Бола томоғини люголь билан артиш мумкинми?
Фарзанди шамоллаб, томоғи қизариб оғриганда кўпчилик ота-оналар дастлабки ёрдам сифатида люголь эритмасига мурожаат қилади. Совет тиббиёти даврида кенг тарқалган бу антисептик ҳозир ҳам айрим уйлардаги дори қутиларида учрайди. Аммо замонавий педиатрия люголни болаларга қўллаш бўйича эҳтиёткорликни тавсия қилади. Бунинг сабаблари билан ушбу мақолада танишишингиз мумкин.
Люголь нима ва қандай ишлайди?
Люголь – таркибида ёд бўлган антисептик эритма. У бактериялар ва айрим вирусларга қарши фаол ишлайди, шиллиқ қаватдаги яллиғланишни камайтиради. Шу вақтгача мазкур эритма асосан бўғиздаги микробларни йўқотиш, яллиғланишни камайтириш ва томоқни «дезинфекция» қилиш учун ишлатилган. Илгари у поликлиникаларда жуда кўп қўлланган, шунинг учун аксар одамлар мазкур эритмани энг ишончли восита деб билади.
«Люголь таркибида йод ва калий йодид бўлади, мазкур моддаларнинг бирикмаси микробларни йўқ қилади. Йод микроблар билан бевосита реакцияга киришганда, уларнинг ҳужайра деворини емириб, «куйдириб» юборади. Шу боис люголь бактериялар ва айрим вирусларга қарши яхши ишлайди. Умумий таснифлаб айтганда, люголь шиллиқ қаватга суртилганда ёки пуркалганда микробларни йўқ қилади, яллиғланишни камайтиради ва оғриқни бироз енгиллаштиради. Шу сабабли авваллари томоқ оғриганда шифокорлар болаларнинг томоғини ушбу восита билан артишарди», дейди педиатр, неонатолог Комила Муталова.
Кичкинтойларга нега тавсия этилмайди?
Ҳозирги тиббиётда касалликларни даволаш учун танлов жуда катта: турли антисептик, спрей, таблетка ва табиий воситалар бор. Шифокорнинг таъкидлашича, люголь кучли йодли антисептик бўлиб, ҳамма болага бирдек мос келмайди.
Биринчидан, йод организмда тез сўрилади: люголь томоқдаги шиллиқ қатламга суртилганда ёки пуркалганда, ундаги йоднинг бир қисми тери ва шиллиқ қатлам орқали тана ичига ўтиб кетиши мумкин. Организмга кирган йод қон орқали тарқалиб, энг аввало, қалқонсимон без (тироид) фаолиятига таъсир қилади. Қалқонсимон без эса организмнинг асосий «метаболизм бошқарувчиси» бўлиб, унинг гормонлари бутун тана ишлашини назорат қилади. Йоднинг кўп миқдорда организмга кириши натижасида гормонлар баланси бузилиши, яъни без ортиқча ишлаши ёки аксинча сусайиб қолиши мумкин. Болаларда бу ҳолат ўсиш, вазн, қувват ва руҳиятга таъсир қилиши эҳтимоли бор.
Иккинчидан, болада йодга аллергия бўлиши мумкин. Боланинг танаси йодга сезгир бўлса, қуйидаги белгилар пайдо бўлади: терида қизариш ёки тошма, қичишиш, юз ёки томоқ шишиши, нафас олиш қийинлашиши, баъзан кўз, лабларнинг шишиши. Бундай белгилардан бири пайдо бўлса, люгол ишлатишни тўхтатиб, шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Учинчидан, люгол кучли эритма бўлгани учун шиллиқ қаватни тирнаши ёки «куйдириб» юбориши эҳтимоли мавжуд. Томоқ жуда нозик, рефлекслари кучли бўлган, яъни организми ташқи таъсирга тез жавоб берадиган болаларда (масалан, кичик ёшдаги чақалоқларда) бу қусиш, балғам кўпайиши ёки оғриқни кучайтириши мумкин.
«Ушбу жиҳатларни инобатга олиб, болалар томоғини люголь билан артиш тавсия қилинмайди. Айниқса, 5 ёшгача бўлган болаларга ота-оналар ўзбошимчалик билан люголь суртмасликлари керак: мазкур ёшдаги чақалоқ ва кичик болаларнинг қалқонсимон бези ҳамда организми жуда сезгир бўлади», дейди Комила Муталова.
Шишни даволамайди
Мазкур эритма томоқдаги микробларни бироз камайтириши ва оғриқни енгиллаштириши мумкин. Бироқ томоқ оғриғи стрептококк ангина, яъни йирингли, бактерияли ангина бўлса, люголь касалликни тўлиқ даволай олмайди. Чунки бу бактериялар фақатгина томоқ юзасида эмас, томоқ безлари ичида чуқур жойлашади. Люголь эса фақат ташқи юзага таъсир қилади. Бактериялар ичкарида қолиб кетади ва кўпайишда давом этади.
Муқобил, хавфсиз ечимлар
Томоғи оғриган болага қуйидагилар кўпроқ тавсия этилади:
– илиқ, туз аралаштирилган сув билан чайиш (6+ ёшдан, ютиб юбормаслиги шарти билан);
– илиқ ичимликлар: асал-лимонли сув (1 ёшдан катта болага) ичиш;
– дорихона спрейлари (болаларга мос, йодсиз антисептиклар)дан фойдаланиш;
– шифокор тавсиясига кўра, пробиотик пастилкалар, антисептик эритмалар қабул қилиш.
Агар болада томоқ оғриғи узоқ давом этса, юқори иситма тушмаса, ютиш қийинлашса, бўйнидаги лимфа тугунлари катталашса ва томоқда оқ-йирингли доғлар пайдо бўлса, бу оддий шамоллаш эмаслиги эҳтимоли катта. Бундай белгилар стрептококк ангинага хос бўлиб, у ҳолда фақат уй шароитидаги воситалар ёрдам бермайди. Касалликни тўғри аниқлаш ва асоратларнинг олдини олиш учун болани педиатрга кўрсатиш керак. Шифокор таҳлил ўтказади ва керакли муолажаларни буюради, чунки бу ҳолатда организмга бактерияга қарши кучли даво зарур бўлади. Эрта мурожаат қилиш боланинг тезроқ тузалиши ва келажакда юрак ёки буйрак билан боғлиқ муаммолар келиб чиқишининг олдини олишга ёрдам беради.
Диёрахон НАБИЖОНОВА








