Муолажаси меҳрига пайванд

Мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жаҳон тиббиётининг илғор тажрибаларидан келиб чиқиб, юртимизда олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш тизими жорий этилиши соғлиқни сақлаш тизимини малакали мутахассислар билан таъминлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил декабрь ойидаги “Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, яъни тиббиёт муассасаларининг кадрларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, олий ҳамширалик иши, ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Шунга кўра ҳамширалар, ўз малакаларини ошириб, тиббиёт янгиликлари ва замонавий тиббий технологиялардан доимий хабардор бўлиб борадилар.

Янги инновацион технологиялар – замон талаби

Бугунги кунда бу йўналишда Республика ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази муҳим ўрин тутмоқда. Бу ерда ходимлар маҳоратини такомиллаштириш, уларни ихтисослаштириш ва замонавий – тиббий технологиялар имкониятидан кенг фойдаланиш тамойилларини жорий этиш юзасидан изчил иш олиб борилаётир.

Давр талабига мос равишда ҳозирги кунда ҳамширалар янги модул тизимида ўқитилмоқда. Малака оширишга келган ҳамшира янги фанлар асосида таълим олади. Масалан марказда Ўзбекистон тарихи, маънавият ва маърифат асослари, компьютер технологиялари, соғлом турмуш тарзи, биология фанлари мавжуд. Чунки, ҳар бир ҳамшира бирор хонадонга кириб борганида, бемор қандай аҳволда бўлишидан қатъий назар унга малакали тиббий хизмат кўрсата олиши керак. Бундан ташқари фармацевт ҳамширалар лотин тилини яхши ўзлаштириши учун бу тилни ўқитиш йўлга қўйилган. Ҳамширалар ўз фаолияти даврида ишларини таҳлил қила олиши инобатга олинган ҳолда статистика фани ташкил этилган. “Инфекцион назорат” дарсида ҳамшираларга инфекциялар юқишининг олдини олиш чоралари ўргатилади. Ҳозирда замон талабига асосан ҳар бир ҳамшира инглиз тилини ҳам ўрганиши лозимлиги янгилик сифатида киритилган. Бу тилни ўрганиш 2014-йилдан бошлаб модул тизими асосида олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда ҳамширалар шифокор келгунига қадар беморга тўғри ташҳис қўя олиши ҳам замон талабидир. Беморнинг ранги, унинг умумий аҳволи ва шу каби бошқа белгиларига қараб, унинг қандай дардга чалинганлиги хусусида ташхис қўя олиши муҳим саналади.

Яна ўқинг:  МАРДЛАР ЭЛДА АЗИЗ

Ҳамширанинг маданияти ва малакаси – беморга куч бағишлайди

Ҳамширанинг фаолиятида унинг муомала маданияти катта ўрин тутади. Шифокор кўригидан сўнг бемор билан ҳамшира кўпроқ мулоқотда бўлади. Хушфеъл ҳамшира билан мулоқотда бўлган ҳар бир дардманд инсон ўзининг тузалишига ишонч ҳосил қилади. Ширинсўзлик, мулойимлик нафақат беморларга балки ҳар бир инсонга хуш кайфият бағишлайди. Шундай экан ўзининг юксак маданияти билан намуна бўладиган ҳамшираларимиз қанча кўп бўлса, беморлар шифохонада узоқ даволанмайди. Аввало ҳар бир инсон ўзининг кимлигини англаши муҳим. Ҳамшираларнинг маънавиятини юксалтириш учун улар фаолият юритаётган муассаса раҳбарлари нафақат маънавий ва маърифий тадбирлар уюштиришлари, балки уларни она Ватан тарихини билишлари учун тарихий қадамжоларга саёҳатларга боришларини таъминлашлари лозим.

Профилактик чора-тадбирлар аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишда муҳим омил

– Аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш йўналишида ҳудудий-оилавий поликлиника, тиббиёт муассасалари, ҚВПлар, мактабгача таълим муассасалари, мактаблардан келган ҳамширалар таҳсил олишади – дейди, Республика Ўрта тиббиёт ва доришунос ходимлар малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Лолахон Мусажонова. – Агарда профилактика ишлари яхши йўлга қўйилса, беморлар стационар давога муҳтожлик сезмайди. Масалан, профилактик эмлаш сабабли ҳозир Ўзбекистонда полимиелит(шол) касаллиги учрамаяпти. Бу аҳоли ўртасида ҳамширалар томонидан олиб борилаётган самарали профилактик чора-тадбирларнинг ижобий натижаси ҳисобланади. Ҳозирда ҳукуматимиз томонидан тиббиёт соҳасини бирламчи бўғини ҚВП ва оилавий поликлиникаларни тубдан ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда юртимиз тиббиёт муассасаларида уч юз минг нафардан зиёд ҳамширалар фаолият юритмоқда. Улар соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, шошилинч тиббий ёрдам ва бошқа ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказлари ҳамда муассасаларда замонавий тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиб, иш юритишмоқда.

Ҳозирда марказда ҳамширалар ўз малакасини ошириб, аҳоли ўртасида оналар ва болалар ўлимининг олдини олишга катта эътибор қаратмоқдалар. ҚВП ларда ҳам фуқароларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, шаҳардаги шароитдан қолишмаслигига учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Демак, ҳукуматимиз томонидан она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга, репродуктив саломатликни асраш, шунингдек, аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда, – дейди Л. Мусажонова.

Shu o‘rinda

Юртимизда 2015 йилда 141 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун қарийб 500 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Яна ўқинг:  CОБИТҚАДАМ ҲАМКОРЛИК дўстона алоқаларни мустаҳкамлайди

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: