СУМАЛАК МЕЪДА-ИЧАК ФАОЛИЯТИНИ ЯХШИЛАЙДИМИ?

Баҳорий тансиқ таом – сумалакни билмайдиганлар диёримизда топилмаса керак. у нафақат таом,  дармон дори ҳамдир.  буни аввалдан табобат илмини билган ота-боболаримиз яхши билишган. улар баҳор ойи келиши билан буғдой кўкартириб,  унинг ширасидан сумалак пиширишган.

Кўп асрлар давомида уни тажрибада синаб, текшириб, шифобахшлигига ишонч ҳосил килинган. Хусусан, қишдан-баҳорга чиқиш – дармонсизлик, илик узилди пайт­га тўғри келади. 

Сумалак баҳорнинг шифобахш таоми бўлиб, у қонимизни тозалаб, жисмимизни тетиклаштириб, куч-қувватимизни оширади. Унда шакар моддаси, оқсил, фойдали жавҳарлар (кислота), дармондорилар мўл.

1936 йилда буғдой ўсимтасини текширган Эмерсон ва Эванс исмли немис олимлари буғдойда токоферол моддаси борлигини аниқлашган ва у женщень таркибида учрайдиган Е витаминининг ўзгинаси эканлигини исботлашган.

Олимларнинг таъкидлашича, сумалак гипертония, гепатит, буйрак хасталикларига яхши даво бўлиб, қон таркибини яхшилаб, меъда-ичак фаолиятини меъёрга келтиради, асабни тинчлантиради, яхши ухлатади.

Замонавий тиббиёт ҳам сумалак таркибида фойдали минераллар кўплиги, инсон танаси қуввати, тиббиёт тили билан айтсак, иммунитетни мустаҳкамлашда беназир эканлигини таъкидлайди.

Сумалак пиширилаётганда кексаю ёш қозон атрофида тўпланишиб,  юртга тинчлик,  элга омонлик,  бахт-саодат, катталарга иймон, кексаларга узоқ умр,   келинларга фарзанд,  ёшларга инсоф, юртга фаровонлик каби яхши тилаклар тилашган. Қўшиқ ва лапарлар айтишиб, турли миллий ўйинлар, қад­риятларимизни намоён этиб, шеъру ҳикоялар ўқишган.

Сумалак сайли аслида миллий удумларимиздан ҳисобланади. Замахшарий,  ибн Сино, ал-Беруний, Навоий каби донишманд боболаримиз томонидан қолдирилган асарлар ва рисолаларда ҳам  сумалак ва унинг фойдали хусусиятлари тўғрисида ёзиб қолдирилган. Ушбу рисолалар устида илмий изланиш олиб борган олимларимиз улар топқирли ва зукколигига, қолдирган илмий манбалар қанча вақт, қанча суронлар ўтмасин, ўз аҳамиятини йўқотмаслигига тан беришган.

Сумалакни тайёрлашда даставвал буғдой тозаланиб, илиқ сувда ювилади. Кейин сирли идишга солиниб, бир кун ивитиб қўйилади. Буғдой сал ниш ургач, тоза фанер ёки плёнка солинган, қуёш нури тушмайдиган жойга ёйилади. Дон ёйилган хона ҳарорати бир хил, яъни иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаслиги лозим. Ҳар куни масаллиқ устига сув сепиб турилади. Икки-уч кундан сўнг буғдой кўм-кўк майса бўлиб бир текис униб чиқади. Майса игна бўйи бўлганда, уни бўлакларга бўлиб кесиб олинади ва гўшт қиймалагичдан ўтказилади. Устидан сув қуйиб, аралаштирилади. Сўнгра ажратиб олинган шарбат докада сузилади. Ҳосил бўлган сутсимон суюқликдан уч марта шарбат олинади. Катта қозонга қиздирилган пахта ёғи устига омухта қилинган суюқлик солиниб, баланд оловда қайнатилади. Кейин иккинчи сузилган шарбат қуйилади. Шу тариқа учинчи шарбат қуйилиб, баланд оловда қайнатилади. Қайнаб чиққанидан сўнг олов бироз пасайтирилади. Сумалак тўқ жигар рангга ва хуш таъмга киргунича қайнайверади. Тайёр бўлганидан сўнг 4-5 соат усти ёпилиб, дамлаб қўйилади ва илиқ ҳолатида идишларга сузилади.

Мана, юртимизда Наврўз шукуҳи. Момоларимиз, оналаримиз буғдой кўкартириб, ундан баҳорий тансиқ таом,  сумалак пиширишяпти.

Қадимдан давом этиб келаётган бу удум бугун ҳам одамларга туганмас хурсандчилик, кайфият ва ғайрат-шижоат бахш этади. Қалбларнинг баҳор янглиғ яшаришига сабаб бўлади.

Шоҳжаҳон ҲАМДАМОВ,

Яна ўқинг:  ТЕЗ, ҚУЛАЙ ВА ЗАРАРЛИ!

Гулистон давлат педагогика

институти талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: