Ошқозон яраси хуруж қилганда қандай тавсияларга амал қилиш лозим?

Сўнгги вақтларда ошқозон яраси хасталиги тез-тез учрамоқда. Хўш, бунинг сабаби нима? Айтиш лозимки, ошқозон яраси асосан 20-40 ёш атрофидаги инсонларда учрайди. Аммо кейинги пайтларда ушбу хасталикка мактаб ёшидаги ўғил-қизлар ҳам кўп чалиняпти.

Касалликнинг келиб чиқишига, аввало, тартибсиз ва носоғлом овқатланиш сабаб бўлади. Яъни ўз вақтида таомланмаслик, шиллиқ қаватга салбий таъсир этувчи ҳамда ошқозон шираси ишлаб чиқарилишини кучайтирувчи аччиқ, дудланган, хамирли таомлар ейиш ушбу касалликни юзага келтиради.
Шу билан бирга, қуруқ, жуда иссиқ ёки ўта совуқ егуликларни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш, бўёқли ва газли ҳамда қаҳва каби ичимликларни меъёридан ортиқ ичиш туфайли ҳам ошқозон яраси пайдо бўлади.
Қолаверса, ирсий мойиллик, Helicobacter pylori инфекцияси, таомларни яхши чайнаб емаслик, айрим дори воситаларини назоратсиз ва узоқ муддат қабул қилиш, асабийлашиш, стресс, чекиш, спиртли ичимликлар ичиш ва туғма нуқсонлар ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин.


Ошқозон яраси бор беморлар, асосан, тўш ости соҳасида оғриқ сезадилар. Оғриқ овқат егандан кейин ярим ва бир соатлар ўтгач бош­ланади. Ўн икки бармоқ ичак ярасида эса оғриқ асосан наҳорда бўлиб, озгина таом егандан кейин ўтиб кетади.


Касаллик ўз вақтида даволанмаса, сурункали тусга ўтиб, баҳор ва куз ойларида янада зўраяди. Бу даврда бемор иш қобилияти сусайиб, иштаҳаси пасаяди, ҳолсизланади. Агар даво чоралари кўрилмаса, касаллик оғирлашиши ва хавфли асоратлар (яра тешилиши ва қонаши) рўй беради.
Яра тешилганда қориннинг ўрта қисмида кучли оғриқ бўлади. Яра қонаганда бемор баданини муздек тер қоплаб, қон аралаш қайт қилади. Шу билан бирга, қорамтир рангда ич кетиб, камқонлик келиб чиқади. Ҳар икки ҳолатда ҳам шифокорга мурожаат қилишни кечиктирмаслик зарур.
Хасталик хуружининг олдини олиш учун ошқозон шиллиқ пардасига салбий таъсир этувчи аччиқ, шўр ва ёғли таомларни чеклаш лозим. Шунингдек, таркибида эфир мойи бўлган турп, редиска, пиёзни истеъмол қилиш мумкин эмас. Нордон мевалар – олхўри, яшил олма, нордон узумни камроқ еган маъқул.

Тез ҳазм бўладиган (буғда пиширилган, қайнатилган, кучли қовурилмаган) енгил таом­ларни оз-оздан, кунига 4-5 маҳал танавул қилиш тавсия этилади.

Феруза ҲАМРАБАЕВА,
тиббиёт фанлари доктори, профессор

Яна ўқинг:  Соғлом ҳаёт тарзи – узоқ умр гарови

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: