Аёлнинг пинҳона кучи

Аёл. Бир қарашда уни дунёнинг зебу зийнати олтину олмосларига ошиқ деб ўйласангиз яна бир кузатувингизда уни тамомила бошқача ҳолатда кашф этасиз… Чиндан у шундай хилқатки, унинг ақлу фаросати, донолиги-ю режалилиги cизни-да беихтиёр асир айлайди.

Бир неча йиллардан буён Ўзбекистон телерадиоканалида “Аёл бахти” кўрсатувини тайёрлаб келяпмиз. Жараёнда турли соҳа, турфа ёшу миллат хотин-қизлари билан ҳамфикр, ҳамсуҳбат бўлиб, уларнинг кўнгил оламларига саёҳат қиламиз. Кўрсатувимиз қаҳрамонларининг ана шу даражага эришгунларига қадар босиб ўтилган йўллари, қийинчилигу муаммолар, қувончу омадлари борасида имкон қадар, мўъжазгина қилиб томошабинга ҳикоя қиламиз. Ана шундай оташқалб аёлларни излаб, хизмат сафари билан Фарғонага йўл олдик. Йўлда бизга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Алимова ҳамроҳлик қилди.

Сўлим Фарғонанинг Тошлоқ, Ёзёвон туманларидаги кўплаб хотин-қизлар билан учращдик. “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси, фермер Зебихон опа ҳамда мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан “Шуҳрат “ медали билан тақдирланган Раъно опа хақида очерклар тайёрладик. Аммо, бизнинг диққатимизни ҳамроҳимиз – Мавлуда опанинг тиниб-тинчимаслиги, жонкуярлиги, ҳар дақиқадан унумли фойдаланиб, халқ дардига малҳам бўлишлари тортди.

Бир кунлик сафаримиз давомида Мавлуда опа фермерлар, талабалар билан учрашув ўтказганидан ташқари, Ёзёвоннинг олис қишлоғидаги катта кўприкнинг таъмирланиш жараёнлари, кекса отахонлар билан дардлашиш, фарзанди хасталикка учраган бир неча хонадон соҳиблари билан учрашиб, уларни йўқлашга ҳам улгурди. Ҳаттоки, тушлик пайтида Мавлуда опанинг келганини эшитган онахону отахонларнинг опага келиб, дарду қувончларини меҳр билан айтишларини кузатиб, рости уларга ҳавасимиз келди ва ҳайратландик. Чарчаш, нолиш аломатларини ҳам сезмадик. Ва беихтиёр “Қаердан шунча кучни оласиз, бироз дам олмайсизми?” деганимизда улар водий аёлларига хос назокат билан “Ишонаверинг, кимнингдир дардига малҳам бўлиш менга куч бағишлайди. Мени ҳеч ким йўқламаган кун – қувватсиз бўлиб қоламан. Асли касбим болалар шифокори. Шифокор бўлиб ишлаётган кезларимда ана шу хонадонларнинг ҳаммасига бирма-бир кириб чиққанман. Бу инсонларнинг барчаси бирдай қадрдон менга,” дея жавоб берди. Қизиғи, тадбиркор, ишбилармон дугоналарини ҳам ана шундай саховатли ишларга жалб этган лавҳамиз қаҳрамонимиз йўл-йўлакай ҳомийлик ташкилотлари, тадбиркорлар ҳадя этган совғаларни эҳтиёжманд инсонларга улашишга ҳам улгурди. Сафар сўнггида “Билсангиз, халқ билан мана шундай учрашувлар уюштириш орқали кимгадир оз бўлса-да ёрдамим теккани мени яшнатади, ёшартиради, ҳаётдан кимгадир керак бўлганимдан завқланиб яшашга даъват этади. Хотиржам ҳис этаман ўзимни. Бир донишманд “Ҳақиқий бахт – хотиржамликда” деган экан. Демак, мен жуда бахтли аёлман.” деганида рости қалбимиз энтикиб кетди.

Яна ўқинг:  ПОЙАБЗАЛНИНГ АФЗАЛИ

Бу каби кишиларнинг ҳаёт ва ижод йўллари, балки ҳамроҳимизнинг-да, саховатли-ю савоб ишларидан таъсирланиб, азим Тошкентга қайтар эканмиз, бизда ҳам яратувчанлик, бунёдкорлик ҳисси жўш урди. Ҳуру озод, обод ва гўзал юрт учун ҳар биримиз худди ана шундай меҳнат қилишимиз, халқ корига яраб, ҳар ишда камарбаста бўлишимиз кераклигини ҳис этдик.

Нозима ВОҲИДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: