Устоз ибрати касб камолотидир

Чилонзор туманидаги 2-тери-таносил касалликлари диспансери бош шифокори, олий тоифали шифокор Дилбархон Муҳитдинова қарийб 15 йилдирки, эл саломатлигига посбонлик қилиб келмоқда. Д.Муҳитдинова пойтахтимиздаги 19-ўрта умумтаълим мактабини имтиёзли тамомлаб, 1991-йилда 1-Давлат тиббиёт институтининг (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси) даволаш факультетига ўқишга қабул қилинди.

Олий ўқув юртини муваффақиятли тамомлагач, “Тери ва таносил касалликлари” кафедрасида клиник ординатурани ўтади. Сўнгра, у ўзининг шифокорлик фаолиятини пойтахтимизнинг Олмазор (собиқ С.Раҳимов) туманидаги 4-тери-таносил касалликлари диспансерида шифокор-дерматолог сифатида бошлади. Мазкур диспансерда хизмат қилиш ёш шифокорга олий тиббиёт даргоҳи ҳамда клиник ординатурада олган назарий билимларини амалиёт билан боғлаш имконини берди.

Дилбар опанинг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб бораётган самарали фаолияти эътиборга олиниб, уни Чилонзор тумани 2-тери-таносил касалликлари диспансери бош шифокори ўринбосари лавозимига тайинланди. Унинг ўз соҳасини пухта билиши, хушмуомалалиги уни тез орада мазкур диспансернинг бош шифокори лавозимига тайинланишида муҳим омил бўлди. У қаерда, қайси лавозимда ишламасин, олий ўқув даргоҳида унга таълим берган устозларининг ўгитларини доимо ёдда тутди.

– Мен ўзимнинг биринчи устозим, тиббиёт фанлари доктори, профессор, малакали шифокор Радик Капкаевни чуқур ҳурмат билан ёдга оламан, – дейди Д.Муҳитдинова. – Устозим менга ҳар бир беморга алоҳида ёндашиш лозимлигини, айниқса, беморнинг касаллиги тури ҳақида зинҳор ўзга кишига маълумот бермаслик, бемор билан ўта сабрли ҳамда хушмуомала бўлиш кераклигини уқтирар эди. Шифокорлик фаолиятимда ана шу маслаҳат ва ўгитларга амал қилиб кам бўлмадим.

Дунёда шундай одамлар бўладики, уларнинг қалби эзгулик нури билан йўғрилган. Шу боис улар кечани кеча, кундузни-кундуз демасдан тер тўкишади, ўзларининг ҳаловатларидан кечиб бўлса-да фидойилик кўрсатишади. Ана шу фидойиликдан улар ҳам маънан, ҳам руҳан озуқа оладилар.

Бир сўз билан айтганда олий тоифали шифокор Д.Муҳитдинованинг эл саломатлиги йўлидаги фидокорона меҳнатлари таҳсинга лойиқ.

Шавкат ЁҚУБОВ

Яна ўқинг:  Ажойиб қуритгич

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: