Кимга қанча йод зарур?

Океан ва денгизлардан узоқлик, кескин континентал иқлим шароити халқимиз саломатлигига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Айрим касалликлар борки, улар юртимизда сурункали тус олган. Шулардан баъзилари йод етишмовчилиги сабаб келиб чиқади.


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўткир глобал тиббий-ижтимоий ва демографик муаммо сифатида баҳолаётган ушбу хасталик 130 дан ортиқ мамлакатда учрайди.
Дунё аҳолисининг учдан бир қисмидан кўпроғида унинг ривожланиш хавфи юқори. Шундай ҳудудларда яшовчи 740 миллион нафар кишида йод танқислиги касалликларининг турли кўринишлари мавжуд ва уларнинг 50 миллион нафарида мия дисфункцияси ва ақлий заифлик кузатилиши кишини яна ҳам хавотирга солади. Бу каби ҳолатларнинг асосий «айбдор»и – йод микроэлементидир!
Ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этадиган бу модда инсон организмида қалқонсимон без гормонларининг нормал синтезланиши учун зарур. Етарли даражада йод истеъмол қилмаслик қалқонсимон без функциясининг бузилишига олиб келади.
Минг афсуски, ҳозир юртимизда йод танқислиги билан боғлиқ касалликларга чалиниш хавфи бўлмаган ҳудуднинг ўзи йўқ. Деярли барча аҳоли вакиллари рационида бу микроэлимент танқислиги кузатилади.
Йод шундай моддаки, уни инсон организми ишлаб чиқара олмайди, фақат ташқи муҳит орқали қабул қилиши мумкин.

Йодга бўлган эҳтиёж чақалоқларда кунига 50 микрограмм, 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларда 90 микрограмм, 7 ёшдан 10 ёшгача бўлганлар учун 120 микрограмм, ўсмирлар ва катталарда эса 150 микрограммни ташкил қилади.
Аёлларда ҳомиладорлик ва эмизиклилик даврида йодга бўлган эҳтиёж кунига 200-300 микрограммгача ортиб кетади. Чунки онанинг танаси йодни ҳомила ёки эмизикли бола билан бўлишади.


Танадаги йод миқдорининг доимий камайиб бориши ва қонда қалқонсимон гормонлар концентрациясининг пасайиши натижасида бола миясининг ривожланиши бузилади.
Йод танқислиги сабаб болада оғир клиник касалликлар, яъни эндемик буқоқ, жисмоний ва руҳий жиҳатдан ривожланишдан орқада қолиш, ақлий заифлик пайдо бўлиши кузатилади. Йод етишмовчигидан келиб чиқадиган асоратлар перинатал ва чақалоқлар ўлимига олиб келиши мумкинлигини ҳам унутмаслик керак.
Дунё олимларининг тадқиқотларига кўра, йоднинг нисбатан кичик танқислиги бўлган ҳудудлардаги мактаб ўқувчиларининг 10 фоизга яқинида эндемик буқоқнинг тарқалиш хавфи мавжуд. Бундай жойлардаги аҳолининг IQ даражаси ва бошқа интеллектуал кўрсаткичлари ўртача 10 фоизга камайиши кузатилган.

Йод етишмовчилиги болаларнинг:
– 90 фоизида нутқ ривожланишининг орқада қолиши,
– 80 фоизида эмоционал таъсирчанлик ва агрессия,
– 30 фоизида эътибор сустлиги,
– 20 фоизида ўз тенгдошлари ва катталар билан мулоқотнинг қийинлашуви,
– 10 фоизида ақлий ривожланишнинг орқада қолиши каби салбий ҳолатлар билан намоён бўлади.


Бу таҳлиллар йод етишмовчилигининг нақадар жиддий асоратларга олиб келишини кўрсатиб турибди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан аҳолининг касалликка чалиниш хавфи юқори бўлган гуруҳлари, жумладан, болалар, ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни йод препаратлари билан бепул таъминлаш орқали йод танқислиги касалликларининг самарали профилактикасини таъминлаш бўйича алоҳида вазифалар белгилаб берилди.

Бундан ташқари, доимий мониторинг орқали республика аҳолиси ўртасида йод танқислиги касалликларига чалинишни камайтириш борасидаги қуйидаги чора-тадбирлар муҳим аҳамиятга эга:


– биологик муҳит ва туз таркибидаги йодни аниқлаш бўйича илмий-эпидемиология лабораториясини молиялаштириш;
– илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун мақсадли грантлар ажратиш;
– барча ёш ва хавф гуруҳига кирувчи тоифаларни чуқурроқ таҳлил қилиш;
– йод танқислигини муваффақиятли бартараф этиш учун республикада ишлаб чиқарилаётган, сотилаётган ва истеъмол қилинадиган ош тузини истисносиз 100 фоиз йодлаштиришни таъминлаш;
– ҳудудларда истеъмол қилинадиган йодланган туз ишлаб чиқариш ва сотишни қатъий тартибга солиш ва назорат қилиш;
– «Ўзбекистон Республикасида йод танқислиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Қонунни амалга ошириш бўйича ҳудудий дастурларни яратиш ва амалга ошириш;
– йодланмаган туз ишлаб чиқариш учун жарималарни белгилаш;
– контрабанда ёки техник туз савдо расталарига кириб боришининг олдини олиш;
– Йод танқислиги касалликларининг олдини олиш бўйича мунтазам тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш.


Албатта, бу вазифаларни бажариш учун халқимиз саломатлиги ва тараққиётига ­масъул мутахассислар бир ёқадан бош чиқариб ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши керак.

Яна ўқинг:  Бош айланяптими?

Насиба АЛИМОВА,
тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: