Қирқ ёшдан кейин нега суяк емирилиши кучаяди?
Ёш ўтиши билан инсон суяклари мўртлашиб бораверади. Аксарият отахону онахонларимиз бел, оёқ, умуртқа, бўғим оғриқларидан тез-тез шикоят қилишининг сабаби шунда. Буни тиббиётда остеопороз деб атаймиз.
Чунки одам 30 ёшга киргунича суяклари турли туз ва микроэлементлар билан тўйиниб, мустаҳкамланади. Бироқ бу маррадан сўнг организмда қон айланиш тизими издан чиқиши ва бошқа сабаблар туфайли суяк ҳажми камая бошлайди, бу эса остеопорозга олиб келади.
40 ёшдан кейин суякнинг юпқалашиши, яъни мўртлашиши кучаяди. Мазкур жараён танада калъций ионларининг суякларга яхши сингмаслиги оқибатида юз беради. Ушбу омил суяклар зичлиги камайишига олиб келади.
Бунинг турли сабаблари бор. Аввало, кальций моддасини емирувчи тўқималар фаолияти кучайиб, қурувчи тўқималар кальций ионларини етказиб беришга улгурмайди. Иккинчидан, қурувчи тўқималар фаолияти сусайиши мумкин. Учинчидан, ҳар икки тўқима фаолияти бир вақтда бузилиши мумкин.
Остеопороз аёллар ўртасида эркакларга нисбатан тўрт марта кўпроқ учраши илмий тадқиқотлар давомида исботланган. Уларда 50 ёшдан сўнг суяклар юмшаши кескин жадаллашади.
Айниқса, олтмиш беш ёшдан ошган опаларимизда бу патологияга тез-тез дуч келамиз. Шунингдек, касалликка ўта озғинлик, эндокрин бузилишлар, менопауза(климакс)нинг барвақт бошланиши, узоқ вақт дори-дармонлар қабул қилиш сингари ҳолатлар, гормонал ўзгаришлар ҳам сабаб бўлади.
Узоқ йиллик тажрибадан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бу дарддан, биринчи навбатда, умуртқа поғонаси суяклари азият чекади. Яъни уларнинг зичлиги камайиб, баъзан синиши кузатилади.
Хасталикнинг оғир асоратларидан бири – сон суяги бўйнининг синиши. Оқибатда бемор тўшакка михланиб қолади. Камҳаракатлик остеопорзни янада кучайтириб, ногиронликка олиб бориши мумкин.
Ваҳоланки, замонавий тиббиёт хасталикни эрта босқичда аниқлаш имконини бермоқда. Энг самарали диагностика усули сифатида суяк денситометриясини келтириш мумкин. Эллик ёшдан кейин ҳар бир инсон йилига суяк зичлигини ўлчовчи ушбу текширувдан ўтиб туриши мақсадга мувофиқ.
Ҳозир Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида мазкур касаллик энг илғор технологиялар орқали аниқланиб, самарали даволанмоқда.
Хасталикнинг олдини олиш учун эса тўғри овқатланиш муҳим. Пишлоқ, сут, қатиқ, сариёғ, кунжут, балиқ, турли кўкат ва мевалар каби кальций, калий, Д витаминига бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш, ўз навбатида, жисмоний фаол ҳаёт тарзи инсонларни кексаликда турли оғир дард ва уларнинг асоратларидан асрайди.
Мурод ИРИСМЕТОВ,
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия
илмий-амалий тиббиёт маркази директори