тўрсимон нурланишидан ҳам ҳимоя қилар экан. Ёзувчи Чингиз Айтматов “Охирзамон нишоналари” романидаги айрим сўзлар изоҳида аура ҳақида шундай фикрларни келтиради: “…аура организмнинг космик энергия билан ўзаро таъсири маҳсулоти – одам организмида қайта ишланган ва акс этган космик энергия бўлиб, одамнинг бутун баданини қамраб олган. Ҳар бир одамнинг аураси шакли, зичлиги ва рангига ҳамда бошқа хусусиятларига кўра ўзгаларникидан фарқ қилади. Ўта сезгир одамларда, ақлий ва маънавий жиҳатдан етук кишиларда, башоратчиларда, экстрасенсларда аура зичроқ ва ҳажман каттароқ бўлиб, у қадар ранг-баранг бўлмас экан. Кўзи боғлаб қўйилганда ҳам теварак-атрофдаги нарсаларни бемалол кўра оладиган аура “кўз”ли одамлар бўлади. Кишининг ақлий ва жисмоний имкониятларига кўра ташқаридан қараганда аура нурининг шакли турлича кўринар экан. Мутахассислар фотография ва компьютер ёрдамида аурани плёнкага олиб, моҳиятини аниқламоқдалар…”.

Мутахассислар фикрича, юмалоқ шаклдаги аура энг яхши ҳисобланар экан. Ҳар жиҳатдан баркамол, етук кишиларнинг аураси юмалоқ шаклда кўринар экан. Бошқалар ҳомийлигида бўлган ёки ўзи бировларни ҳимоя қила оладиган одамлар аураси учбурчак шаклида, экстрасенслар деб аталадиган ўта сезгир кишиларнинг аураси юлдуз шаклида бўлар экан. Ауранинг қандай рангда эканлиги ҳам катта аҳамиятга эга. Ауранинг кўк (ҳаворанг) бўлиши соғлиқ белгиси, тўқ сариқ рангли аура кишининг дилкаш ва кўнгли очиқ эканлиги, оч қизил самимийлик ва жисмонан бақувватлик, тўқ қизил ранг манманлик ва очкўзлик, оч сариқ ақллилик, оч яшил ранг яшовчанлик ва соғломлик, оч кулранг саломатликнинг яхши эмаслиги аломатларидир.

Яна ўқинг:  Меҳнатга муносиб рағбат

ХАВФЛИ ЗАРАР ЕТКАЗУВЧИ “ҚУРОЛ”

1968 йили Украина Фанлар Академиясининг биофизик олими ­Б.Кажинский “Биологик радиоалоқа” номли китобини нашр эттиради. У ўзининг кузатишлари асосида шуни таъкидлайдики, миянинг биорадиацияли нурланишидан иборат бўлган қандайдир “кўз нурлари” мавжуд. Унинг тахминича бундай муҳофазани электромагнит ўтказгичлар вазифасини мия билан бевосита боғлиқ бўлган кўз тўрпардаси “таёқча”лари амалга оширади. Уларнинг ёрдамида миянинг фикрий қуввати тўпланиши ва тор йўналишда нурланиши мумкин. Шунинг учун биоқувватчи олимлар фикрига кўра, кўз қараши – нигоҳ кишига жуда хавфли зарар етказувчи “қуролдир”.

Хулоса қилиб айтганда, эзгулик ва ёмонлик ҳамиша ер юзида мавжуд бўлиб келган. Бироқ, эзгу ният билан яшаган инсонлар ҳаёт гултожлари саналганлар, гўзал фазилатлари билан жамиятни чароғон этганлар. Ва, энг муҳими, бу ўзи учун ҳам, охирати учун ҳам фойда бўлган. Ёмон хулқли одамлар ҳам ўз навбатида, юзи шувут бўлиб, ўз қилмишлари учун жавоб бериб келган.

Билмаймиз, бизнинг бошимиздан қандай тўлқинли аура таралмоқда. Аммо ўзимизни ҳақ санашдан олдин бир ўйлаб кўрайлик-чи, одамлар биздан ўзларини олиб қочаяптими ё яқинлашаяптими? Ана шунда яхши ёки ёмон эканлигимизни билиб олаверамиз.

Эътибор НОРБЎТАЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: