Бюджет маблағлари – қатъий назорат остида
Бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, аҳоли ҳаёт даражаси ва фаровонлигини янада яхшилашда катта аҳамиятга эгадир.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлигининг ҳамкорликдаги ишлари дастурига асосан бюджет ташкилотларининг бюджет интизомига риоя этишига оид назорат-таҳлил тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги юқорида қайд этилган дастур ижросини таъминлаш мақсадида 2013 йилнинг тўртинчи чорагида республика ва маҳаллий бюджет томонидан молиялаштириладиган ўн тўққизта ташкилотда режали текширув ўтказди.
Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилган текширув чоғида мижозларга имтиёзли тиббий хизмат кўрсатиш учун ажратилган бюджет маблағларидан фойдаланиш, пулли тиббий хизматлар тарифларини қўллаш, овқатланиш учун тасдиқланган ҳисоб-китобга риоя этиш, иш ҳақи тўлаш ва бошқа ҳолатлар юзасидан молиявий ҳуқуқбузарликлар аниқланди.
Хўжалик ҳисоби асосида ташкил этилган 20 ўринга мўлжалланган “Эндокринология” ва 16 ўринга мўлжалланган “Нейрохирургия” бўлимлари таъминоти учун 246,5 миллион сўмлик бюджет маблағлари ортиқча сарфланган.
Беморларни озиқ-овқат билан таъминлаш корхонаси тузилган шартнома ва тасдиқланган ҳисоб-китоб шартларини бузган ҳолда беморларга 155,6 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари кам берган, озиқ-овқат маҳсулотларини қиммат нархда сотиб олиш оқибатида 22,3 миллион сўмлик бюджет маблағи ортиқча сарфланган.
Бундан ташқари, беморларни бошқа фуқаролар номига расмийлаштирилган имтиёзли ордерлар бўйича даволаш ҳолатларига ҳам йўл қўйилган.
Жиззах вилоятида маҳаллий бюджет ижросини таъминлаш бўйича ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари қиймати 159,5 миллион сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар қўшимча ҳисобланганини кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги фармонининг ўзини ўзи маблағ билан таъминлашга ўтиш қисмида белгиланган талаблар Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан тўлиқ бажарилмаган.
Пулли тиббий хизматлар кўрсатиш зарур бўлган ҳолларда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бюджет маблағлари ҳисобидан 674,6 миллион сўмлик, офтальмология шифохонасида 434,4 миллион сўмлик, Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмасида 1166,5 миллион сўмлик тиббий хизматлар кўрсатилган.
Текширув ўтказилган бешта касб-ҳунар коллежида штат бирликларини асоссиз равишда кўпайтириш эвазига қиймати 275,9 миллион сўмлик бюджет маблағлари ортиқча сарфланган.
Шу билан бирга, таътил ва мукофот пулининг нотўғри тўланиши оқибатида бюджетга 76,7 миллион сўм зарар етказилган.
Хусусан, Бахмал туманидаги Компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш ва уларга мукофот пулини тўлашда 58,2 миллион сўм ноқонуний сарфланган. Шундан коллежнинг ўн нафар ўқитувчиси номига ёзилган 4,6 миллион сўмни коллеж директори А.Хонимқулов шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Шунингдек, ўқитувчиларга ўтилмаган дарс соатлари учун иш ҳақи ёзилиши, ўқитувчиларнинг малака тоифаси нотўғри ҳисобланиши ва бошқа қонунбузарликлар оқибатида 111,1 миллион сўмлик бюджет маблағлари ортиқча сарфланишига йўл қўйилган.
Пудрат ташкилоти Жиззах тумани ободонлаштириш бошқармаси таркибига кирадиган “Учтепа”, “Оқтош” ва “Ҳазрати Билол” қабристонларини капитал таъмирлашда бажарилган ишлар ҳажмини 21,6 миллион сўмга ошириб кўрсатган.
Дўстлик тумани ободонлаштириш бошқармаси фаолиятида жами қиймати 61,2 миллион сўмлик ноқонуний харажатлар амалга оширилгани, бажарилган ишлар ҳажми ошириб кўрсатилгани, хўжаликлараро ички йўлларни жорий таъмирлашда ишлар сифатсиз бажарилгани аниқланди.
Давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар маблағлари ҳисобидан ижтимоий объектлар қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари ҳажми 85,6 миллион сўмга оширилгани ва сифатсиз бажарилгани аниқланди.
Бундан ташқари, умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини таъмирлаш, уларни сақлаш ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш учун ажратилган маблағларни сарфлашда иш ҳажми ошириб кўрсатилган ҳамда сарф-харажатлар асоссиз равишда 973,6 миллион сўмга оширилган.
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган тадбирлар бўйича ўтказилган назорат-таҳлил ишлари жараёнида бажарилган ишлар ҳажми 26,3 миллион сўмга оширилгани аниқланди. Бундан ташқари, “Учтепамахсуссувтаъмир” шўъба корхонаси ҳисобига бажарилмаган таъмирлаш-қайта тиклаш ишлари учун 41 миллион сўм асоссиз ўтказилган.
Шу билан бирга Жиззах вилоятида Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши давлат дастурини бажаришда ҳам қатор ҳуқуқбузарлик ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди. Қиймати 1,9 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари ўз вақтида бажарилмаган, 8 туманнинг 9 массивида давлат комиссиялари томонидан фойдаланиш учун қабул қилиб олинган уй-жойларда 19 пудратчи ташкилот 1,2 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишларини бажармаган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳамда унинг таркибий бўлимларида ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари натижасида 2012 йилги геология-қидирув ишлари дастури доирасида ажратилган маблағлардан давлат бюджетига фойдаланилмаган 259,7 миллион сўм қайтарилди.
Геология-қидирув ишлари дастурида белгиланган вазифалар ижроси учун импорт техникани етказиб бериш бўйича шартнома мажбуриятларининг ўз вақтида бажарилмагани, шунингдек, дастурда кўзда тутилмаган эҳтиёт қисмлар харид қилингани оқибатида 1,4 миллиард сўм ортиқча сарфланган.
Геология-қидирув ишлари дастурига киритилган объектларда бажарилган ишлар ҳажмини текшириш чоғида “Комплекс геология-суратга олиш қидирув экспедицияси” давлат корхонасида ушбу ишлар ҳажми 92,1 миллион сўм, “Қорақалпоғистон геология-суратга олиш қидирув экспедицияси” давлат корхонасида 759,2 миллион сўм, “Шарқий Ўзбекистон геология-суратга олиш қидирув экспедицияси” давлат корхонасида 66,2 миллион сўм, “Жанубий Ўзбекистон геология-суратга олиш қидирув экспедицияси” давлат корхонасида 33,9 миллион сўмга ошириб кўрсатилгани аниқланди.
Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги томонидан ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари якунлари бўйича материаллар аниқланган молиявий ҳуқуқбузарлик ва камчиликлар таҳлили билан бирга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.
Бюджет интизомига риоя этиш ва бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий, спорт ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Бюджет ташкилотлари раҳбарлари ва молия органлари ходимлари бюджет, демак, халқ маблағларидан самарали, мақсадли ва манзилли фойдаланиш учун масъулдир.
Шунингдек, халқ маблағларига нисбатан ҳар қандай ноқонуний ҳолат учун қонунга мувофиқ қатъий жавоб беришга тўғри келишини ҳам эсдан чиқармаслиги даркор.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг назорат-тафтиш Бош бошқармаси