Семизлик аёллар умрини қисқартирадими?

«Семизлик аёлларнинг энг асосий қотили ва унга қарши курашга давлат миқёсида эътибор қаратиш зарур». Британиялик шифокор Селли Девис махсус тадқиқот натижасида чиқарилган ҳисоботда ана шундай, деб огоҳлантирган. Унга кўра, озиқ-овқат саноати устидан назоратни кучайтириш ҳамда одамлар ўзлари ейдиган таом таркибини билишлари шарт.

Шакарнинг ози яхши. Тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар таркибида нафақат ёғлар, балки уларни узоқ сақловчи турли кимёвий моддалар ҳамда шакар миқдори ҳам катта. Ҳаддан ташқари кўп шакар истеъмол қилиш эса ҳар хил касалликларга етак­лайди. Одамлар дўконлардаги қуруқ ё тайёр таомлар ичида қанча шакар ё қандай кимё­вий моддалар борлигини тузук билишмайди. Кўпчилик бунга ҳар доим ҳам эътибор беравермайди. Оқибатда эса…

Ўзбек таомларида шакар кам, аммо ёғ кўп. Семизлик туфайли кўкрак, тухумдон ва бачадон бўйни саратони, қанд ва юрак-қон томир касалликлари кўпаймоқда. Айниқса, аёл ҳомиладор бўлганида, семизлиги боласига ҳам салбий таъсир этади. Хусусан, чақалоқ қанд касаллиги ё ортиқча вазн билан туғилиши мумкин.
Семиз она бачадонида ўсган бола ҳатто бир неча йиллар ўтиб, улғайганидан кейин ҳам қатор касалликларга чалиниши эҳтимоли катта бўлади. Оғироёқ аёллар кўпроқ мева-сабзавот ейиши ва умуман чекмаслиги ҳамда спиртли ичимлик ичмаслиги керак.


Шу ўринда айтиш лозимки, нафақат кўп овқат ейдиган ёшлар, балки семирмаслик ниятида ўта кескин ва нотўғри парҳез қиладиган қизлар ҳам турли касалликларга йўлиқишади. Шу боис ҳозир шифокорлар ҳар иккала ҳолатда ҳам ортиқча ё кам вазнни ўлчаб, керакли чораларни кўришлари зарурлиги айтилмоқда.


Энг қизиғи, шу пайтгача саратон бой давлатлар касаллиги саналган бўлса, ҳозир ривож­ланаётган мамлакатларда ҳам кўп учрамоқда. Бу ўринда, озиқ-овқат сифати ҳам муҳим омил саналади. Чунки ривожланаётган давлатларда ҳам тайёр ва ярим тайёр озиқ-овқатлар истеъмоли ошган. Уларнинг таркибида шакар, арзон ёғ ва кимёвий моддалар кўп. Улар одамларни семиртириши ё турли касалликларга рўбарў қилиши мумкин.

Шу сабабли ҳар бир инсон ортиқча семириш зарарли оқибатларга олиб келишини тушуниши керак. Бел айланасини сантиметр тасмаси билан ўлчаши шарт. Эркакларда 90 см. ва аёлларда 80 см.дан ортиши юрак-қон томир ва қанд­ли диабет касалликлари 3 марта ошиши хавфини туғдиради. Айниқса, бетартиб овқатланишдан эҳтиёт бўлиш лозим.

Яна ўқинг:  Қандли диабетдан қутулишнинг самарали усули маълум қилинди

Семизлик дардига мубтало бўлмай десангиз:


– калорияси чекланган овқат рационини қўлланг;
– таом, оқсил ва витаминлар кўп бўлишига эътибор қаратинг;
– суткалик оқсил-углевод-ёғ балансига эьтиборли бўлинг;
– шифокор назорати остида чегараланган очликка риоя қилинг (кўпчилик семизликка қарши курашнинг осон йўли оч юриш деб хато ўйлашади.Чунки очлик кишининг жигари ва юрак фаолиятига катта зарар етказади. Шунинг учун очлик билан даволашда шифокор билан маслаҳатлашиш керак);
– жисмоний фаолликни кучайиштириш. Эрталабки бадантарбия ва жисмоний меҳнатнинг бирор тури билан шуғулланиб туриш мақсадга мувофиқдир;
– дорилар билан даволашда шифокор тавсияси билан иштаҳани пасайтирувчи ёки тўйишни тезлаштирувчи препаратлардан фойдаланилади.

Муҳими, ўзингизга эътиборли бўлинг, семиришнинг олдини олиш, жисмоний фаолликни ошириш ва овқатланиш тартиб қоидаларига амал қилиш саломатлик гаровидир.

Зарингиз РУСТАМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: